Буюк имом, фиқҳ олими, калом илмининг асосчиси Имом Мотуридий 870 йилда Самарқанднинг Мотурид маҳалласида таваллуд топган. Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, айниқса ёшлик йиллари ҳақидаги маълумотлар ўрта аср алломаларининг хусусан, Абул Муъин ан-Насафийнинг асарларида келтирилган.
У дастлабки таълимни ўз отаси Муҳаммад ибн Маҳмуддан олади. Сўнгра ўша даврда бошланғич мактаб илмини ўргатувчи Куттобда ўқийди. Ундан кейин Самарқанддаги Работи ғозиён масжиди қошидаги мадрасада таҳсил олганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Ғазал мулкининг султони, Низомиддин Мир Алишер Навоий ўзининг “Насойиму-л-муҳаббат” асарида: “Шайх Абу Мансур Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султону-л-муиззин дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ораста эрмишлар”, -деб лутф қилган экан” .
Ушбу жиҳатлар 13 февраль куни Самарқанд давлат Чет тиллари институтида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий-маънавий мероси тарғиботига бағишланган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан айтиб ўтилди.
Тадбирда шунингдек, Имом Мотуридийнинг устозлари, илмий-маънавий асарлари, маърифий ислом ривожи йўлида олиб борган саъй-ҳаракатлари тўғрисида маърузалар қилинди.
Тадбир давомида Марказ илмий ходимлари томонидан «Жаҳолатга қарши-маърифат» рукни остида нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди Шунингдек, халқимизга ҳозиргача номлари маълум бўлмаган Алоуддин-Усмандий Самарқандий, Имом Саффор Бухорий каби алломалар тўғрисида ҳам сўзлаб берилди.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.