Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларнинг маънавий-ахлоқий қиёфасини шакллантиришда  маданий  меросни музейлаштиришнинг аҳамияти

Ёшларнинг маънавий-ахлоқий қиёфасини шакллантиришда  маданий  меросни музейлаштиришнинг аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси ўзининг бой маданий мероси билан нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон халқлари ўртасида қизиқиш ўйғотмоқда. Бой номоддий маданий меросимиз, яъни урф-одатлар, халқ ижодиёти (сўз, рақс, мусиқа), халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар билан бирга, моддий маданий мерос объектларимиз ота-боболаримиз томоннидан бизгача имкон даражасида сақланиб келинди. Ўзбекистон Республикасининг Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунида ҳам “тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ансамбллар, диққатга сазовор жойлар ва ёдгорликлар давлат ҳимоясида”-деб бу меросимизни кейинги авлодга етказиш учун алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда. [2. 6-б.].  Шунингдек, бой маданий меросимиз обьектларни таъмирлаш, қайтатдан тиклаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Республикамизнинг вилоятлари ичида Самарқанд вилоятининг бой  маданий  мероси ЮНЕСКО томонидан юксак эътирофга олинган. Самарканд вилоятида 8 та давлат музейлари,  3 та халк музейлари, 10 дан зиёд  ташкилотлар (8 дан зиёд жамоатчилик музейлари, ва 3 шахсий (хусусий) музейлари, жами 40 дан зиёд музейлар фаолият олиб бормокда. Ушбу музейларни замонавий музейларнинг ажралмас қисмига айлантириш учун уларни музейлаштириш, яъни музей кўргазма обектига айлантиришни давр тақозо этмоқда. Музейлаштириш асносида музей жойлашган ҳудуд маданияти ва қадриятлари нафақат юртимиз халқларини, балки чет элдан келаётган сайёҳларнинг ҳам диққатини ўзига жалб этишига хизмат қилади.

Самарқанд ҳудудида жойлашган тарихий қадамжолар ва меъморий обидалар ичида ҳам музейлаштириш амалга оширилган. Лекин бу ҳали етарли даражада эмас. Мавжуд тарихий ва археологик ёдгорликлар билан бирга бизгача сақланган қадриятларни музейлаштириш билан  бой тарихимиз қайта тикланиш имконига эга бўлади. Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномаларида -“ Хусусан, миллий ўзлигимизни англаш, Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, гуманитар соҳа олимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим. Ўтмишга берилган баҳо албатта холисона, энг муҳими, турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарур”-деб таъкидлаб ўтдилар. Бу нутқларидан келиб чиқиб бой тарихимизни музейлаштириш асносида биз ёшларга тарихимиз, урф-одатларимизнинг бунёдкор ғояларини етказиш билан бирга, маънавий-ахлоқий қиёфасини ўстирамиз. Музейлаштириш асосида тарихий, маданий қадриятларни сақлаш ва аниқлаш имкони кенгаяди. Зеро Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов-“Кечаги тарих биз учун ҳаёт мактаби, бамисоли тиниқ бир кузгу. Унга қараб сабоқ оламиз, хулоса чиқарамиз, келажак йўлини белгилаймиз” -деб кўрсатма берган эдилар. [1, 112-б.].

Ҳозирга қадар аксарият музей бўлимларининг ўқув дастурлари ва дарслик матнлари фондларни, экспозицияларни, кўргазма ишларини, яъни тўпламлар билан ишлашни кўриб чиқишга бағишланган. Лекин, архитектура ёдгорликларини музейларга мослаштириш муаммоларига кенг жой берилмаган. Шунингдек, aрхеологик ёдгорликларни музейлаштириш муаммолари деярли музейга оид ўқув адабиётларида ўз аксини топмаган. Кўпинча кўчмас мулк муаммолари ҳозиргача табиат қўриқчилари ва меъморлар томонидан муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев-“Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий консепсиясини ишлаб чиқиши ва ижросини таъминлаши зарур. Шу асосда 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш лозим”-деб таъкидлаган эдилар. [3, 1-б.].   Бу вазифани амалга оширишда археологик маданий меросимиз ва бой қадриятларимизни музейлаштириш алоҳида ўрин тутишини таъкидламоқчимиз. Мисол учун интернет маълумотларида -“Дунёда ўн минглаб музейлар мавжуд. Улар орасида музейлаштириш йўли билан яратилган ёдгорлик уйлари, қадимги мулклар, монастирлар, ҳарбий шон-шараф далалари…. каби музейлар ажралиб туради. Янги асрда бундай музейларнинг сони тез суръатлар билан ўсиб бормоқда, улар тобора хилма-хил бўлиб, ташриф буюрувчилар эътиборини тобора кўпроқ жалб қилмоқда..” -деб кенг тушунчалар бериб ўтилган. [4, 19-б.].  Бу муносабатлардан музейлаштириш туризмни ривожлантиришга муваффақиятлар келтириши билан бирга, ҳар бир зиёратчи ва сайёҳнинг вақтини мазмунли ўтказишларига хизмат қилишини алоҳида таъкидламоқчимиз. Мисол тариқасида биргина миллий либосларимизга назар ташлайлик. Либослар миллий бойлик сифатида эзозланиши билан бирга тарихимизни (Қадимги Суғд, Хоразм, Довон халқлари маданияти) мадҳ этишда муҳим аҳамиятга эгадир. Либосидаги нақш ва безакларнинг мазмун-моҳиятини музейда намойиш этиш билан ўша давр халқ ҳаёти, турмуш-тарзи  ёшлар онгида гавдаланади.

Музейлаштириш давомида тасвирий санъат намуналарига ҳам алоҳида жой ажратиш лозим. Ҳар бир мусаввир моддий оламни ижодий тасаввурида қайта ишлаб тасвирлайди ва бўёқлар ёрдамида кўзи билан кўрган оламни, тарихий жараённи ёритади. Бу ёшлар қалбида ўтмиш тарихига, ҳаётга, авлодлар меросига муҳаббатини оширади. Aлишер Навоий санъат -инсон маънавий олами, камоли учун калит эканини таъкидлагани бежиз эмас.

Хуллас, ҳозирги замон ёшлар маънавий дунёсини юксалтириш, уларга миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳини сингдириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ёшларнинг онги ва қалбини турли хел вайронкор ғоя ва хуружлар эгаллашидан асраш учун, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда музей экспозицияси катта ўрин тутади. Миллий ва моддий меросимизни музейлаштириш асосида мавжуд осори атиқалар, археологик маданий ёдгорликларни кейинги авлод учун бутунлигича сақлашнинг имконини ошади. ЮНЕСКО томонидан юксак эътирофга сазовор Ўзбекистонимиз тарихий обьектларини музейлаштириш баробарида ёшлар онгига мозий ҳақидаги бой тарихимизни қайтатдан жонлантирамиз. 

СУХРОБ ЭРГАШЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
НИЛУФАР ҚАЮМОВА
19- умумий ўрта таълим мактаби инглиз
тили ўқитувчиси

Адабиётлар

  1. Ислом Каримов “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш-энг олий саодатдир” Т-Ўзбекистон-2015 йил.
  2. “Моддий маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори. Тошкент ш, 2018-yil 19-декабр, ПҚ-4068-сон
  3. Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати давлат раҳбарининг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси матнидан; 28. 12. 2018 йил
  4. WWW.https://ru.wikipedia.org/wiki

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …