Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар оламида энг тўғри йўл бўлган аҳли-сунна вал жамоа эътиқодини келажак авлод учун етказиш йўлида турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан эди.
Имом Мотуридий ўзининг “Таъвилотул Қуръон” тафсирида, “Залзала” сурасидаги: “Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур!”[1] деган оятнинг тафсирида гуноҳи кабира қилганлар ҳақида турли хил оқимларнинг фикрларини билдирган. Шулар қатори аҳли-сунна вал жамоа эътиқодига мос келадиган тушунчани ҳам бериб ўтган.
Аллоҳ таоло ва Унинг Расули, уни қилишдан қайтарган ишлар ва ҳаром қилинган бир қанча улкан гуноҳлар – гуноҳи кабирадир.
Мўътазилийлар: “Бу оят фақат ҳақиқий ёлғончини эмас, балки Аллоҳнинг буйруқларига бепарво бўлиб, унда камчиликка йўл қўйган ва қайтарилган ишларни қилган ҳар қандай мусулмон кишини ҳам ўз ичига олади” дейдилар. Шунинг учун бу оятни гуноҳи кабира қилганларга тааллуқли деб: “Албатта бу қўрқитиш гуноҳи кабира қилганлар учундир” дейдилар.
Хаворижлар: “Албатта гуноҳи кабира қилганлар гуноҳи кабира қилишлари билан ёлғонга чиқарувчи ва юз ўгирувчига айланади” дейди. Чунки уларнинг эътиқодича, банда Аллоҳнинг бирлигига иймон келтириб, Исломни қабул қилганидан сўнг, У зотнинг ҳар бир буйруғига бўйсиниб, динда қабул қилинган амалларнинг барчасини қилиши, қайтарилган ишларнинг барчасидан тийилиши шарт, деб эътиқод қиладилар. Улар, аслини олганда Ислом динида амалларни тўлалигича қилиш шарт, деб эътиқод қилганлари сабабли, агар банда амаллардан бирортасини тарк қилса, ёлғончига чиқариб, дўзахга киришини муқаррар қилиб қўяди.
Муржийлар бу оятга таяниб, “Дўзахга фақатгина Аллоҳни инкор этиб, диндан бош тортган кишигина киради. Ваҳоланки мусулмон киши катта ёки кичик гуноҳ қилиши мумкин, бироқ ҳеч қачон Аллоҳни инкор этиб, амаллардан бош тортувчи бўлмайди” деб далил келтириб, азоб фақат ширк ва куфр аҳли учун бўлади, дейдилар.
Аммо аҳли-сунна вал жамоа эътиқодида, банда шариъатдаги амалларни тўлиқ қила олмаслиги билан ёлғончига айланиб, дўзахга кириши муқаррар эмас. Балки берган ваъдасига ва қилган эътиқодига хилоф қилувчи бўлиб қолади. Бу оят кофирлар тўғрисида нозил бўлган, тавҳид ва иймон аҳллари тўғрисида эмас.
[1] Залзала – 99/14,15.