Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ ЖАЪФАР ВАРРОҚ БУХОРИЙНИНГ “ШАМОИЛИ БУХОРИЙ” РИСОЛАСИ ҲАҚИДА

АБУ ЖАЪФАР ВАРРОҚ БУХОРИЙНИНГ “ШАМОИЛИ БУХОРИЙ” РИСОЛАСИ ҲАҚИДА

Наҳвшунос олим Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий Имом Бухорий(194-256 ҳ.)нинг ходими ва котиби бўлган. У Имом Бухорийга муҳаббатли, яқиндан билган ва у кишидан кўп ривоятларни келтирган кишилардан бири бўлган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий ҳам ундан Имом Бухорий ҳақидаги фойдали маълумотларни ривоят қилган.

Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг Имом Бухорийга хизмат қилиши “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарини ёзиш вақтида бошланган. Баъзи манбаларда у ҳижрий 220 йилдан олдин туғилган деб айтилган. Абу Жаъфар Варроқ Бухорий Имом Бухорийнинг хизматига келган пайтида энди ақлини таниган бола ёки ўсмирлик ёшида бўлган. Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг Имом Бухорий билан ҳамроҳлиги йигирма йилдан ўттиз йилгача давом этган.

Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Варроқ Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоли ҳақида катта рисола ёзган. Албатта, бу у кишининг ўз шайхига бўлган гўзал муҳаббати натижасидир. Бу рисола, Имом Заҳабий(ваф. 748 ҳ.)нинг “Сияру аъломи-н-нубало” асарида ҳикоя қилинганидек, “Шамоили Бухорий” деб номланган[1]. Имом Саховий (ваф. 902 ҳ.) ўзининг “ал-Жавоҳир ва-д-дурар” номли асарида: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий учун икки дафтар ҳажмида “Шамоили Бухорий” рисоласи бор. Буни Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий бобоси Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан, у эса шу асарнинг муаллифидан ривоят қилган”, деди[2]. Муҳаққиқ Абдусалом Ҳорун бир дафтарни 10 варақ деб ҳисоблаган.

Баъзи кишилар бу асарни “Маноқиби Бухорий” деб ҳам номлашган. Улардан бири – Самъоний(ваф. 562 ҳ.)дир. У “Мўъжаму шуйухи-с-Самъоний” асарида ўз шайхи – Абу Бакр Бастомий(ваф. 537 ҳ.)нинг таржимаи ҳоли ҳақида: “Мен Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий тузган “Маноқиби Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий” рисоласини Нишопурда устозим – Абу Бакр Бастомийдан, у Ибн Халаф Шерозийдан, у Абу Тоҳир ибн Миҳравайҳдан, у Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан, у бобоси Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан, у эса шу асарнинг муаллифидан қилган ривояти ила ёздим”, деган[3].

Ибн Ҳажар (ваф. 852 ҳ.) ҳам уни “Ҳудо ас-сорий” номли асарида худди шундай номлаган[4].

Аҳмад ибн Али ибн Халаф Шерозийнинг устоз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ Форсийдан, у Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдан, у бобоси Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдан, у шу асарнинг муаллифи Абу Жаъфар Варроқ Бухорийдан ривоят қилган йўлга кўра, ушбу рисоланинг ривояти машҳур бўлган. Лекин, Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг Абу Жаъфар Варроқ Бухорийдан ривоят қилгани ҳақида бошқа ривоятлар ҳам келган. Улардан:

– “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ривоят қилган ва Самарқандда Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласини ҳам Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ривоят қилган кишиларнинг биттаси Абу Бакр Саффор Муҳаммад ибн Ҳом ибн Ноқиб Бухорий(ваф. 381 ҳ.)нинг ривояти. Унинг таржимаи ҳоли “Сияру аъломи-н-нубало” асарида келган.

Абу Наср Муҳаммад ибн Саид ибн Аҳмад ибн Саид Тожирнинг ривояти. Бу шундай ривоятки, Хатиб Бағдодий ва Ибн Асокир ўзларининг тарих асарларида Абу Наср ривояти ҳақида баъзи маълумотларни келтирган. “Шамоили Бухорий” рисоласининг тўпловчиси Байрутлик Абу Муовия Мозин ибн Абдураҳмон Буҳсалий Байрутий: “Мен Абу Насрнинг таржимаи ҳолини тополмадим”, деган. Дарҳақиқат, бу рисола Абу Абдуллоҳ Фирабрий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Ҳакам ибн Варроқ ибн Хозинка Шамохий (ваф. 319 ҳ.) ва Абу Амр Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Ҳошим Солиҳ ибн Руфайд(253-325 ҳ.)лардан ривоят қилинган.

Абу Жаъфар Варроқ Бухорий ўзининг “Шамоили Бухорий” рисоласини ривоят қилганидан кейин унга яна бир қанча қўшимчалар қўшган. Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” асарида айтади: “Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий: “Мен Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Абу Абдуллоҳ” рисоласига илова қилинган қўшимчалар ҳақида гапирганини эшитдим”, деди”. Имом Заҳабий: “Бу қўшимчалар Ибн Халаф Шерозийнинг ривоятига кирмайди”, деди.

Ҳофиз Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” китобидаги Имом Бухорийнинг таржимаи ҳолида “Шамоили Бухорий” рисоласидан кўплаб ривоятларни келтирган. Эҳтимол, у Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли ҳақида китобнинг кўпроқ қисмини қамраб олгандир. Лекин, Имом Заҳабийнинг китобларидан бошқа манбаларда келган баъзи ривоятларни қамраб ололмайди. Абу Муовия Байрутий толиби илмларга ушбу фойдали рисолани тақдим қилиш учун Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб “Сияру аъломи-н-нубало” ва ундан бошқа асарлардан “Шамоили Бухорий” рисоласининг матнларини жамлаган. У киши: “Ҳофиз Заҳабий тарих ва таржимаи ҳол китобларини ўз асарларига киргизган пайтида қисқартиради. Баъзан китобдан чиқариб ташлайди, бошига қўяди ва охирига қўяди”, деб маълум қилади. Шунда бизларга “Шамоили Заҳабий” асарининг аслидан Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг катта рисоласи ҳосил бўлади. Лекин, у муаллиф тузгандек бўлмайди. Аммо бу рисолани тўплаш, унинг қадрини туширмайди ҳам. Абу Муовия Байрутий ушбу китобда асосан ушбу маълумотларга эътибор қаратган:

– “Сияру аъломи-н-нубало” асаридан Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг ривоятларини жамлаган ва эҳтиёж бўлган сўзларни ифодалаган. Китобнинг охирида, Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” асарида зикр қилмаган Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг ривоятларини алоҳида бир фасл қилиб келтирган.

– Хатоларни тўғрилаш ёки камчиликларни тўлдириш учун “Сияру аъломи-н-нубало” асаридаги ривоятлар билан бошқа манбалардаги ривоятларнинг орасини яқинлаштирган. Уларни ҳошияларга қўйган.

– Мубҳам бўлган баъзи нарсалар учун шарҳлар ва матнларни баён қиладиган изоҳлар ва қўшимчалар қўшган.

Бу рисола – Абу Муовия Байрутий томонидан жамланиб ва ҳошиядаги тушунтирувчи изоҳлар ёзилиб мелодий 2019 йил, ҳижрий 1440 йил Рамазон ойида нашр қилинган. 

Абу Муовия Байрутий бу рисолага беш бетдан иборат муқаддима ёзган. Ушбу муқаддимада рисоланинг номи ва ривоятлари ҳақида маълумот бериб ўтган. Бу муқаддимани Абу Муовия Байрутий ҳижрий 1440 йил Шаъбон ойининг ўн саккизинчи куни ёзган. Сўнг ушбу рисоланинг муаллифи Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берган. Шундан сўнг “Шамоили Бухорий” рисоласининг матнини келтирган. Ушбу рисолани охирида Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг Имом Заҳабийни “Сияру аъломи-н-нубало” асарида келмаган ривоятларини алоҳида бир фасл қилиб келтирган. Имом Бухорийнинг илм талаб қилиш учун босиб ўтган йўллари ҳақидаги харитани келтириш билан рисолани тугатган.

А. Шоназаров
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломи-н-нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассасати-р-рисала, 1992. Ж. 12. Б. 392.
[2] Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад Саховий. Ал-Жавоҳир ва-д-дурар фи-таржимати шайхи-л-ислом Ибн Ҳажар Асқалоний: 3 жилдли. – Байрут: Дору ибн Ҳазм, 1999. Ж. 3. Б. 1260.
[3] Ҳофиз Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Мўъжаму шуйухи-с-Самъоний. – Риёз: Дору олими-л-кутуб, 1996. Б. 1369.
[4] Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳудо ас-сори муқаддимату Фатҳил Борий: 2 жилдли. – Риёз: Дору тойба, 2001. Ж. 2. Б. 357.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …