Home / АЛЛОМАЛАР / Имом Жавзийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Имом Жавзийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Имом Жавзийнинг асл исмлари Абул Фараж Абдурраҳмон ибн Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн ал‑Жавзий ал‑Қураший ат‑Тамимий Ҳанбалий бўлиб, “Жамолиддин” лақаби билан танилган.

У киши Имом, Аллома, Ҳофиз, Ироқ диёри олими ва таниқли воиз ва муфассир ҳамда илм-фаннинг турли йўналишларида ёзилган кўплаб асарлар муаллифидир.

Айрим манбалар[1]да зикр қилинишича, Имом Жавзий насаб жиҳатидан буюк саҳобий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб етади. Алломанинг бобоси Куфа билан Басра ўртасидаги Восит қишлоғида жойлашган хонадонидаги бир дона ёнғоқ дарахти сабабли “Жавзий” (ёнғоқчи) номи билан машҳур бўлган. Чунки ўша вақт Восит қишлоғида шундан бошқа ёнғоқ дарахти бўлмаган. Шунинг учун бу аллома ҳам “Жавзий” номи билан танилган.

Имом Жавзий 508/1115 йилда таваллуд топган. Аллома олти ёшга кирганда илм ола бошлади. Ўз асрининг кўзга кўринган 90 га яқин шайхлардан турли илмларни ўрганди. Ўз даврининг ҳадис ва воизлик илмида таниқли имомга айланди[2]. Шунингдек, кўплаб бебаҳо китоблар тасниф этди. Аллома кўп умрини то вафот этгунига қадар воизликка бағишлади. Унинг маърузаларига ўн мингга яқин тингловчилар қатнашганлиги ва ҳатто, парда ортида дин ва давлат арбоблари ҳам иштирок этганлиги манбаларда зикр қилинган.

Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ 597/1201 йил рамазон ойининг 12 куни жума кечаси вафот этади ва Бағдоддаги “Бобу ҳарб” қабристонига дафн этилади.

Аллома Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тибб, тарих, тарожум, жуғрофия, тасаввуф ва тилга бағишланган турли соҳага оид китоблар ёзган. Жумладан, “Ал-Муғни”, “Бустонул воизин ва риёзус сомеъин” “Задул масир”, “Тазкиротул ариб”, “Фунунул афнан”, “Жамиъул масанид”, “Нақюн нақл”, “Мушкилус сиҳаҳ”, “Ал‑Мавзуъот”, “ал‑Мунтазам фит тарих”, “ал‑Мазҳаб фил мазҳаб”, “Ахбарун ниса” ва “Талбисул иблис” номли асарлар унинг қаламига мансублигини айтишимиз мумкин.

Абул Фараж Абдурраҳмон ибн Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн ал‑Жавзий ал‑Қураший ат‑Тамимий Ҳанбалий (ваф.597/1201)нинг қаламига мансуб бўлган мазкур асарлар орасида “Бустонул воизин ва риёзус сомеъин” номли китоби ўзига хос услубда ёзилган.

Асар муаллиф томонидан ўн олти бобга тақсимот қилинган бўлиб, унда жаннатга тарғиб ва жаҳаннамдан қўрқитиш ҳамда банда Роббисига яқин бўладиган солиҳ амалларнинг фазлини баён қилиш, яъни амру‑маъруф ва наҳий мункар услубида ёндашган ва бу китоб доктор Саййид Жумайлий томонидан таҳқиқ қилиниб, 1403/1983 йилда Қоҳира шаҳри “Дар ар‑райён лит турос” нашриётида чоп қилинган.

Ушбу китобда инсонларнинг дунёда яшашдан мақсадлари, ҳаётлари давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ва гуноҳларга тавба қилишлари кераклиги билан бирга, бандани ёмонликка етаклайдиган барча ёмон ва қабиҳ ишлардан ҳамда шайтонннг ёмонлиги‑ю васвасасидан омонда бўлиш учун Яратган Аллоҳдан паноҳ сўрашлари тавсия қилинади.

Шунингдек, банда ўлимни ҳақ деб, билиб солиҳ амалларини кўпроқ қилиши ва ҳаром амаллардан сақланиши тўғрисида ва дунёда қилган ҳар қандай амаллари учун Қиёматда савол‑жавобдан сўнг ё мукофот ё жазо олишлари тайинлиги борасида панд‑у насиҳатлар берилган.

Бундан ташқари, Қиёмат куни, Қиёматнинг турли‑туман кўринишларини, мезон, сирот ва аросат зикр қилинади. Ўша кунда мўмин ва кофир бандаларнинг қандай аҳволда бўлишлари тавсифланади.

Китобхон мазкур китобни мутолаа қилар экан, муаллиф ушбу китобни тасниф этишда жаннатга тарғиб ва жаҳаннамдаги турли азоблар мавжудлигидан огоҳлантириш ҳамда бандани Роббисига яқин қиладиган солиҳ амалларнинг фазилатини тушунтириб беришни мақсад қилганлигига амин бўлади.

Зеро, муаллиф китоб аввалида турли нарсаларнинг ёмонлигидан омонда бўлиши учун Аллоҳдан паноҳ сўраш ва паноҳ сўрашнинг ҳолати тўғрисида сўз юритади. Қиёмат кунининг дахшатли ҳолатларини тушунтириб беради. Сўнг мезон, сирот ва аросатни зикр қилади. Қиёматнинг турли‑туман кўринишларини сифатлаб беради. Ўша кунда бандаларнинг қандай аҳволда бўлишларини тавсифлайди.

Жаннат сари қизиқтириб унга киритадиган солиҳ амалларни қилишга ундаб жаннатнинг васфини баён қилади. Ундан сўнг рамазон ва ашуро куни рўзаларини тутишнинг фойдаларини баён қилади ва айрим ичимликларни қатъиян ман қилинганлиги тўғрисида сўз юритади. Қабрдаги савол‑жавоблар ва унга доир чиройли насиҳатларни келтириб ўтади.

Ибн Жавзий ҳар бир мавзу билан боғлиқ бўлган шоирлар қаламига мансуб турли шеър ва байтларни келтирган ва унда мавзуда ирода қилинган маънолар ўз аксини топган. Ҳақиқатдан ҳам муаллиф ирода қилган нарсаларни ёритиб бера олган. Китобни тасниф этишда кўзланган мақсадга ҳосил бўлган.

Мазкур китоб кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида таржима қилинди ва бугунги кунда таҳрир ишлари амалга оширилмоқда. Умид қиламизки, мазкур китоб яқин кунларда нашр этилиб китобхонлар оммасига тақдим этилади.

Дарҳақиқат, киши бир иш қилишдан олдин унинг жавобгарлигини ҳис қилган ҳолда ва оқибатини ўйлаган ҳолда амалга оширса ҳеч қачон жиноятга қўл урмайди ва гуноҳга қўлини тиқмайди. Ҳар бир инсон қонун олдида баробар ва жавобгар эканлигини англаса ва ҳар бир қилган иши учун қиёматда Аллоҳ ҳузурида сўроқ қилинишига ишонса, у инсон эҳтиёткор ва тафаккурли бўлади ва камдан кам хатога йўл қўяди.

Аввало, Аллоҳ барчамизнинг хато ва камчиликларимизни кечирсин. Ҳамда давлат ва жамиятимиз олдидаги фуқаролик бурчимизни оқилона ва соф ният ила адо этишга ва Аллоҳнинг олдида бандалик вазифамизни ихлос билан бажаришни насиб этсин.

Барот Амонов
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази бўлими бошлиғи
[1] Журжий Зайдон. Тарих адаб ал‑луғатил‑арабийя. Ҳолол. Ж.3. Б.99.
[2] Ибн Халкан. Вафийятил‑булдан. Ж.1. Б.279.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …