Инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китоб Қуръони каримдир. Инсон уни ўқиган сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади. Қалбларимизни ҳидоят нури билан мусаффо этаётган Қуръони карим тарихига назар ташлайдиган бўлсак, айрим ўзига хос жиҳатларини мулоҳаза қилмасликнинг иложи йўқ.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳассаломдан Қуръони каримни эшитиб ўрганиш билан бирга у кишига ўқиб ҳам берганлар. У зот ҳар йили Рамазон ойида бир марта Қуръони каримни Жаброил алайҳассаломга бошидан охиригача ўқиб ўтказган бўлсалар, вафот этадиган йиллари икки марта ўқиб ўтказганлар, дейилади манбаларда.
Ўз навбатида саҳобаларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни ушбу тартиб асосида таълим берар эдилар. Аста-секин саҳобаларнинг ичида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган қироат бобида кўзга кўринганлари етишиб чиқа бошлайди. Улар бошқа саҳобаларга Қуръони карим қироатидан дарс берадиган бўлишади.
Қироатда устоз бўлган саҳобардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумларни мисол тариқасида зикр килишимиз мумкин.
Ёши катта саҳобалар кичикларига ва кейинроқ исломга кирганларга қироатни ўргатар эдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаларга қироатдан устоз бўлганлар. Улардан кейинги авлод тобеинлар ҳам Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеинларнинг ичида қироат илми бобида кўзга кўринганлари етишиб чиқа бошлади. Улар бошқаларга Қуръони карим қироатидан дарс берадиган бўлишди.
Тобеинларнинг даврига келиб ислом кўп ерларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди.
Шунинг учун ҳам тобеинлардан қироатга моҳир ва устоз бўлган зотлар ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларни турли ўлкаларда қироат илмида ўз мактабларини яратишга эришганларини кўрамиз.
Мадина мактабида машҳур бўлганлари: Ибн Мусаййиб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулаймон ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муоз ибн Ҳорис, Абдураҳмон ибн Журмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жундуб, Зайд ибн Асламлар эди.
Макка мактабида машҳур бўлганлари: Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Малика ва бошқалар.
Куфа мактабида машҳур бўлганлари: Алқама, Ал-Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шураҳбийл, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдураҳмон Суламий, Саъид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбийлар.
Басра мактабида машҳур бўлганлари: Абу Олия, Абу Рожа, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сийрийн, Қатодалар.
Ҳижрий II асрга келиб мусулмонларни сони кенгайиб диний таълимни ўрганишда фиқҳ, ақоид, луғат, балоғат каби илмлар қаторида қироатда ҳам алоҳида йўналишлар пайдо бўлди. Жумладан, Қуръони карим қироати бўйича алоҳида илм шаклланишига ва уларнинг имомлари пайдо бўлишига олиб келди.
Қироат ва қориларнинг сони анча кўпайди. Аста-секин уларни тартибга солиш бошланди. Ўн тўрт қироат, ўн қироат ва ниҳоят етти қироатга иттифоқ қилинди. Бу қироатларнинг бир-биридан фарқи баъзи бир сўзларни талаффузида ва шунга ўхшаш жузъий нарсаларда эди.
Баъзи қорилар тобеин, бошқалари эса табаа тобеъинлардан бўлиб, улар ҳаётларини Қуръон илмига бағишлашди ва бу илм билан машҳур бўлишди. Шу тариқа ўн қироат имомларининг санадлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламгача мутавотир ва машҳур деб иттифоқ қилинган.
Ҳатто шу даврга келиб, ажам мусулмон халқлар орасида Қуръони каримни тиловати ва қироатини ўрганишда қийинчиликлар юзага кела бошлайди. Чунки араб тилини билмаган халқларда уни тартил билан тиловат қилиши осон кечмайди. Натижада, бу масалани ҳал этиш учун Усмоний Мусҳафга қироат соҳаси мутахассислари ва тилшунос олимлар томонидан нуқта ва ҳаракатлар қўйила бошланди. Илгари ҳозиргидек, нуқта ва белгилардан холи ёзувда бўлган. Яъни, нуқтаси бор ҳарфларнинг нуқталари қўйилмаган. Чунки, у даврда аксарият кишилар Қуръонни ёд билган, кейинчалик ҳарфлар усти ёки остига нуқта ва белгилар қўйишга эҳтиёж сезилган. Шу тариқа аста-секинлик билан Қуръон каримни ўқувчи ҳар бир киши амал қилиши лозим бўлган тажвид қоидаларига бўлган эътибор кучайди.
Баъзилар унинг асосчиси Халил ибн Аҳмад Фароҳидий (Уч ҳаракат (фатҳа, замма, касра) аломатларини Аббосийлар халифалиги даврида яшаган араб тили устозларидан бири – Халил ибн Аҳмад Фароҳидий (вафоти 170 ҳ.) йўлга қўйди)[1] деса, бошқалар Али розияллоҳу анҳуни топшириғи билан Абул Асвад Дуалий амалга оширган дейишади.[2] Абул Асвад Дуалий бир қорини «إن الله بريء من المشركين ورسوله»[3] оятидаги (варасулуҳу)ни (мушрикина)га атф қилиб (варасулиҳи) деб ўқиётганлигини эшитиб ғазабланади, сўнгра юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ҳарфлар усти ёки остига нуқта ва белгилар қўйишга киришади.[4] Кейинчалик Қуръони каримни тиловат қилувчи одам хатога йўл қўймаслиги учун тажвид илми яратилди.
Ҳозирга келиб, мазкур қироатлар ичида кўп тарқалгани ва амалда кўпроқ ўқилаётгани иккитадир.
Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат.
Бу қироатга ислом оламининг Шарқ ҳудудлари ва кўплаб марказий ўринларда амал қилинади.
Имом Нофеъдан Варш ривоят килган қироат. Бу қироат эса Ливиядан бошлаб, Ислом оламининг Ғарбий ҳудудларида кенг тарқалган.
Бу икки қироат орасидаги тафовутни фақат мутахассис бўлган олимларгина аниқ фарқлаб олишлари мумкин. Улар орасидаги фарқли ўринлар ҳам жуда кам. Мисол учун, Осим қироатида ياايهاالنبي “Йаа айюҳаннабийю” деб ўқилса, Нофеъ қироатида ياايهاالنبي “Я айюҳаннабийъу” деб ўқилади. Осим қироатида والضحي“Ваззуҳаа” деб ўқилса, Нофеъ қироатида والضحي “Ваддзуҳее” деб ўқилади. Ҳолбуки, бу сўзлар мусҳафи шарифда бир хил ёзилади[4].
Албатта, ҳар бир қироатнинг имоми ўз устозидан эшитганини шогирдларига айнан ўзини нақл қилган.
Шундай экан, қироат ва тартил илмининг негизини билмасдан туриб, у ҳақда сўз айтиб бўлмайди. Зеро, Каломи шарифни тажвид ва тартил билан тиловат қилишимизда, албатта, қироат илмига эҳтиёж сезамиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг Каломини тўғри талаффуз этиб, хушовоз тарзда ўқишимизда куч ва ғайрат ато этсин!