Home / МАҚОЛАЛАР / Мотуридий яшаган даврга мазҳаблар тарихи нуқтаи назаридан бир қараш

Мотуридий яшаган даврга мазҳаблар тарихи нуқтаи назаридан бир қараш

Абу Мансур Мотуридий Сомонийлар даврида Самарқандда яшаган (261/875-389/999)[1]. Мотуридий яшаган даврни тинчлик, осойишталик ва нотинчлик нуқтаи назаридан иккига бўлиш мумкин. Биринчиси, тинчлик ва осойишталик даври бўлиб, III/IX асрнинг 2-ярмини қамраб олади. Манбаларда Самарқанд IV/X асрнинг бошларига қадар кўп вақт давомида тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган илм маркази сифатида зикр қилинади[2]. Ҳатто, у даврда Самарқанд ва Бухоро илм, маданият ва санъатда халифалик маркази бўлган Бағдодни ҳам доғда қолдирди[3]. Зеро, у даврда Самарқандда барқарор ва хавфсиз бир бошқарув мавжуд эди[4].

Давлат томонидан турли илмий ва тижорий ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, дастакланганидан ташқари, иқтисодий, ҳарбий ва илмий соҳаларда муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада турли фикрларни илгари сурган мактаблар пайдо бўлди ва бир-бирлари ўртасида рақобат бошланди[5].

Аслида Самарқанд Монийлик ва Санавийлик (дуализм)[6]нинг раёсат маркази ва расмий йиғилишлари ўтказиладиган шаҳар эди[7], шу билан бирга бу ерда мўътазилий ва карромийлар дарс берадиган ўн еттита мадраса мавжуд эди. Мотуридий калом илмини, Ҳаким Самарқандий эса ҳикмат илмини Ғозийлар работида ўқитишарди. Шиалар бу икки олим билан мазҳаблари борасида илмий мунозаралар қилишди ва бу мунозарада ғолиб келдилар. Шунда Имом Мотуридий Ғозийлар работида Хизр (а.с.)ни кўрдилар ва ундан ёрдам сўрадилар. Хизр (а.с.)нинг дуоси билан Аллоҳ таоло Имом Мотуридйига ҳикмат илмини берди. Бундан кейинги илк мунозарада шиалар енгилиб, Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби кучайди[8].

Замон ва шароитнинг қулайлиги ва рақобат муҳитида яхши тобланган Мотуридий тадқиқотчи ва танқидчи бўлиб етишиб, талабалигидан бошлаб Самарқанд уламолари орасида энг етакчилардан бирига айланди. Юқорида зикр этилганидек, шиа олимлари билан бўлиб ўтган баҳс-мунозарада ғолиб чиқиш орқали эришган ишонч ва ғайратли саъй-ҳаракатлари билан Абу Ҳанифанинг қарашларини Самарқандда бир тизимга солиб, уни кенг ёйишга киришди.

Мотуридий яшаган даврнинг иккинчи қисмига биринчи қисмнинг акси бўлган ғалаён ва тартибсизликлар устун келди. Бу деярли IV/X асрни тамоман қамраб олади. IV/X асрнинг бошида Сомонийлар бир томондан ботинийлар ва қарматийлар ҳаракатлари билан курашишга мажбур бўлган бўлса, иккинчи тарафдан эса шиалар Фотимийлар давлати ва Бувайҳийлар сулоласининг сиёсий босими остида қолишган. Айниқса, бунда тахт учун курашлар ҳам муҳим рол ўйнаган. Дарҳақиқат, Амир Исмоил ибн Аҳмаддан кейин тахтни эгаллаган Аҳмад ибн Исмоил 301/913 йилда турк аскарлари томонидан ўлдирилиб, ўрнига ўғли Абул Ҳасан II Наср ибн Аҳмад тахтга ўтқазилди[9].

Абул Ҳасан II Наср ибн Аҳмад ҳали саккиз ёшда бўлгани учун Бухоро ташқарисида яшаган бутун халқ Сомонийларнинг энг ёши улуғи бўлган Самарқанд валийси Исҳоқ ибн Аҳмаднинг тахтга ўтиришини хоҳлашаётганди. Исҳоқ эса бундан фойдаланиб, Сомонийларнинг амири бўлишни хоҳлади ва Насрга қарши кураш очди. Сомонийлар вазири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Жайҳоний ва қўшини Наср II ни қўллаб-қувватлагани учун Исҳоқ ниятига етолмади[10].

Самарқандда бу воқеадан бошқа яна 310/922, 318/930, 331/942, 335/946 ва 380/990 йилларда шу каби катта-кичик ҳодисалар бўлиб ўтди[11].

Фотимий давлатининг давлат тепасига келиши билан Фотимий даъватчилари Хуросон ва Мовароуннаҳрда шиалик тарғиботини тезлаштирдилар. Натижада шиа мафкураси ўлкада яна тарқала бошлади. Бу ҳолатни Низомулмулк қуйидагича тасвирлайди:

“Хуросонга келган даъватчилар дастлаб Амир Ҳусайн ибн Али Марвазий ва кейинчалик Рай амири Аҳмад ибн Алига ботиний мазҳабини қабул эттирдилар. Ҳусайн Марвазий вафотидан олдин ўзидан кейин мазҳаббошиликка Муҳаммда ибн Аҳмад Нахшабийни келтирди ва унга Хуросонда ўрнига бир вакил қолдириб, Бухоро ва Самарқандга кетишлигини васият қилди ва шундай ўргатди: “Сен ўрнингга қолдирган ноиб турган жойида халқни бу мазҳабга даъват этишга ҳаракат қилиши лозим. Ишининг кучланиши учун Хуросон амири аъёнидан Наср ибн Аҳмаднинг ва давлат буюкларининг мазҳабини қабул этишларига эришишинг шарт”. Ҳусайн Марвазий вафотидан кейин Муҳаммад Нахшабий Бухорога борди ва халқни дастлаб шиа мазҳабига, сўнгра ботинийликка ўтказа бошлади. Саройдан ва амирнинг яқинларидан жуда кўп муҳим кишилар ботинийлардан бўлишди. Охири Сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад ҳам ботиний мазҳабини қабул қилди. Муҳаммад Нахшабийнинг нуфузи шу қадар ортдики, бир кун Насрга вазир Жайҳонийнинг[12] қўлга олиниб, ўлдирилиши лозимлигини айтганида, ҳар айтган гапини ўтказганидек, бу айтгани ҳам бажо келтирилди. Бундай жасорат олган Нахшабий ботинийлик тарғиботини очиқчасига қила бошлади. Бу ҳолат табиийки, туркларнинг, қўмондонларнинг, қўшиннинг, олим ва қозиларнинг ғазабини келтирди. Вазият шу даражага етдики, шаҳар ва қишлоқларнинг олим ва қозилари қўшин қўмондони ҳузурига бориб, унга мурожаат қилиб: “Мовароуннаҳрда исломнинг хароб бўлганидан бохабар бўл, бу одам маздакий Нахшабий подшоҳни йўлдан оздириб, уни қирмитийлардан қилди. Халқни йўлдан адаштирди. Ишида шу қадар илгарилаб кетдики, энди очиқчасига қарматийлар мазҳабига даъват қила бошлади. Биз бунга қарши жим туролмаймиз” – дейишди. Қўмондон улар билан бу масалада ҳамфикр эканлигини, лекин сабрли ва хотиржам бўлиш лозимлигини айтди. Сўнг шу масалада амирга бир неча бор учрашиб, ҳал қилмоқчи бўлди. Аммо унинг ҳаракатли муваффақсиз бўлиб, ўлдирилди.

Нуҳ ибн Наср отасининг ўрнига ўтгач, отасини қўлга олиб, ҳибсга олдирди. Амир ва аскарларга: “Отам тўғри йўлдан озгани учун жазосини олади. Орангиздаги бирлик отамнинг тахтга чиққан илк кундаги каби бўлиши лозим. Ғазот ҳам кофир ҳам шу ерда, туринглар Мовароуннаҳр жудаям чалкашти, ғазот қиламиз! Қарматий мазҳабида бўлганларнинг барчасини ўлдириб, ғозий бўлайлик! Юзимизни ёруғ қилайлик! Қарматийларнинг молу мулклари барчаси сизникидир, бориб олайлик! Сиздан Муҳаммад Қарматийни ҳузуримга олиб келишингизни хоҳлайман. Унинг ва отамнинг тарафдорларининг бошларини жудо қилдираман” – деди”[13].

Низомулмулкнинг келтиришича, шу заҳотиёқ бориб Муҳаммад Нахшабийни келтирдилар ва ўлдирдилар. Абу Мансур Чоғоний ва Ашоб каби ботиний бўлган мансабдорларни қатл қилдилар. Барча бирданига шаҳарга тарқалиб, қарматийларнинг молларини ўзлаштириб, ўзларини ўлдирдилар[14].

IV/X асрнинг бошларида шиа мафкурасини қабул қилган Бувайҳийлар Аббосийлар бошқарувини ўзлаштириб олдилар ва шиаликдан ташқари, ўзларига яқин деб билган мўътазилийларни қўллаб-қувватладилар[15]. Шу билан бирга Мержил фикрича, “Бувайҳийлар Сосонийларнинг анъаналарини қайта тикламоқчи эдилар. Ўзларини Баҳроми Гурун авлодидан бўлганликларини даъво қилган Алоуддавла ва Имодуддавла Али шу мақсадда Сосоний ҳукмдорлар қўллаган “шаханшоҳ” унвонини қўллай бошладилар.

Бундан ташқари, Бувайҳийлар ўзларини Сосонийларга боғлайдиган насабномалар тайёрлатдилар”. Шунинг учун шиа Бувайҳийлари сиёсий сабабларга кўра, сунний бўлган Аббосий халифалигига ҳеч нарса дея олмадилар. Чунки улар халифаликнинг адвом этишини ўзларининг ҳудудларида ҳам, ундан ташқарида ҳам ўз фойдаларига ишлатмоқчи эдилар”[16].

Бувайҳийларнинг бу ҳаракати ўзларидаги каби Сосоний авлодидан чиққан Сомонийлар давлат сиёсатига қисман бўлсада ўз таъсирини ўтказган, деган фикрдамиз. Чунки Бувайҳийлар Бағдодни ишғол қилишдан олдин Форс ва Хузистон ноиби Имомуддавла Али (ваф. 322/934 й.) ва Кирмондаги ноиби Муъиззуддавла Аҳмад (ваф. 324/936 й.) томонидан қурилиб, минтақада ўз ҳукмронлигини ўрнатган эди. Шунингдек, Бувайҳий ҳукмдорларидан Адуддавланинг Сомонийлар томонидан қўллаб-қувватланган Самарқанд Иёдия мактабига мансуб бўлган Абу Бакр ал-Иёдийни расмий мансабга тайинлади[17]. Бундан ташқари, ўша даврда Абу Али ал-Жуббоий[18] (ваф. 303/916 й.) ва Абу Ҳошим ал-Жуббоий[19] (ваф. 321/933 й.) каби машҳур мўътазилий олимларидан таҳсил олган ал-Жассос (ваф. 370/981 й.) ва Абу Зайд ад-Дабусий[20] (ваф. 430/1039 й.) каби олимлар ва улар етиштирган талабалар Мовароуннаҳрдаги ҳанафийларга катта таъсир кўрсатдилар[21].

Мўътазилийларнинг фикрларни ўзлаштирган бу олимлар, албатта, ўзлари каби мўътазилий бўлган Абул Қосим ал-Каъбийга кўплаб турли хил раддиялар ёзган Имом Мотуридийни танқид қилишди ва эътиборсиз қолдиришди[22].

Устига устак, ҳанафий-мўътазилий тушунчаси Ироқдан кейин Хуросон ва Мовароуннаҳрда бир мунча вақт кузатилган. Ушбу таъсир қисман бўлса-да, 447/1055 йилда Бувайҳийлар давлати қулашигача давом этган деб айтиш мумкин.

IV/X асрнинг бошларига қадар тўлиғича Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қўллаб қувватлаган сунний ақидага амал қилган Сомонийлар кейинчалик қисман бўлса-да, шофиъийларни қўллаб-қувватладилар, ҳатто, баъзи шофиъттй олимларни ҳанафий олимлардан устун қўйдилар. Натижада Сомонийлар ҳанафийликдан узоқлашиб, шофиъийликка яқинлаша бошладилар. Бу яқинлашув фикримизча қуйидаги икки сабабга кўра бўлиши мумкин:

Биринчиси, 204/809 йилда Самарқанд волийлигига тайинланган Сомонийлар бир асрга яқин қозилик ишларига раъй тарафдори бўлган ҳанафий олимларни тайин этиб, очиқчасига ҳанафийликни қўллаб-қувватлашган эди[23]. Исмоил ибн Аҳмад давридан эътиборан уларнинг бу ҳаракати ўзгара бошлади ва Аҳлур раъйга мансуб олимлар эътибордан қолиб, шофиъий олимларнинг қадри орта бошлади. Масалан, Сомонийлар амири Исмоил ибн Аҳмад ҳадис аҳлининг имоми ҳисобланган Муҳаммда ибн Наср каби шофиъий олимларга янада ҳурмат билан қарай бошлади[24].

Амир Исмоил ибн Аҳмад (279/295/892-907) даврида қарматий ва бошқа ҳаракатлар          тинчлик осойишталик тартибини бузадиган даражага келди. Сўнгра Исмоил 290/902 йилда Самарқанд ва Бухоро, айниқса Мовароуннаҳр олимларини тўплаб, улардан фисқ-фужур тарқалишининг олдини олиш, суннийлик эътиқоди асосларининг белгиланишини талаб қилди. Натижада бу вазифа Амир Исмоилнинг яқин дўсти бўлган ҳанафий олим Ҳаким Самарқандийга берилди. У томнидан ёзилган “Саводул Аъзам”нинг 62 моддасида Абу Ҳанифанинг фикрлари акс этган, бу асарнинг шарҳида эса Асҳобул ҳадис томонидан қабул қилинган тушунчага мойиллик мавжудлиги кўринади. Бу эса Сомонийлар бошқарувининг Аҳлур раъйдан Аҳлул ҳадисга ўзгарганига далилдир.

Иккинчиси эса, олдин қозилар ҳанафий олимлар орасидан танлаб олинган бўлса, кейинчалик шофиъий олимларнинг ҳам қозиликка тайин этилишидир. Шунингдек, ўша даврнинг кўзга кўринган шофиъий фақиҳ ва муҳадисларидан Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон (ваф. 354/965 й.) Самарқанд қозилигига тайинланиб, узоқ муддат бу вазифада қолдирилган[25].

Ибн Ҳиббон бир томондан бу вазифасини бажараркан, бошқа томондан таълим бериш билан жуда машғул бўлган[26]. Ҳатто, Сомонийлар амири Абу Музаффар Аҳмад ибн Наср унинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқандда унинг номига махсус бир бино қурдирган[27]. 330/941 йилга қадар ҳадис ва фиқҳдан таълим берган Ибн Ҳиббон берган дарсларида ражоъ ғоясини қабул қилган ҳанафийларни танқид қилиб, халқнинг улардан узоқлашишини мақсад қилган эди[28]. У танқид қилган олимлар рўйхати бошида Абу Ҳанифа турарди[29].

Абу Ҳанифага қаттиқ қарши турган Ибн Ҳиббоннинг Самарқандга қози сифатида тайин этилиб, сомоний амири томонидан очиқчасига қўллаб-қувватланиши сомонийлар бошқарувининг Аҳли раъйдан кўра Аҳли ҳадисга ён босишининг яна бир исботидир.

Баъзи сомоний амирларининг бир қатор адолатсиз ҳаракатлари олимларнинг, халқнинг ва таниқли кишиларнинг норозиликларига сабаб бўлди. Шу сабабдан сомоний амирларининг Қорахонийлар ва Ғазнавийлар билан курашиш учун олимларнинг халқни ташвиқ этишларини исташларига қарамай, баъзи олимлар очиқчасига бунга қарши фатво берганлар[30].

Абу Мутиъ Макҳул Насафий, Рустуфағний каби Асҳобур раъйга мансуб олимлар Асҳобул ҳадисни кўп ҳадис ривоят қилган, аммо уларнинг нозик жиҳатларини англай олмайдиган ва фарз, тарҳиб ва тахфифни бир-биридан ажрата олмайдиган кишилар сифатида таърифлашлари икки томон ўртасидаги рақобат жуда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлганлигига далолат қилади[31].

Натижада дастлаб кўп вақт давомида ўлкада ҳукмрон бўлган ҳанафий Самарқанд Жузжония мактабининг/Мотуридийларнинг ўрнини IV/X асрга келиб дастлаб Асҳобул ҳадис ғоясига яқин кишилар, кейинчалик ҳанафий-мўътазилий ғояларига яқин кишилар эгаллади деб айтиш мумкин.

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Нашрлар бўлими бошлиғи
[1] Муҳаммад ал-Хузорий. Мухозарату тарихул умамил исламия ад-давлатил Аббосия. –Б. 311.
[2] Абу Ҳасан Али ибн Муҳаммад Абдулкарим Ибнул Асир. Ал-Комил фит тарих. Миср, 1965. Ж.7. –Б. 279.
[3] Филип К. Ҳитти. Сиёсий ва маданий ислом тарихи. Тарж. Солиҳ Туғ. Истанбул, 1995. Ж.3. –Б.727.
[4] Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр Мақдисий. Аҳсанут тақосим фи маърифатил ақолийм. Лейден, 1906. –Б.380.// Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Халликон. Вафоётул аъён ва анбау анбаиз замон. Ношир Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамид. Қоҳира, 1317-21. Ж.4. – Б.245.
[5] Мақдисий. Аҳсанут тақосим фи маърифатил ақолийм. Лейден, 1906. –Б.380.// Ибн Халликон. Вафоётул аъён ва анбау анбаиз замон. Қоҳира, 1317-21. Ж.4. – Б.245.
[6] Санавийлик (дуализм) – олам худо томонидан яратилган, лекин унинг ривожланиши ўзининг моддий хусусиятларига ҳам боғлиқ деб таълим беради. Иккичилар, дуалистлар маъносидаги бу сўз ақида ва калом истилоҳидаги сўз бўлиб, эзгулик яратувчиси Нур яҳуд Яздон, ёвузлик яратувчиси Зулмат ёки Ахриман бўлган икки қадимий худога ишонувчиларни ифодалайди. Икки қадимий худоларга ишониш ёки коинотдаги ҳар бир нарсага икки томонлама қараш турли минтақа ва даврларда турли изоҳ ва иборалар билан намоён бўлган.
 Абу Мансур Мотуридий “Китобут тавҳид” асарида Санавийлик учун алоҳида бўлим ажратган. (–Б. 239-247).
[7] Абул Фараж Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Надим. Ал-Фиҳрист. Ношир Ризо Тажаддуд. Теҳрон. –Б. 402.
[8] Абу Ҳафс Умар Насафий. Китабул қанд фи тарихи Самарқанд. В. Бартольд. Туркестан в эпоху монгольского нашествия. СПт, 1898. 1-қисм. –Б. 50-51. Умар Насафийга оид Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд асарининг Теҳрон ва Фарёб нашрларида юқорида келтирилган маълумот ва баъзи бўлимлар ноқисдир.
[9] Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тарихур русул вал мулук. Муҳаммад Абул Фазл Иброҳим таҳқиқи. Қоҳира. Санаси номаълум. Ж.10. –Б. 147.// Ибнул Асир Ж.7. –Б. 77.
[10] Ибнул Асир Ж.8. –Б. 78, 80.
[11] Ибнул Асир Ж.8. –Б. 78, 80, 133, 134, 208-212, 403, 404. Батафсил маълумот учун қаранг. Усмон Айдинли. Самарқанд тарихи. –Б. 308-311.
[12] Жайҳоний санавий (дуализм)да айбланмоқда. Қаранг. Ибн Надим. Ал-Фиҳрист. –Б. 138. //В.В. Бартольд. Муғул истилосига қадар Туркистон. Нашрга тайёрловчи Ҳаққий Дурсун Йилдиз. Анқара, 1990. –Б. 264.
[13] Низомулмулк. Сиёсатнома. –Б. 239-246.
[14] Низомулмулк. Сиёсатнома. –Б. 246. // Ибн Надим. Ал-Фиҳрист. –Б. 79. //Исмоилийлар ҳақида батафсил маълумот учун қаранг. Музаффар Тан. Исмоилийларнинг ташкил топиши. Анқара, 2005. – Б. 131-145.
[15] Эрдоған Мержил. Буввайҳийлар. DİA, İstanbul 1992, VI/497,498.
[16] Мержил. Буввайҳийлар. DİA, İstanbul 1992, VI/497.
[17] Мержил. Буввайҳийлар. DİA, İstanbul 1992, VI/498.
[18] Юсуф Шавқий Ёвуз. Жуббоий Абу Али. DİA, İstanbul 1993, VIII/99-102.
[19] Авний Илҳан. Абу Ҳошим ал-Жуббоий. DİA, İstanbul 1994, X/146,147.
[20] Аҳмет Акгундуз. Дабусий. DİA, İstanbul 1994, IX/66, 67.
[21] Wilferd Madelung. Мотуридйиликнинг шаклланиши ва турклар орасида ёйилиши. Тарж. Музааффар Тан. Мотуридий ва мотуридийлик. Ankara, 2003. –Б. 308.
[22] Қаранг. Ўзен. Мотуридийнинг фиқҳ усулининг қайта қурилиши. –Б. 161-193.
[23] Мақдисий. –Б. 339. Бартольд. –Б. 250.
[24] Ибнул Асир. Ал-Комил. Ж.7. –Б. 282. //Хатиб Бағдодий. Ж.3. –Б. 317. //Ибн Асокир. Ж.56. –Б. 114. Айдинли. Самарқанд тарихи. –Б. 408.
[25] Ибнус Салоҳ. Табақотул фуқаҳоиш шофиъийя. Ж.1. –Б. 115. //Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий. Сияру аъламин нубала. Шуайб Арнавут Ҳусайн Асад ва б. таҳқиқи. Байрут, 1990. Ж.16. –Б. 94. // Айдинли. Самарқанд тарихи. –Б. 413.
[26] Ибн Асокир. Ж.52. –Б. 251. // Ибн Ҳажар Абул Фазл Аҳмад ибн Али. Лисонул мийзон. Байрут, 1986. Ж.6. –Б. 10.
[27] Маркизий. Ал-Муқаффа. Ж.V -Б. 520; Лисонул мийзон. Ж. VI. –Б. 11.
[28] Ибн Ҳиббон. Китобул мажруҳийн минал муҳаддисийн ваз зуъафои вал матрукийн. Mahmud İbrahim Zayid таҳқиқи. Ҳалаб 1975. Ж.1. –Б. 370, Ж.11. –Б. 311; Ибн Ҳиббон. Китобус сиқот. Ж.IX. –Б. 165; Сўнмаз Қутлу Муржиънинг яратилиши –Б. 223.
[29] Хатиб Бағдодий. Ж.3. –Б. 316; Ибн Касир. Табақатул фуқаҳоиш шофиъиййин. Ж.1 –Б. 184-185.
[30] Бартольд. Ўрта Осиё Турк тарихи ҳақида дарслар. –Б. 74; Баъзи турк ҳарбийларининг Сомонийларга қарши исён кўтаргани ҳам маълум. Қаранг: Мержил. Ғазнавийлар давлати тарихи. –Б. 9,15; Бу ерда зикр этилган қарши фатво берган олимлар ҳанафий олимлар бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.
[31] Макҳул Насафий. Китобур рад алал-бидъ. Мария Бернанд таҳқиқи. Annales Islamologiqes. 16 (1980). –Б. 121-122./ Рустуғфоний. Ал-Фавоидур Рустуғфоний. –Б. 315.

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …