Аввал хабар берилганидек, Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда. Анжуманда ўттизга яқин хорижий мамлакатдан юздан ортиқ диний уламолар, халқаро илмий тадқиқот марказлари раҳбарлари ва илмий доиралар вакиллари иштирок этмоқда.
Конференцияда, хусусан, Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб иштирок этиб, маъруза қилди.
Нуфузли меҳмон конференция доирасида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди.
Дастлаб муҳаддислар султони ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг мартабали меҳмон Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқандда бунёд этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Шайх Аҳмад Таййиб Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва ушбу йўналишда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларидан бениҳоя мамнун бўлганини изҳор этиб, соҳа мутахассисларига яратилаётган шарт-шароитлар учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди.
– Алломалар юрти ҳисобланмиш Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган муқаддас масканда бунёд этилган илм масканлари халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб боряпти, илмий-маърифий йўналишдаги келишувларимиз ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, томонлар бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдоридир деди, – ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб.
Мартабали меҳмон Ҳадис илми мактаби ва марказ ташриф китобига қуйидаги тилакларини ёзиб қолдирди: “Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, мен ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири бўлмиш – Имом Бухорий ҳазратлари қабрини зиёрат қилишга ва унинг номи билан аталмиш халқаро илмий – тадқиқот маркази билан яқиндан танишишга муяссар бўлдим. Мен Ўзбекистон давлатига ушбу улуғ зотнинг илмий мероси, шахсиятини ўрганишга, шунингдек, бу муқаддас заминдан етишиб чиққан аҳли илмни, барча мусулмонларнинг имомлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бўлган катта эътибори учун ташаккур билдираман. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй ҳаракатлари таҳсинга сазовордир.
Умид қиламанки, илмий меросга юксак эҳтиром ҳамда ушбу меросни ўрганиш, унинг нуфуз ва салобатини, араб ва ислом оламига таъсир кўрсатадиган адашган фалсафаларга қарши турадиган равнақини қайта тиклаш йўлида бор имкониятларни сафарбар этишда Ўзбекистон бошқа мусулмон давлатларига намуна бўлади.”