Дарвеш шайх Азизоннинг Муҳаммад Тоҳир ва Муҳаммад Мўмин исмли ўғиллари бўлганлиги манбаларда қайд этилган.
Муҳаммад Тоҳир ва Муҳаммад Мўмин ҳасабда ҳам насабда ҳам ака-ука эдилар. Оталари каби Алиобод мавзеида таҳсили илм ҳосил қилиб, мазкур ҳудуд яссавия шайхларидан рухсат олиб, ўз замонларида камолга етган саодат манбаи бўлганлар.
Муҳаммад Тоҳир шайх – ҳозирги Пайариқ тумани, Нариман яқинидаги ўз номи билан аталадиган “Муҳаммад Тоҳиршиқ” мозорида мангу қўним топган.
Маҳаллий аҳоли унинг отаси мозорини “Дарвишиқ”, деб атаганлари каби, ўзлари дафн этилган мозорни “Тохиршиқ”, дея эътироф этишган. Аслида Муҳаммад Тоҳир шайхдир. Ул зот XVI асрда яшаб ўтган. Отаси Дарвеш шайх азизоннинг даргоҳида тарбия топиб, шайх Худойдоди Вали суҳбатига мушарраф бўлган ҳамда яссавия силсиласидаги устози Қосим шайх азизон, ул зотнинг устози Мавлоно Вали Азизон, у кишининг устози шайх Худойдод бўлиб, силсилаи жаҳрияи-султония тариқатини давом эттиради…
Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асарида Муҳаммад Тоҳир Сиддиқийни: “Олий мартабали ҳазрат, фазл девонининг жамловчиси, қонунларни тайинловчи, мушкулотни ҳал этувчи, уламо ва фусаҳо ва насаб эгаси, дин нури”[1], дея улуғлайди.
2017 йилнинг 5 август куни Ҳиммат бобо, Ботиржон ҳамроҳлигида Муҳаммад Тоҳир шайх зиёратидан баҳраманд бўлдик. Шу аснода зиёратгоҳда масул вазифани бажариб келаётган Эшмуҳаммад ака билан мазкур мозор билан яқиндан танишишга киришдик. Аммо қабристонда бирон-бир белги (қабртош)ни учратмадик[2].
Бугунги кунда мазкур зиёратгоҳ атрофларида катта ободончилик ишлари олиб борилмоқда…
Энди, Мўмин шайх ҳақида.
Асл исми Муҳаммад Мўмин бўлиб, ул зоти киром акаси Тоҳир шайх каби дастлаб отасидан вирду навофилларни қабул қилиб, тарбия топади, кейинчалик машҳур яссавий шайхи Қосим шайх Азизон Карманагий даргоҳида камолга етади ҳамда ул зоти шарифдан рухсат олиб, муршидлик хирқасини мазкур зотдан олади ва соҳиби силсила бўлади.
Муҳаммад Мўмин шайх умрининг охирини Алиободда ўтказиб, шу ерда, катта ариғ (Пайариқ)нинг жануб томонида, (ҳозирги Алиобод маҳалласидаги “Зилола фермер” хўжалигининг шимол томони, “Мўмин шайх мозори”нинг жануб томонида) дафн этилган. Бу ҳақда Абу Тоҳир Хожа Самарқандий қаламига мансуб “Самария” асарида: “Ҳазрат Мўмин шайх азизон мозори. Дарвеш шайх азизоннинг ўғли бўлган Мўмин шайх азизоннинг мозори ҳам Алиободда, катта ариғнинг жануб томонидадир”[3], дея аниқ маълумот беради.
“Мўмин шайх мозори” қоровули Шуҳрат Эрназаров таъкидига кўра, “Мўмин шайх мозори”нинг жанубий қисми, бир неча сабабларга кўра бундан тахминан 35-40 йиллар чамаси муқаддам бузилиб, ер участкасига айлантирилган. Фақатгина бешта қабртош сақланган. Ушбу қабртошларни кейинчалик маҳаллий аҳоли, ҳозирги “Мўмин шайх мозори”га олиб келиб қўйишган, иккитаси мазкур фермер хўжалиги ер участкасида қолиб кетган. Қабртошларни кўздан кечирганимизда, катта ариқнинг жануб томонидаги “Зилола фермер” хўжалиги ҳудудида иккита қабртошда қуйидаги ёзувларни кўриш мумкин:
- Ҳаза марқаду мағфур (Аллоҳ мағфират қилган) ва марҳум (Аллоҳ раҳмат қилган) мусамма (яъни шу исм билан аталган) Оғо[4] бинт Махзум Мулло Турсун. Фит тарихи санаи арбаъ ва хамсин ва саманимия (854/1450-51 йил).
- Марқаду мағфур марҳум мусамма Бегим Моҳ бинти Зиёмуҳаммад. Санаи фит тарихи шаҳри шаввол тисъа ва саманин ва тисъамия (989/1581-82 йил).
Энди, “Мўмин шайх мозори” ичидаги қабртошлар тўғрисида:
- Вафоти Мавлоно Муҳаммад ибн шайх Қалчуқ ибн шайх Муҳаммад ал-Алиободий … зул ҳижжа арбаъ (4-зулҳижжа ойи) .
- …Биби бинти шайх Муҳаммад …
- Вафоту марҳум мағфур … Муҳаммад … фит торихи шаҳри шаввол санаи арбаъ ашара ва тисъа … (тошдаги ёзувнинг охирини ўқишни иложи бўлмади).
- Вафоту мағфур сана 8 зулҳижжа Ҳол Бека … бинти Юнус .. бек. шаҳри шаъбон санаи тисъа ва арбаъина ва самани мия (849/1445)
- Ҳаза марқаду ал-мағфур ал-марҳум Бек…
- Вафоту Фаҳр Султон бинти Асадуллоҳ Муҳаммадий… (Тош гаҳвора[5] шаклдаги мармартош бўлиб, одатда шундай тошлар султонлар хонадонига тегишли аёлларга қўйилади).
- Яна бир кичикроқ мармартошнинг ёзуви сақланмаган.
Мазкур мозор ва унинг атрофида Мўмин шайхга тегишли қабртошни учратмадик, аммо юқорида кўрилган 3-қабртошни, маҳаллий аҳоли айнан Мўмин шайхга тегишли эканлигини таъкидлашади. Ушбу қабртош, бошқа қабртошларга нисбатан каттароқ қорамтир мармартош, чиройли қилиб ишлов берилган ҳамда тошнинг таг-сандиқлари ҳам мавжуд, вақт ўтиши…, бизнинг имкониятларимизни чеклаб, тошдаги ёзувларни тўлиқ ўқишни сира иложини топмадик.
Мўмин шайх азизоннинг ўғли, тасаввуф тарихидаги муҳим манбалардан бири “Ламаҳот” асарининг муаллифи Олим шайх Азизон бўлиб, унинг, яъни “Олим шайх Азизоннинг файз осор мозори … Алиобод деган ўриндадир. Олим Шайх Азизон Дарвеш шайх Азизоннинг ўғли бўлган Мўмин азизоннинг ўғлидир. Она томондан бобоси Тошкент вилоятига қарашли Қуйлуқ деган ўринда бўлган мавлоно Ҳофиз Қуйлуқийдир”[6].
Олим шайх Азизон 1564 йилда Тошкентда таваллуд топган. Аштархонийлар сулоласи даврида яссавия сулукининг забардаст вакили сифатида фаолият олиб борган…
Олим шайх Азизоннинг вафот этган йили манбаларда турлича келтирилган. “Самария”да 1041/1631 йил, “Туҳфат уз-зо’ирин”[7] ва “Равойиҳ ул-қудс”[8] асарларида 1043/1632 йил санасини қайд этилган. Айрим муаллифлар 1643 йилда[9], 1093/1682 йилда[10] деган бўлса, яна бошқа тадқиқотда 1087/1676-77 йил[11], яна бир ёзишмада 1635 йилда вафот этганлиги қайд этилган[12]. Олим шайх қабри устига қўйилган қабртошда[13] 1042/1632 йил санаси зикр этилган. Бизнингча, охирги манба саҳиҳ бўлиб, Олим шайх Азизон 1042/1632 йилда Алиободда вафот этган. Абу Тоҳир Хожа Самарқандий маълумотига таяниб, унинг таваллуди 972/1564 йил эканлиги ва “Ёшлари саксонга[14] бориб қолган эди”[15], деган қайдни инобатга олсак, Олим шайх Азизон 972/1564 – 1042/1632 йилларда яшаб ўтган, шунингдек, айрим манбаларда Олим шайх Азизон 72 ёшида[16] вафот этган, деган маълумотга кўра, ул зот 970/1562 йил таваллуд топганлиги маълум бўлади. Кўриб чиқилган тарихий ҳужжатларга суяниб, Олим шайх Азизон 1562 йил Тошкентда таваллуд топиб, 1632 йилда Алиободда вафот этган, дея эътироф этсак, кейинги тадқиқотларда қўшимча манбалар синчиклаб ўрганилса, бу борадаги тафовутлар ўз ечимини топади, деб умид қилиб қоламиз.
Олим шайхнинг устози Пирим шайх азизон, ул зотнинг устози Қосим шайх Азизон, (у кишининг устози Мавлоно Кўҳи Нурий) у кишнинг устози шайх Худойдоди Вали (раҳматуллоҳи алайҳ)дир. Шу ўринда Олим шайхнинг устози Пирим шайх ҳақида маълумот бериб ўтиш лозим.
Пирим шайх зиёратгоҳи бугунги кунда мазкур туманнинг Қирқ-сайдов маҳалласи ҳудудига жойлашган бўлиб, тарихда бу ҳудудлар “Сайд Оҳу”[17] номи билан юритилган. Пайариқ туманида жойлашган мазкур қишлоқ номи 1926 йилги аҳоли рўйхатида Каттасайдов, Қирқсайдов, Ўртасайдов қишлоқлари номлари остида қайд этилган. Ёзма манбалардан Хожа Аҳрорнинг 1546 йили тузилган вақф ҳужжатида Саид Оҳу шаклида қайд қилинган. Ўзбек топонимиясида мазкур лексема иштирокида ясалган географик номлар сони анчагинадир. Жумладан, манбаларда Дам Саид (Жуйидивона бўлиси), Беш Саид (Кабуд бўлиси), Довул Саид, Сайдон (Оқдарё), Саидкент (Ғиждувон), Саидхотун (Ромитон) каби топонимлар қайд қилинган, деб ўз тадқиқотида қайд этган Н. Бегалиев[18].
Пирим шайхнинг отаси Қанбар шайх[19] бўлиб, Носириддин Бухорийнинг маълумотига кўра, ул зоти киром ўзи қурдирган ҳонақоҳда яшаб, шогирдларга таълим-тарбия бериб, 87 ёшларида Сайд Оҳу қишлоғида вафот этган[20].
Соҳиби “Ламаҳот” шундай дейди: “Пирим шайх Азизоннинг умрлари 87 ёшга етгач бу байтни ўқиб Ҳай, деб жон бердилар:
Байт:
Бандага яхшидур ўз қусурила,
Худо даргоҳида узр сурагай.
Варна худойимга ҳаққо қодриҳи
Лойиқ ишни қачон, ким келтиролгай[21].
Ҳазрат Пирим шайх ёшлигидан завқу шавқ билан устозлар суҳбатига ҳозир бўлар, улардан доимо таълим-тарбия олишга интилар, шу боис, устозлари унга “Ошиқ” куняс (лақаб)ини беришган эди.
2017 йил 22 сентябрда қилган зиёратимиз давомида Пирим шайх мангу ором топган бу файзли мозор билан яқиндан танишганимизда ул зотнинг даҳмаси, мозор ўртасида, атрофи пишиқ ғишт билан ўралган тахминан 8х8 метр чамаси баланд супада эканлиги маълум бўлди. Супа устида бир қанча қабртошлар мавжуд…
Пирим шайхнинг шогирди бўлган Олим шайх, ўз замонасида етук илм соҳиби олим сифатида фаолият кўрсатиб, яссавия тариқатини тебратиб, Самарқандда Улуғбек мадрасасининг жанубий-ғарбий томонида (1032/1622-23 йилда) хонақоҳ барпо этади[22], кейинчалик Алиобод мавзеъида ҳам хонақоҳ[23], масжид ва мадраса барпо этади[24].
Шунингдек, ул зот томонидан “Ламаҳот” асари жаҳрия-султония тариқати вакиллари баёни асари[25] ҳамда “Дар радди мазҳаби шиъа” рисоласини ёзганликлари тарихий манбаларда зикр этилган.
Олим шайх Азизон Алиободийннинг Мавлавий Муҳаммад Шариф, Мавлоно Хожа Усмон ва Хожа Байрам каби шогирдларни тарбиялаб камолга етказади.
Олим шайх Алиободийнинг Хожа Абдурашид[26], Хожа Амир Баҳоуддин[27], Хожа Муҳаммад Обид исмли ўғиллари ва Моҳ Жон Бегим ҳамда Моҳ Бегим исмли қизлари бўлганлигини тадқиқотчилар томонидан қайд этилган[28].
Олим шайхнинг шогирди мавлоно Усмон, унинг шогирди мавлоно Муҳаммади Имло Бухорий, унинг шогирдлари домло Ниёз Чақмоқий, шайх Махзум, Болтабой Бухорий, Охунд мулло Ниёз Муҳаммад Сўфи, домло Неъматуллоҳ Ошиқ[29].
Олим шайхнинг яна бир шогирди мавлоно Муҳаммад Шариф Бухорий, унинг шогирди мавлоно Имло[30], унинг шогирди Қосим Косагорон, унинг шогирди мавлоно Носириддин, унинг шогирди мавлоно саййид Абдураҳим хожа, унинг шогирди мавлоно Абдулхолиқ хожа, унинг шогирди Саййид Ҳасан хожа[31].
Бугунги кунда ҳам ўз ўтмиши сержилолиги билан ажралиб турадиган мазкур зиёратгоҳлар тарихи борасидаги илмий изланишлар давом этади.
азизоннинг хонақоҳ вақф хужжати сақланади. Мазкур вақф хужжати доимий янгиланиб борилган. Вақф хужжатида Бухоро амирлари Амир Шоҳмурод, Амир Ҳайдар ва Амир Насруллоҳларнинг муҳри урилган. Хужжатни рус тилига Лапин Ш. таржима қилган. Ҳужжатнинг орқа томонида тангадек катталикда “Абдулҳакимбой”, деб ёзилган муҳр босилган. Мазкур ҳужжатни В.Вяткин ҳам кўздан кечирган. Унинг маълумотига кўра “Ибодулла шайх азизон” (Ясавия тариқати вакилларидан бири) номи билан боғлиқ вақф хужжатлари тўғрисида ҳам айтиб ўтади (ушбу хужжат ЎзМДА И-18, 1-рўйхат, 4-китоб, иш-10356 рақам остида сақланмоқда, бу ҳақда кейинги тадқиқотларда батафсил тўхталиб ўтамиз). Бу ҳақда қаранг: Вяткин В. Справочная книжка Самаркандской области. Выпуск VII. Самаркандъ. 1902. – Стр. 12.