Ислом – меҳр-шафқат динидир. Зеро, Ислом дини инсонларни бир-бирига меҳр-шафқатли ва раҳмли бўлишга чорлайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ўзи барча махлуқотларига ўта раҳмли ва меҳрибондир. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги чексиздир. Аллоҳ таоло ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат пайғамбари қилиб юборган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”,[1] деган. Ушбу ояти каримадаги “раҳмат” сўзи жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақиқатни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмасликлари, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканликларидан хабардор бўлган инсонларгина тушуна олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга ниҳоятда мулойим ва меҳрибон бўлганлар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу даражада мулойим бўлишларининг сабаби бор эди. Уни Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!”,[2] деб баён қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. Мулойимликни яхши кўради. Қўполга бермаган нарсаларни мулойимга беради”, деганлар.
Абу Абдуллоҳ Антокий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар одамлар сен туфайли гуноҳкор бўлиб қолиш эҳтимоли бўлса, сен раҳм-шафқат юзасидан улардан нарироқ юргин, илло намоз вақтидагина жамоатга қўшилгин”, деб насиҳат қилар экан.
Бир куни Маъруф Кархий раҳматуллоҳи алайҳ Дажла дарёси бўйида кетаётса, қўлларида хамр тутган бир неча маст ҳолдаги кишиларга дуч келиб қолибди. Шунда Маъруф Кархийнинг шериклари: “Ҳазрат, бу бетавфиқларни бир дуои бад қилинг”, дебдилар. Маъруф Кархий эса: “Эй Роббим! Бу бандаларинг ҳозир шу дунёда қандай шоду хуррам юрган бўлса, охиратда ҳам буларни худди шундай хурсанд қилгин!”, деб дуо қилибдилар. Бундан ҳайрон бўлган дўстлари: “Эй тақсир, биз бу Худобезориларни дуоибад қилинг десак, сиз аксини қилдингизку?!”, дебдилар. Шунда Маъруф Кархий: “Бирор мусулмоннинг зиёнига дуоибад қилишдан Аллоҳ сақласин! Дўстлар, мен уларни охиратда ҳам шод бўлишини Худодан тиладим. Аммо охиратдаги шодлик улар тавба қилса, Аллоҳ кечирса ва Унинг раҳматига ноил бўлса бўладику…”, деб жавоб берган экан.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти). У зот ҳатто ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқатли бўлишни таъкидлаганлар. Муқаддас динимизда Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларига раҳм-шафқат, меҳрибончилик ила муносабатда бўлиш таълим берилган. Ҳадиси шарифларда чанқоқ итга сув берган кишига ажр берилганлиги ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши йўлда жуда қаттиқ чанқоқликка учради. Шу пайт бир қудуқни кўриб, унга тушди ва ўз чанқоғини қондирди. Сўнгра у ердан чиқса бир ит чанқоқдан тили осилиб тупроқ ялаётган эди. Шунда у: “Бу ит ҳам мен чанқаганим каби сувга ташна бўлиб қолибди”, деди-да, қудуққа тушиб оёқ кийимига сув тўлдириб, итни суғорди. Шунда Аллоҳ таоло унга раҳмат назари билан қаради ва гуноҳларини мағфират қилди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, бизларга ҳайвонлар сабабидан ҳам ажр ёзиладими?”, деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир тирик мавжудот сабабли ажр бор”, дедилар.” (Муттафақун алайҳ).
Жумладан, ҳайвон сўймоқчи бўлган киши пичоғини ўткирлаб олиши, унинг жонини оғритмаслиги, сут соғадиганлар қўлларининг тирноғини олиб соғишлари, ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр борлиги, яъни унга ем ёки дон берса савоб бўлишини айтганлар.
Муҳаммад алайҳиссалом умматиман деган ҳар бир инсон доимо ақл билан иш тутиши, инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам, ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам зарар етказмаслиги, меҳр-шафқатли бўлиши керак. Ана шундагина оламда доимо тинчлик барқарор бўлади. Ислом қўполлик, дағаллик, дилозорлик, адоват, зулм каби маънавий иллатлардан қайтаради. Аксинча, яхшилик, эзгулик, самимият, меҳрибонлик, мусулмонларга нисбатан муҳаббат ва аҳилликка чорлайди! Зеро, Ислом меҳр-шафқат ва эзгулик динидир!