Гигиена қоидаларига риоя қилиш орқали оилангизни кўпгина касалликлардан ҳимоя қилишингиз ҳамда касалликларни олдини олишингиз мумкин.
Гигиена, касалликларни келтириб чиқарувчи микробларни бартараф этиш орқали, грипп, гепатит ва бошқа ҳар хил юқумли касалликларнинг бир одамдан бошқасига ўтишининг олдини олади.
Қўлларингизни тез-тез ювиб турсангиз, қўлларингиздан оғзингизга тушган микробларни ютиб юбориб, касал бўлишдан сақланишингиз мумкин. Ўзингиз ва болаларингиз қўллари кир бўлганида уларни ювишингиз муҳим аҳамиятга эгадир, айниқса қуйидаги ҳолларда: • Овқат тайёрлашдан олдин. • Овқат ейиш ёки болани овқатлантиришдан олдин. Шуни унутмаслик керак Тозалик оилангизни касалликлардан ҳимоя қилиши мумкин.
Ислом дини ҳам инсонларни поклик ва озодаликка чақиради. Зеро, Аллоҳ таоло ўзи покдир ва покликни яхши кўради. Ҳадиси шарифларда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ таоло пок зот, пок нарсани севади, озода зот озодаликни севади”.
Яна “Пок бўлинглар, зеро, ислом поклик динидир”.
Яна “Поклик кишини имонга чақиради, имон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир”.
Ислом дини ўзининг ҳар-бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади. Масалан: ислом арконларидан бири бўлмиш намозни олиб қарайлик. Намоз ўқиш учун албатта таҳорат қилмоқ, яъни жисмни поклаш керак бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади: “Эй имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўфиқларигача (ювингиз)”.
Ҳаттоки, кийим бош, намоз ўқиладиган жой ҳам пок бўлиши керак. Қуръони каримда “Либосингизни покланг” деб марҳамат қилинади. Исломнинг озодаликка катта аҳамият бериши қуйидаги ишларда ҳам яққол кўзга ташланади. Таҳорат қилишнинг инсон саломатлиги учун жуда ҳам кўп қоидалари бор. Жумладан, кўзни қайта-қайта ювиб туриш трахома касаллигидан сақлар экан. Оғиз-бурунни чайиб туриш эса, гриппдан ва шунга ўхшаш юқумли касалликлардан сақлайди. Тишни тозалаб юришнинг инсон саломатлигига жудда катта фойдаси бор. Тиш ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, ҳар бир намоздан олдин мисвок қилишга (яъни тишни тозалашга) буюрган бўлар эдим”.
Юқоридаги ҳадисдан (мисвок) яъни тиш тозалагич ўша даврдаги арок деган бўтадан ясалган. Олимлар бу нарсани текшириб кўрганда, тиб нуқтаи назаридан бу ўсимлик ўзида кўпгина шифобахш кимёвий моддаларни жамлаганлигига ишонч ҳосил қилдилар. Демак, мисвок турли фойдали ва хушбўй моддалардан иборат бўлган табиий тиш чўткаси десак, адашмаган бўламиз.
Инсон тишини тозалаб турмаса, шу орқали у кўпгина касалликларга гирифтор бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам мусулмончиликда тишни тоза тутишга катта эътибор берилган. Ислом дини инсон баданининг барча тарафларига катта эътибор билан қарашга аҳамият беради.
Инсоннинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламининг пок бўлишига бевосита боғлиқдир. Демак, инсон ҳалқумидан ўтган ҳар бир нарсага жиддий қарамоғи лозим.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Инсоннинг танасида бир парча гўшт бор. Агар ўша гўшт пок бўлса, тананинг қолган қисмлари ҳам покдир. Агар нопок бўлса, қолган қисмлар ҳам нопокдир. У – қалбдур”.