“Қуръони карим” хатм қилингани каби “Саҳиҳи Бухорий” ҳам ёзилганидан буён тўлиқ ўқилиб, хатм қилиниб, ундан барака ҳосил қилинган. Унинг шарофати билан балолар дафъ қилинади, деган ақида мавжуд бўлган. “Саҳиҳи Бухорий” тўлиқ ўқилиб, хатм қилингандан сўнг қилинган дуолар ижобати жуда кўплаб тажрибалардан ўтган ҳақиқатдир.
Ўрта асрларда “Саҳиҳи Бухорий”ни тўлиқ ўқиб хатм қилишнинг одоблари, шарт-шароитлари, кимлар хатм қилгани-ю, кимлар хатмда қатнашиши, нима сабабдан тўлиқ ўқилиб хатм қилиниши кабилар ёзилган асарлар ҳам битилган. Бу хилдаги рисолалар “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” хатмига бағишланган асарлар жанрига мансубдир. Шу хилдаги илк рисола Ибн Носириддин ад-Димишқий (777-842 ҳ./1375-1438 м.) томонидан битилган. У “Мажлис фи хатм “Саҳиҳ ал-Бухорий” деб аталган. Шундан сўнг, Ибн Зайд ал-Ҳанбалий (789-870 ҳ./1387-1465 м.) “Туҳфат ас-сомеъ ва-л-қори фи хатм “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Шамсиддин ас-Саховий (831-902 ҳ./1427-1497 м.) “Умдат ал-қори ва-с-сомеъ фи хатм ас-Саҳиҳ ал-Жомеъ”, Шаҳобиддин ал-Қасталоний (851-923 ҳ./1448-1517 м.) “Туҳфат ас-сомеъ ва-л-қори би-хатм “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Носириддин ат-Табловий (ваф. 966 ҳ./1559 м.) “Бидоят ал-қори фи хатм “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Али ибн Аҳмад ал-Хазражий (ваф. 1033 ҳ./1624 м.) “ат-Тавзеҳ фи хатм аҳодис “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, Абдулқодир ал-Айдарусий ал-Яманий (ваф. 1038 ҳ./1629 м.) “Фатҳ ал-Борий би-хатм “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Муҳаммад Али ибн Муҳаммад Аллон ал-Бакрий аш-Шофеъий (ваф. 1057 ҳ./1647 м.) “ал-Важҳ ас-сабиҳ фи хатм ас-Саҳиҳ”, Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний (ваф. 1345 ҳ./1927 м.) “Шарҳ хатм “Саҳиҳ ал-Бухорий” каби асарлари бу мавзуга бағишлаб яратилган. Бу олимларнинг қарийб барчаси “Саҳиҳи Бухорий” хатми ҳақида китоб ёзиб қўявермасдан, унинг шарҳига бағишланган жилд-жилд асарлар ҳам ёзишган. Ғарб мусташриқи I.Goldziher томонидан ҳам машҳур “Der Islam” журналида “Саҳиҳи Бухорий” хатмларига бағишланган “Chatm al-Buhari” номли мақола эълон қилинган.
“Олтин силсила”да айтилишига қараганда, мўғиллар истилосига қарши масжидларда “Саҳиҳи Бухорий” ўқитилган. Китобнинг хатми якунланиб, охирига етган кундан бошлаб мўғил қўшинлари мағлубиятга учрай бошлаган. 680 ҳ./1281 м. йили мўғиллар Шом ҳудудига кирган пайтда ўша давр султони уларга қарши мудофаа учун йўлга чиқишдан олдин “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқишга буюрган. Уламолар хатмни жума куни тугатишни мўлжаллаб, бир неча кунда хатм қилиб ўтказишган экан.
Қадим Бухоронинг “Бухорои шариф”га айланишига буюк ҳисса қўшган мутасаввифларидан бири, тарихда “Оламнинг шайхи” номи билан танилган Сайфиддин Бохарзий (586-659 ҳ./1190-1261 м.) бўлади. Унинг муҳташам ва қадимий мақбараси Бухоронинг эски Фатҳобод мавзесида ҳозиргача шаҳарга кўрк қўшиб турибди. У буюк тасаввуф намояндаси Нажмиддин Кубро (539-618 ҳ./1145-1221 м.) муридларидан бўлиб, унинг кўрсатмасига биноан Хоразмдан Бухорога келиб истиқомат қилган.
Олам шайхининг Бухорога келиб илк қилган иши халқни йиғиб “Саҳиҳи Бухорий”ни шахсан тўлиқ ўқиб берганлари бўлган. Мўғилларнинг истилоси ва жабр-зулмларидан зада бўлган миллатнинг илк оммавий китобхонлиги тасаввуф шайхи – олам шайхи томонидан уюштирилган эди. Бу билан халқнинг руҳи кўтарилгани, шубҳасиз. Олам шайхининг ҳайбати ва виқори олдида, “Саҳиҳи Бухорий”нинг оммавий ўқитилгани шарофати ўлароқ мўғилларнинг амалдору оддий фуқароларидан тортиб юртимизнинг минг-минглаб истилочилари мусулмон бўлиб, исломни қабул қилгани ва элу юртга барака энгани ҳам тарихий ҳақиқатдир.
Сайфиддин Бохарзий “Саҳиҳи Бухорий” билан бирга Мовароуннаҳр мадрасаларида ҳадис фанидан машҳур бўлган дарсликлардан яна бири “Мишкот ал-масобеҳ”дан ҳам дарс берган. Аллома Саъдуддин Тафтазоний (712-793 ҳ./1312-1390 м.) мазкур китобдан берган ижозасида мазкур шайхнинг номини ҳам ҳурмат билан тилга олган эди.
Ҳанафийлар таржимаи ҳолига бағишланган “ал-Жавоҳир ал-музиъа” асарида айтилишича, Сайфиддин Бохарзий бундай рубоий ёзиб қолдирган:
عِلْمُ الْحَدِيثِ وَسِيلَةٌ مَقْبُولَةٌ … عِنْدَ النَّبِيِّ الْأَبْطَحِيِّ مُحَمَّدٍ
فَاشْغِلْ بِهِ أَوْقَاتَكَ الْبِيضَ الَّتِي … مَلَكْتَهَا تَشْرَفْ بِذَلِكَ وَتَسْعَدْ
“Ҳадис илми маккалик пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига мақбул воситадир! Ҳадис билан ўзинг эга бўлган оппоқ вақтларингни машғул қилгин. Шу сабабли сен шарафли ва бахтли бўласан!”.
Мағриб султонлари эса жанг пайтларида ҳам табаррук сифатида бир сандиққа солиб “Саҳиҳи Бухорий”нинг ноёб нусхасини ўзлари билан олиб юришган экан. У ерда кенг тарқалган эътиқодга кўра, бирор авлиёнинг қабрини зиёрат қилиб, “Саҳиҳи Бухорий”дан хоҳлаган бир саҳифани очиб, биринчи кўзи тушган ҳадисни ўқиган, ҳадиснинг санад силсиласидаги ровийларни ва Расулуллоҳ алайҳиссаломни васила қилиб, Аллоҳдан муродини сўраган кишининг тилаги қисқа вақтда рўёбга чиқади.
Мисрга Наполен Бонапарт бостириб келмаслигини тилаган ҳолда 1212 ҳ./1798 м. йили “ал-Азҳар” уламолари “Саҳиҳи Бухорий”ни хатм қилишган. 1320 ҳ./1902 м. йили эса шаҳарга вабо тарқалиш хавфи бўлганида, ўлатга қарши “Саҳиҳи Бухорий” китоби хатм қилинган.
Умуман, муҳим ишларни қилишдан олдин “Саҳиҳи Бухорий”ни хатм қилиш анъанаси барча жойларда мавжуд. Мағрибда уламолар ҳар ражаб ойи бошланиши биланоқ “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқишиб, уни рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси тугатиб хатм қилишган экан. Ҳиндистон ва Покистонда эса мавлид ойида “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб тугатиш анъанаси ҳозир ҳам бор.
“Саҳиҳи Бухорий” ёзилганидан буён бутун дунё бўйлаб уни тўлиқ ўқиб хатм қилиш анъанаси мавжудлиги ушбу асарга мусулмон уммати нақадар аҳамият, ҳурмат ва ихлос билан қараб келганини билдиради.