Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг шахсияти ва илмий мероси

Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг шахсияти ва илмий мероси

Маълумки, мустақиллигимиз шарофати билан ўтмишда ўтган алломаларимизнинг маданий мероси, уларнинг ижодини ўрганиш бахтига муяссар бўлдик. Бугунги кунда ўзлигимизни англаш учун ота-боболаримиз маънавий ўгитларини, уларнинг илмий меросини ўрганиш зарурати кучаймоқда. Бу эҳтиёжни қондириш эса тарихни ўрганиш ва чуқур англаш билан бўлиши табиий. Юртимизда машҳур олиму фақиҳлар етишиб чиққан. Уларнинг илмий салоҳияти бутун ислом оламида тан олинган. Уларнинг асарлари эса ҳозирги вақтда ҳам турли йўналишдаги тадқиқотчилар томонидан ўрганилиб борилмоқда. Ўрта асрларда жамиятда фақиҳлар жуда ҳам кўп бўлган. Ҳатто, бир маҳалланинг ўзида бир неча фақиҳлар бўлган. Шунинг учун фақиҳлар ўзлари ҳурмат қиладиган, илмли бўлган кишини ўзларига бош қилиб олишган бўлиб, унинг фикри бўйича иш қилинган. Бундай кишилар турли даврларда турли лақабларда аталиб, уларнинг умумий номи раисдир. Шундай олимлардан бири ҳанафий мазҳабининг буюк мутакаллими ва фақиҳларидан ҳисобланган Шамсул-аимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийдир.

Олим аслида ҳозирги Туркманистоннинг Сарахс ҳудудида (1009 й) туғилган. Ушбу буюк зотнинг бутун мусулмон дунёси тарихида ўзига хос ўрни бўлганлиги сабабли, у зотни ҳурматлаб “шамсул-аимма” – “имомлар қуёши” дея таъриф берилган. Аллома Бухорода таҳсил олган ва шу ерда дарс берган. Асарларини Ўзгандда ёзиб, Марғилонда илмий фаолият олиб борган. Шамсул-аимма Сарахсий Қорахонийлар даврининг энг кўзга кўринган фақиҳларидан биридир. Сарахсий Бухорода Шамсул-аимма Ҳалвоний (ваф. 448/1057)дан, Шайхул-ислом Али Суғдий (ваф. 461/1069) ва Абу Ҳафс Умар ибн Мансур Баззоздан илм ўрганган. У буюк олим Ҳалвонийдан сўнг “шамсул-аимма” (имомларнинг қуёши) унвонига лойиқ кўрилиб, устозининг ишини давом эттиради. Баъзи тадқиқотчилар уни масалалар бўйича мужтаҳид даражасида деб ҳисоблашади.

Ўзи эса Бурҳонийлар сулоласининг асосчиси Бурҳонул-аимма Абдулазиз ибн Умар ибн Мозза, машҳур олим Қозихоннинг бобоси Маҳмуд ибн Абдулазиз Ўзгандий, Рукнуддин Масъуд ибн Ҳасан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳасирий, Абу Амр Усмон ибн Али ибн Муҳаммад Пойкандий, машҳур олим Бурҳониддин Марғинонийнинг она тарафдан бобоси Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб Зандромуший каби шогирдларни олим қилиб тарбиялаган.

Баъзи тадқиқотчилар, жумладан, Ибн Камол уни Абу Ҳанифа, кейин Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний ва бошқа Абу Ҳанифанинг шогирдларидан сўнг Хассоф, Таҳовий, Кархий ва Ҳалвонийлар билан бир қаторда учинчи даражадаги мужтаҳидлар қаторига қўшади. Ўзи эса Бурҳонул аимма  Абдулазиз ибн Умар ибн Моза, Маҳмуд ибн Абдулазиз ал-Ўзгандий, Рукнуд Масъуд ибн Ҳасан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Пойкандий, Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб каби шогирдларни олим қилиб тарбиялаган. Бу албатта унинг илмий ютуғи ва ислом ҳуқуқи, хусусан, ҳанафий мазҳаби таълимотининг ривожига қўшган ҳиссасининг эътирофидир.

Аллома маҳаллий ҳукмдорга насиҳат қилгани учун Ўзгандда зиндонга ташланган. Унинг бундай вазиятга тушиши ҳақида олимлар ўртасида турли қарашлар мавжуд. У зиндонда бўлган вақт мобайнида ўзининг машҳур ўн беш жилдлик “ал-Мабсут” (Кенг қамровли) номли асарини ёзган. “ал-Мабсут” Сарахсийнинг шоҳ асари бўлиб, у аслида 30 жилддан иборат. Бу асарнинг аксар қисми Ўзганддаги зиндонда ёзилган. 480 йил рабиъ ал-аввал ойи/1087 йил июнь ойида зиндондан чиқиб, қолганини Марғилонда ёзиб тугатган. Асарда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Зоҳир ар-ривоя” даражасидаги 6 асари: “ал-Асл”, “ал-Жомеъ ас-сағир”, “ал-Жомеъ ал-кабир”, “аз-Зиёдот”, “ас-Сияр ас-сағир” ва “ас-Сияр ал-кабир” китобларининг жамланмаси ва қисқартирилган Сомонийлар даврида қози ва вазир бўлган Ҳоким Шаҳид (ваф. 334/945 й.)нинг “ал-Кофий” асарини шарҳлаган. Асарда ҳанафий мазҳабининг асосий ва мўътабар қарашларини асослаб, уларнинг тўғрилигини исботлаб берган. Ундан ташқари, олим ҳанафий мазҳаби масалаларини тартибга келтириб, тизимлаштириб берган. Шунинг учун ҳам тадқиқотчилар бу асарни ҳанафий мазҳабини намоён қила оладиган бирламчи асар сифатида баҳолашади.

Асар илк бор 1906-1913 йиллари Қоҳирада Муҳаммад Розий Ҳанафий ва бир гуруҳ олимлар томонидан 30 жилдда нашр этилган. Иккинчи марта 2001 йил Байрутда Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳасан Исмоил Шофеъий томонидан нашр этилган.

 Бундан ташқари, “Шарҳ ал-ибодот” (Ибодат асари шарҳи), (Шарҳ ал-иқрор) (Иқрор асари шарҳи) каби асарларини ҳам зиндонда ёзган. “Китоб фи Усул ал-Фиқҳ” (Фиқҳ илми асослари), “Шарҳ ас-Сияр” ал-Кабир, (Катта харбий юришлар китоби шарҳи), “Шарҳ ал-Мухтасар ат-Таҳавий” (Таҳовий қисқартмасига шарҳ) номли асарлари ва имом Муҳаммаднинг қатор асарларига битилган шарҳлар аллома илмий меросини ташкил қилади.[1]  “Шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир”. Асар “Зоҳир ар-ривоя” туркумига кирувчи Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ал-Жомеъ ас-сағир” асарига ёзилган шарҳдир.

Асар қўлёзмасининг бир нусхаси Сулаймония кутубхонасида сақланади. “Тамҳид ал-фусул фи ал-усул”. “Усули Сарахсий” номи билан танилган ушбу асарда Абу Зайд Дабусийнинг “Тақвим ал-адилла” асаридаги усулул-фиқҳга оид қарашлари ривожлантирилган. Ушбу асар ва Фахрулислом Баздавий (ваф. 482/1089 й.)нинг “Канз ал-вусул ило маърифат ал-усул” ёки “Усул ал-Баздавий” асари иккаласи билан биргаликда ҳанафий мазҳаби усулул фиқҳнинг классик асари ҳисобланади. Кейинги давр олимлари усул бўйича қарашларини ушбу икки асар асосида ривожлантиришган. Аммо “Усул ас-Сарахсий”нинг “Усул ал-Баздавий”дан фарқли жиҳати шундаки, асар содда ва равон тилда ёзилган. “Усул ал-Баздавий”нинг ифодаси оғир бўлгани боис, бу асарга кўп шарҳлар ёзилган.

Сарахсийнинг илмий асарларини таҳлил қилар эканмиз, унинг илмий фаолиятини асосан қуйидаги йўналишларда бўлганлигини кузатиш мумкин.

Биринчидан, ўша давр фақиҳларининг анъаналарига кўра, ҳанафий мазҳабининг асосий манбаси бўлган “Зоҳир ар-ривоя” туркумига кирувчи баъзи асарларни шарҳлашга эътибор қаратган. Жумладан, “ал-Жомеъ ас-сағир” ва “ас-Сияр ал-кабир” асарларига шарҳ ёзади. Уларнинг орасида  “ас-Сияр ал-кабир” га ёзган шарҳи катта шуҳрат қозонган. Негаки бутун дунё имом Муҳаммад Шайбонийнинг “ас-Сияр ал-кабир” асарини ҳозирги кунда Сарахсийнинг шарҳи орқали таниган. Ҳатто, Ғарб давлатлари олимлари ҳам                 Сарахсийнинг ушбу асарини Европада нашр қилиб, ислом ҳуқуқидаги гуманитар ҳуқуқ ҳақидаги қарашларини ўрганган.[2]

Иккинчидан, ҳанафий мазҳабида иккинчи даражадаги манба “нодир ар-ривоя” асарларидан “Зиёдот аз-зиёдот” асарига “ан-Нукат” номли шарҳ ёзади.

Учинчидан, “зоҳир ар-ривоя” асарларидаги қоидалар жамланган ал-Ҳоким Шаҳид (ваф. 334/945)нинг “ал-Кофий” асарини “ал-Мабсут” номи остида шарҳлайди. Ушбу асар ҳанафий мазҳабини ўрганиш бўйича энг бирламчи асар ҳисобланади. Тадқиқотчилар ҳанафий мазҳабини ўрганганда албатта шу асарга мурожаат қилишади. Ҳанафий мазҳаби ҳақида гапирилган барча тадқиқотда “ал-Мабсут”га мурожаат қилинади. Зеро, бу асар мазҳаб асосчиларининг қарашларини илмий ва ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берган кенг қамровли китобдир. Бу асар ҳозирги кунда 15 жилд ҳолда бир неча бор қайта нашр этилган.

Тўртинчидан, ҳанафий мазҳаби бўйича “Усул ас-Сарахсий” номи билан машҳур ҳуқуқ назариясига оид асарни ёзиб қолдирган. Шу билан Сарахсий ислом ҳуқуқшунослигини тўлиқ ҳолда, ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатларини ёритишга муваффақ бўлган. Бундай иш кам сонли фақиҳларга насиб этган эди. Шамсул-аимма ас-Сарахсий ҳанафий мазҳаби ривожланишида катта ҳурматга эга бўлган фақиҳдир.

Сарахсийнинг асарлари бугунги кунда ҳам ҳанафий йўналишида муҳим манбалардан бўлиб келмоқда. Ҳанафийлик кенг тарқалган шаҳарларнинг университет шариат факультетларида дарслик сифатида ўқитилиб келинмоқда. Демак, Сарахсий бобомизнинг улкан илмий мероси мусулмон оламида ислом маърифатининг ёйилишида катта аҳамият касб этади. Биз Сарахсийнинг ҳаёт фаолияти ва илмий меросини янада чуқурроқ ўрганишимиз ва илмий изланишлар олиб боришимиз керак.

Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар маркази
Фиқҳ шўъбаси раҳбари

[1] Абул Ҳасан Муҳаммад ал-Ҳай ал-Лакнавий: “Ал-Фавоидул баҳияту фи тарожимул ҳанафияти” Б 114 Қозон 1903 й.

[2] Азат Сарсенбаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. Мовароуннаҳр нашриёти. Т 2011. Б 27.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …