Home / МАҚОЛАЛАР / Исломдан олдин арабларда фиқҳ

Исломдан олдин арабларда фиқҳ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келмасларидан олдин араблар ҳидоятга жуда муҳтож бўлиб қолган халқ эдилар. Бут санамларга ибодат қилиш, инсонийликка тўғри келмайдиган мункар ишлар авж олган, ноҳақ уруш, босқинчилик ва қароқчилик ўта ривожланган давр эди. Бутпарастлар, мажусийлар, яҳудийлар, христианлар, собийлар (юлдузларни илоҳийлаштирувчилар) бор эди. Иброҳим алайҳиссалом давридан қолган ҳанифийлар эса озчиликни ташкил этарди. Исломдан олдин арабларда қонун ва низомлар билан белгиланган шариат устуворлиги йўқ эди. Ижтимоий, сиёсий, маънавий ва бошқа соҳаларда инсоний қадриятларни белгиловчи омиллардан жуда йироқ эдилар.

Шунга қарамасдан, ўша даврда шу бузуқлик билан бирга баъзи ижобий, яъни Ислом динига зид бўлмаган одат ва урфлари ҳам бўлган:

Биринчиси – шахсият ва оила қонунчилиги ишларида: Жоҳилият даврида никоҳ бир неча хил бўлган. Бу борада Оиша розияллоҳу анҳо: “(Жоҳилият давридаги) никоҳлардан бири ҳозирги кундаги одамларнинг никоҳи бўлган” деган[1]. Яъни Исломда тасдиқланган никоҳ ҳам бор бўлган.

Исломдан олдин арабларда “зиҳор” деган нарса бор эди. Бунда эр хотинига “Сен менга онамнинг белидек ҳаромсан”, деса, абадий ярашиб бўлмайдиган талоқ тушар эди. Хотин эр учун унинг онасидек ҳисобланиб қоларди. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Хавла бинти Саълаба эридан шикоят қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди. У зотнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақл-ҳушли пайтимда менга уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни суслатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мендан зиҳор қилди. Мушкулимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан”, деди. Шундай деб тураверди, ҳатто, Жаброил алайҳиссалом бу оятларни нозил қилди: “Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг ўзаро суҳбатингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта кўриб турувчидир[2] (Бухорий, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил қилинган, зиҳор қилган эр каффорат бериб, хотини билан ярашиши мумкинлиги баён қилинган эди. Демак, жоҳилият даврида ҳам арабларда бузуқ бўлса-да, зиҳор масаласи бўлганлиги ва уни Ислом дини тузатганинини билишимиз мумкин.

Шунингдек, жоҳилиятда талоқ ва мерос масалаларида Исломга тегишли баъзи жиҳатлари ҳам бўлган.

Иккинчиси – савдо-сотиқ муомаласида:

Жоҳилиятда ширкат (савдода шериклик) маълум бир масаласи эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлмасларидан олдин Хадича розияллоҳу анҳо билан савдода шериклик қилгандилар.

Сийрат аҳллари ҳазрати Хадижа розияллоҳу анҳо ўзларининг молларини музорабага берганлари, бадр ғазотида Абу Суфённинг Шомга сафар қилган тижорат карвони музораба шаклида бўлганлигига иттифоқ қилганлар. Бундан маълум бўладики, арабларда исломдан олдин музораба тўғрисида тасаввур бўлган. Жоҳилият замонасидаги олди-сотдилардан баъзилари ман қилинмаганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам музорабани ҳам ман қилмаганлар. Шунинг ўзи ҳам исломда музорабани жоизлигига далилдир.

Учинчиси – қасос ва товон:

Қасддан одам ўлдирганни ҳам, ўзи қандай қилиб ўлдирган бўлса, шундай қилиб ўлдирилган.

Қасос олиш Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бўлган, аммо уларда бу иш ҳаддан ошиш ва адолатсиз равишда бўлган. Мисол учун, жазоланаётган кишининг болалари ёки ака-укалари қўшиб қасос олинарди. Ундан ташқари: “Улар биздан бир кишини ўлдирса, биз улардан ўнтасини ўлдириб, қасос оламиз”, “Улар бизнинг қулимизни ўлдирибди, биз улардан ҳур кишини ўлдириб, қасос оламиз”, “Улар биздан аёл кишини ўлдирибди, биз улардан эркак кишини ўлдириб, ўч оламиз” дер эдилар. Ислом келиб жазоланувчиларнинг яқинларига бўлган адолатсизликка барҳам берди. Аллоҳ таоло бу борада бундай деди: “Кимки мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳақ берганмиз. Бас, у ўлдиришда исроф қилмасин. Албатта, у нусрат берилган одамдир[3]. Яъни бошқаларини ўлдирмасин. Товон тўлаш ҳам жоҳилият даврида мавжуд қонунлардан бири эди.

Тўртинчиси – ҳукмлар:

Араблар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишган. Қидирган нарсаларига албатта етишган. Уларнинг: “Ўлдириб жазо бериш қотилликдан қайтаради” деган гаплари бўлган. Бу гапнинг маъносини, Аллоҳ таолонинг: “Сизларга қасос олишда ҳаёт бор. Эй ақл эгалари! Шоядки тақводор бўлсангиз[4] оятига мос келганини кўришимиз мумкин. Жоҳилият арабларида ҳукм чиқарадиган бир ҳукумат бўлмаса-да, улуғларининг чиқарган ҳукмларига эргашишган. Қурайшнинг Бану Саҳм қабиласи ҳукумат маъносида машҳур бўлган. Исломдан олдин Қурайш қабиласида бошлиқлар ёки гапи олинадиган Ҳошим ибн Абду Маноф, ўғли Абдуллоҳ, Абдулмутталиб, Абу Толиб ибн Абдулмутталиб, Ос ибн Воил, Ало ибн Ҳориса ва бошқа кишилар бўлган. Шунингдек, жоҳилиятда Абу Бакр Сиддиқга ҳам ҳукм чиқариш ишларини топширишган.

Исломдан олдин бошқа араб қабилаларида ҳукумат бўлмаган, фақат ўзларининг урф-одатларидан келиб чиқиб ҳукм чиқарувчилари бўлган. Бирор бир хусумат чиқиб қоладиган бўлса, уларга мурожаат қилган. Улар ўз ақл-идроклари билан ўша давр одатига кўра ҳукм чиқаришган. Аксам ибн Сайфий уларнинг раисларидан бири бўлган. Шунингдек, Ҳожиб ибн Зурора, Тамим қабиласида Ақраъ ибн Ҳобис, Рабиъа ибн Махошин, Замра ибн Абу Замра булар Бану Тамимнинг ҳукм чиқарувчилари бўлган. Қайс қабиласида Омир ибн Зарб ва Ғайлон ибн Салама, Асад қабиласига Рабиъа ибн Ҳузор, Канона қабиласида Яъмур ибн Шудох, Сафвон ибн Умаййа ва Салмо ибн Навфал, Бану Ҳорис қабиласида Ҳониъ ибн Зайд ҳукм чиқарувчи бўлган. Шурайҳ ибн Ҳониъдан ривоят қилинади: “Ҳониъ ибн Язид менга қуйидагиларни айтиб берди: У ўз қавмининг гуруҳи билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абулҳакам, деб чақиришаётганини эшитдилар. Шунда уни ҳузурларига чорлаб: “Ҳакам Аллоҳдир. Ва ҳукм фақат Уникидир. Нима учун Абулҳакам деган куняни олгансан?” – дедилар. “Мен олмаганман, қавмим бир нарсада ихтилоф қилиб қолишса, менинг олдимга келишади, мен уларнинг ўртасида ҳукм чиқараман. Шунда икки томон ҳам рози бўлади”, – деди. “Бу қандай ҳам яхши! Нечта боланг бор?” – дедилар. “Шурайҳ, Абдуллоҳ, Муслим бор, ҳаммалари Ҳониънинг ўғиллари”, – дедим. “Каттаси қай бири?” – дедилар. “Шурайҳ”, – дедим. “Унда сен Абу Шурайҳсан”, – дедилар. Унинг ва болаларининг ҳаққига дуо қилдилар[5].

Шундай қилиб жоҳилиятда арабларнинг баъзи ҳукмлари Ислом келганидан кейин ҳам ўз ўрнида қолди. Чунки бу ҳукмлар инсонийлик чегарасидан чиқмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг, жоҳилиятдаги бузуқ, ботил ақида ва ҳукмлар бекор қилинди. У зот таълимотларининг фазлу марҳамати билан ҳаво ўзгаргани сингари дунё ҳам ўзгарди. Жоҳиллар тўғри йўл тутишни таълим олди. Инсон деган зот ўз йўлини топа бошлади.

Қ. Маҳмудов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 
[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Риёз. Дорус салом, 1999. – Б.917.
[2] Мужодала сураси, 1-оят мазмуни.
[3] Исро сураси, 33-оят мазмуни.
[4] Бақара сураси, 179- оят мазмуни.
[5] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Байрут. Дорул башоирил исломия, 1989. – Б.282.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …