Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Ресспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Имом Мотуридий ва мотуридий алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва киёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш;
Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларимизнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, унинг маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш;
мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларимизнинг калом илмига оид мероси ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг аcл ҳамда электрон нусхаларини тўплаш ва уларни келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқотларни ташкил этиш;
ислом илмлари, хусусан калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуманлар конференция, симпозиум, кўргазма ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;
тадқиқот натижалари юзасидан қомуслар, каталоглар, альбомлар, илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар, ахборот-ресурс базасини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари, хусусан, Интернетда эълон қилишни ташкил қилиш;
ислом тарихи ва калом илми йўналишидаги янги тадқиқотлар натижаларидан илмий жамоатчиликни кенг хабардор этиш;
“жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган асоссиз хуружларнинг олдини олиш, шунингдек, мутаассиблик, экстремизмнинг мақсадлари, ғоявий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият услубларини ўрганиш ва уларга қарши курашнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш учун тавсия этиш.