Мутааххирин уламолар наздида тўртта мўътабар фиқҳий матн китоблари бор бўлиб, улар “Мухтасарул Қудурий”, “Виқоятур ривоя”, “Канзуд дақоиқ” ва “ал-Мухтор лил фатво” бўлиб, “мутуни арбаа” (тўртта матн) номи билан юритилади. “Ал-Мухтор”нинг ўрнига “Мажмаул баҳрайн”ни ҳам қўшадиганлар бор. “Мутуни саласа” (учта матн) дейилганда эса аввалги учтаси назарда тутилади.
1) “Мухтасарул Қудурий”. Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурий Бағдодий (972–1037) асари бўлиб, у ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий матн китоблари ичида энг эътиборлиси ва ўрни юксагидир. Ҳожи Халифа (1609–1657) айтишига қараганда, ҳанафийликда “Китоб” деб фиқҳий манба айтилса, ушбу асар назарда тутилган бўлади. У таниқли фақиҳлар орасида шуҳрат қозонган, эътибор топган энг қулай матн китоби ҳисобланади. Унда 12000 фиқҳий масала зикр қилинган.
“Мухтасарул Қудурий”нинг эътибори ва шуҳрати шу даражага етганки, уни вабо кунлари ўқилса, вабо йўқолади, деб табаррук санашган.
Абу Али Шоший бундай деган: “Кимки ушбу “Мухтасарул Қудурий”ни ёд олса, асҳобларимизнинг энг ҳифзлироғи бўлади. Ким “Мухтасарул Қудурий”ни тушунса, асҳобларимизнинг энг фаҳмлироғи бўлади”.
“Мухтасарул Қудурий”нинг машҳурлиги, эътибори сабабли унга жуда кўп шарҳлар, ҳошиялар битилган, уни назмга солишган.
2) “Ал-Виқоя”. Ушбу асар нинг тўлиқ номи “Виқоятур-ривоя фий масойилил Ҳидоя” (“Ҳидоя” масалаларида ривоятларни асровчи) бўлиб, у “Мухтасарул виқоя” соҳибининг бобоси Бурҳонуш шариа (баъзилар уни ҳам “Тожуш шариа” дейдилар) Маҳмуд ибн Садруш шариа Аҳмад Маҳбубий (ваф. 630/1232) қаламига мансубдир. У Бухородан чиққан етук ҳанафий мазҳаб фақиҳларидандир. Кафавийнинг (ваф. 990/1582) айтишига қараганда, бу асар “ал-Ҳидоя”, “ал-Фатово”, “ал-Воқеот” масалаларидан танлаб олиб ёзилган. Муаллиф Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубий уни невараси Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий учун озгина-озгинадан ёзар, невараси эса ҳар бир ёзилган қисмни ёд олар эди. Китоб тугаганда невараси уни тўлиқ ёд олган. Бу ҳақда Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий ушбу асарга ёзган “Шарҳул Виқоя” асарида бундуй дейди: “Бу бобом ва устозим Маҳмуд ибн Садруш шарианинг менинг ёдлашим учун ёзган “Виқоятур ривоя фий масойилил ҳидоя” асарининг ёпиқ ўринларини очиш мақсадида ёзилган шарҳдир. Муаллиф соҳиб уни бир сабоқ-бир сабоқ қилиб ёзар, мен эса ёдлаш майдонида бир чопиш-бир чопиш қилиб юрар эдим. Ҳатто китоб ёзилишининг тугаши билан менинг ёд олишим тўғри келди…”.
Виқоятур-ривоя фи масаилил-ҳидая” асарининг устунлик томонлари:
-Имом Маҳмуд Содруш-шариъа Маҳбубий (Тожуш-шариъа) ислом оламининг энг кўзга кўринган уламолар оиласи вакили эканлиги;
-
Бу зот Ҳанафия мазҳаби асосларини ўзида жамлаган энг шох асарлардан бири “Виқоятур-ривоя” асарини ёзишда ўз оталаридан олган билимларига таянганлари;
-
Илмдаги силсилалари тўғридагн-тўғри имом Абу Ҳанифа (роҳимаҳуллоҳ) нисбат берилиши;
-
“Виқоятур-ривоя фи масаилил-ҳидая” асари ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўргатишда энг зарурий асарлардан бири экани;
-
“Виқоятур-ривоя фи масаилил-ҳидая” асари Ҳанафия мазҳаби фиқҳидаги асосий тўрт матндан бири экани;
-
“Виқоятур-ривоя фи масаилил-ҳидая” асари бошқа матнлардан ўзининг ихчам, енгил, ёзилиш тартиби ва услуби билан ажралиб туриши;
-
“Виқоятур-ривоя фи масаилил-ҳидая” асари ўқув даргоҳларида ислом ҳуқуқини ўргатишда манба саналадиган кўплаб манба ва адабиётларга асос бўлгани.
Асрлар давомида “ал-Виқоя”га уламолар ва толиби илмларнинг ихлослари юксак бўлган. Шунинг учун унинг шарҳлари, унга бағишланган ҳошиялар, у асосида битилган манзумалар жуда кўп.
3) “Канзуд дақоиқ”. Ҳофизиддин Имом Маҳмуд Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Маҳбубий (1232–1310) қаламига мансуб ушбу китобнинг тўлиқ номи “Канзуд дақоиқ фий илмил фуруъ” (Фуру илмида нозик масалалар хазинаси) бўлиб, фиқҳий матн китоблари орасида ўзига хос ўринга эга.
“Канзуд дақоиқ” муаллифнинг “ал-Вофий фил фуруъ” (Фуруъул фиқҳ борасида вафо қилувчи) асаридан қисқартириб олинган матн бўлиб, муаллиф толиби илмларнинг кенг ва катта ҳажмли китобларни ўқишдан зерикишлари, инсон табиати қисқа битилган китобларга рағбатли эканлиги сабабли ушбу китобини ёзаётганини айтган ва асари қийин, мушкил ўринлардан холилигини, унга “Фатово” ҳамда “Воқеот” масалалари билан зийнат берилганлигини қайд қилган.
“Канзуд дақоиқ”да бошқа фиқҳий матн китобларида учрамаган мавзулар, жумладан фароиз кабилар ҳам бор.
“Канзуд дақоиқ” асари асрлар давомида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган. Шунинг учун унга ўнлаб шарҳ, ҳошиялар битилган. Бундай шарҳ ва ҳошияларнинг кўплиги бу асарнинг нақадар машҳурлиги ва ҳанафий мазҳабида мўътабар манба эканлигидан далолат беради. Унинг шарҳлари орасида “Табйинул ҳақоиқ” (Ҳақиқатларни баён қилиш), “Рамзул ҳақойиқ” (Ҳақиқатлар рамзи), “Баҳрур роиқ” (Ширин денгиз), “Наҳрул фоиқ” (Тўла анҳор) кабилар шуҳрат қозонган. “Канзуд дақоиқ” баъзи фиқҳий асарларда қисқартирилиб, “ал-Канз” деб юритилади.
4) “Ал-Мухтор”. Абул Фазл Маждиддин Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Мусилийнинг (1202–1284) “ал-Мухтор фий фуруил ҳанафия” (Ҳанафийлик фурусидаги ихтиёр қилинган ривоятлар) ёки “ал-Мухтор лил фатво” (Фатво учун ихтиёр қилинган ривоятлар) номли асари. Муаллиф ўз асарини ўзи “ал-Ихтиёр ли таълилил Мухтор” номи билан шарҳлаган бўлиб, матн тузишда фақат Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг фиқҳий қарашларини ихтиёр этгани сабабли шу номни танлаганини зикр қилади.
5) “Мажмаул баҳрайн”. Тўлиқ номи “Мажмаул баҳрайн ва мултақан наҳрайн фий фуруил ҳанафийя” (Ҳанафийлик фурусидаги икки анҳор учрашуви ва икки денгиз қўшилуви). Уни Музаффариддин Аҳмад ибн Али бин Саълаб ибн Саотий Бағдодий Баълабаккий Ҳанафий (ваф. 694/1294) ёзган.
“Мажмаул баҳрайн” Абул Ҳусайн Қудурийнинг (972–1037) “Мухтасар” ҳамда Абу Ҳафс Маҳбубийнинг (1068–1142) “Манзума” асарлари асосида тартиб берилган ҳанафий мазҳабидаги мўътабар фиқҳий матн китоби ҳисобланади. “Кашфуз зунун”да Ҳожи Халифа (1609–1657) унинг ғоят қисқалигидан ёд олиш осонлигини, мушкил ўринларини ечиш қулайлигини, озгина сўзлар билан кўпгина маъноларни ифодалаганини ёзади ва унда ишлатилган ўзига хос бир услубни қуйидагича тушунтиради: “Муаллиф, агар Имоми Аъзамнинг гапига унинг икки соҳиби хилоф қилганини билдирмоқчи бўлса, ривоятни жумлаи исмия билан, агар Абу Юсуф икки зотга хилоф қилган бўлса, ривоятни келаси замондаги жумлаи феълия билан, агар Муҳаммад икки зотга хилоф қилган бўлса, ўша ривоятни ўтган замондаги жумлаи феълия билан келтирган”.
Содда, мўжаз, ёдлашга осон бўлганлиги учун унга аҳли илмлар катта эътибор бериб, унга ўнлаб шарҳлар ёзганлар. Муаллифнинг Фотима номли қизи отасидан илм ўрганиб, отасининг ушбу “Мажмаул баҳрайн” асарига чиройли таълиқот (қўшимча изоҳлар) битган.