Ҳамма замонларда, жумладан ижтимоий маданий ҳаётнинг барча соҳаларида мерос масаласи алоҳида ўринга эга бўлиб келган. Бу масала ислом фиқҳида, яъни қонунчилигида ҳам алоҳида ўрин тутади. Мерос масаласи ҳукмлари ислом шариатининг фароиз илми масалаларида баён этилади.
Фароиз – бу содда қилиб айтганда мерос ҳақидаги илм. Фароиз илми мерос ва ворислар ҳамда уларнинг қай бирига қанча миқдорда мерос тегишини белгилаб берадиган фандир. Буни билиб, унга амал қилиш – жамиятда ва оилалардаги чиқиш мумкин бўлган низоларнинг олдини олади ҳамда бартараф этилишига ёрдам беради.
Жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир муборак ҳадиси шарифларида “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. У умматимдан энг аввал унутиладиган илмдир”[1], деганлар. Мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошқа илмларга бунчалик равишда тарғиб қилмаганлар. Чунки бу илм кишиларга қолган меросни бўлишга оид жуда ҳам нозик нарсадир. Инсонлар ўз меҳнатисиз яқин кишисининг мол-мулкининг маълум қисмига эгалик қилар экан, бу жараён доимо меросхўрлар ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлиб келган. Шунинг учун ҳам мерос тақсимлаш ишига ҳамма ҳам ўзини уравермайди. Низоларга аралашишни хоҳламайди. Шу сабабли ҳам Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам бу илмни ўрганишни тарғиб қилганлар. Албатта, ушбу илм ҳалол-ҳаромни ва бировнинг ҳаққини тўғри ва адолатли ажрата олишни талаб қилади. Мусулмонлар, айниқса, дин пешволари бу илмни мукаммал билишлари лозим. Чунки улар кишилар орасида доимий тушунтиришлар олиб боради, лозим бўлган тақдирда мусулмонлар ўртасида меросни шаръий йўл билан бўлиб, оилалардаги меҳр-муҳабатни бардавомлигини таъминлайди.
Фароиз илми маданий ҳуқуқимизнинг учинчи бўлагини ташкил қилади. Унда вафот этган кишидан қолган молларга тааллуқли ҳуқуқлар ва бу молларнинг ҳақдорларга қайси йўл билан тақсимланиши ҳақида баҳс юритилади.
Яъни, фароиз илми марҳумдан қолган меросга шу марҳум меросхўрларидан ҳар бирининг табиий ҳуқуқларини, мафрузини, яъни фарз бўлган ҳиссасини, тегишли насибаларини фарқлай билишнинг фиқҳий қоидалари ўзида мужассамлаштиради. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида зикр қилинган даъватлари, улуғ уламоларнинг беҳисоб қимматли асарлар таълиф этишига сабаб бўлди.
“Мерос” сўзининг луғатда шундай маъноси ҳам борки, у бир нарсанинг бир кишидан иккинчи кишига , бир қавмдан иккинчи қавмга ўтишини англатади. Бу нарса фақат мол- мулкка тегишли бўлмай, илм, шон-шараф ва бошқа маъноларни ҳам ўз ичига олади.
Шарий маънода эса, мерос мулкиятининг вафот этган кишидан унинг тирик меросхўрларига ўтишини билдиради.
Шариат илмига, хусусан, мўътабар манбаларга таяниб ёзилган Боситхон Шошийнинг “Фароиз илми” асарида баён қилинган маълумотларга кўра, ўлган кишидан қолган тарикага, яъни мулкиятга бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қўйидаги тартибда адо этилади.
- Бир мусулмон вафот этганидан кейин унинг мол-мулки ҳисоб қилиниб, биринчи навбатда уни кафанлаб кўмиш учун кетадиган сарф-харажатларга ажратилади.
Бунда уни кафанлашга, ювишга, кўмишга, гўрини қазишга, олиб бориб кўмишга кетадиган харажатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу харажатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳаққи бўлмайди.
- Ундан кейин марҳумнинг одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади.
Бу ҳақ ҳам меросхўрларнинг ҳаққидан устун ҳақ ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда “ Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча қарзига боғлиқ бўлиб туради”,[2] деганлар. Бошқа бир ҳадисда айтилишича, ҳатто маййит шаҳид бўлса ҳам қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат яқинлари унинг қарзини адо этганларидан сўнг шаҳидларга ваъда қилинган мартабага эришади.
- Маййитнинг молиявий васиятларига сарф қилинади.
Агар васият қилинган мол миқдори меросга қолган мол миқдорининг учдан бир қисмига ёки ундан оз миқдорига тенг бўлса, васиятга амал қилинади. Учдан биридан кўп миқдорга эса васият ўтмайди. Қолган мероснинг учдан бир қисмигача миқдоридаги васиятни ҳеч кимдан сўрамай берилаверади. Аммо учдан бирдан ортиғи меросхўрларнинг ҳаққи бўлади. Агар меросхўрлар рози бўлса васият қилинган хайрли ишга сарф қилинади, улар рози бўлмасалар сарф қилинмайди. Чунки Саъд ибн Абу ваққос ўз молларининг ҳаммасини садақа қилиш ҳақида васият қилмоқчи эканликларини айтганларида Пайғамбаримиз с.а.в. унга рухсат бермаганлар. “Ярминичи”, деб сўраганларида ҳам изн бермаганлар. “Учдан бириничи”, деганларида, у зот: “Учдан бири майли, учдан бири ҳам кўп, сен меросхўрларингни бой ҳолда қолдириб кетмоғинг, уларни одамлардан тиланиб юрадиган ҳолларида қолдириб кетмоғингдан яхшироқдир”[3], деганлар.
Жони узилаётган одамнинг ўз ўлими олдидан кўзига ҳеч нарса кўринмай, охиратини ўйлаб бор-будини садақа қилишга тайёр туради. Агар унинг васияти ўтадиган бўлиб қолса, меросхўрларга ҳеч нарса қолмаслиги аниқ. Бунда меросхўрларга зулм бўлади.
Бу ҳукм орқали меросхўрларнинг ҳақлари ҳимоя қилинган. Шу билан бирга молни топган кишининг ўлимидан олдин хайр-эҳсон қилиш ниятини бутунлай тўсмаслик мақсадида, мол-мулкнинг учдан бир миқдоридаги васияти амалга ошадиган қилиб қўйилган. Масалан, бир одам вафотидан олдин “мендан қоладиган ҳамма пулга масжид қурилсин” деб васият қилган бўлса, унинг пули 30000 чиқса, 10000 масжидга ишлатилади, 20000 меросхўрларга бўлиб берилади.
- Майитнинг кўмиш харажатлари, қарзи ва васиятдан (хайрли иш учун қилган васияти) ортиб қолган моли меросхўрларга бўлиб берилади.
Бунинг учун кимлар мерос олиш ҳаққига эга ва меросхўрлиги даражаси қай даражада эканини билиб олишимиз керак.
Мерос олиш уч хил йўл орқали олинади:
- Насаб йўли билан.
Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ва амакилар ҳамда бошқа тоифадаги яқинлар ва қариндошлар шунга киради. Бу тоифани уламолар, ота-она ва уларга мансуб кишилар деб атайдилар.
- Никоҳ йўли билан.
Тўғри, шарьий йўл орқали никоҳ билан боғланган кишилар орасида ҳам бир-биридан мерос олиш ҳақи жорий бўлади. Фосид ва ботил никоҳ туфайли мерос олиш ҳаққи жорий бўлмайди.
- Қулни озод қилиш йўли билан.
Аввалги вақтда озод қилинган қул вафот этса-ю, меросхўри бўлмаса, ундан қолган меросга уни озод қилган киши ҳақли бўлган.
Ушбу айтиб ўтилган меросхўрларнинг меросхўрлик даражаси турлича бўлади. Маййитдан мерос олишга ҳақли бўлган ворислар ўз ҳақларини олишда баробар эмаслар. Улар бир-бирларидан мерос олишда ўз даражалари билан фарқ қилади. Уларнинг даражалари қуйидагичадир:
- Асҳобул фуруз – фарз эгалари. Буларга биринчи бўлиб меросдан Қурьон, суннат ёки ижмоъда белгиланган миқдорда мерос берилади.
- Асабат насабия – насабий қариндошлар. Бунда фарз эгалари меросда белгиланган ҳақларини олиб бўлгач, кейин насабий қариндошларга меросдаги ҳиссалари берилади. Бунга, ўғилнинг ўғли, туғишган амаки каби маййитнинг яқинлари киради.
- Асабат сабабийя – сабабий қариндошлар. Булар озод қилиш орқали қариндошлиги боғланган киши, яьни қул озод қилувчилар. Озод қилинган қул вафот этганида, унинг фарз эгаларидан ёки насаб қариндошларидан бирорта вориси бўлмаса, бу ҳолда сабабий қариндош, яьни уни озод қилган киши мерос олади. Қул озод қилиш йўли билан қариндош бўлган кишига “мавлал атоқи” дейилади. Бу “озод қилиш ҳуқуқига эга бўлган киши деганидир. Агар қул озод қилган кишининг ўзи тирик бўлмаса меросни унинг ўғил ворислари олади.
- Завил арҳам. Фарз эгаси ёки асаба бўлмаган узоқроқ қариндошларнинг бирортаси бўлмаса, меросни завил арҳамга берилади. Бу ҳанафий ва ҳанбалийларга кўрадир. Шофеьий ва моликийларга кўра, эса завил арҳамга мерос берилмайди. Балки фарз эгаси ёки асаба бўлмаса меросни байтул молга топширилади.
- Мавлал муволот. (яьни насаби номаьлум бир шахс бошқасига “сен менинг ҳожамсан, мен ўлсам мендан мерос оласан, агар жиноят қилсам уни товонини тўлайсан” деганда, у ҳам қабул қилдим деган кишига мавлал-муволот дейилади). Олдинги тўрт қисм ворисларнинг бирови бўлмаса, мерос мавлал муволотга берилади.
- Насаби иқрор қилинган киши, яьни маййит ҳаётлик вақтида бировнинг насабини иқрор қилган бўлса, ота- онаси бир кишини бу менинг акам ёки укам деб тан олса, иқрор қилинган киши юқорида мазкур ворислардан бири бўлмаса меросни олади. Бу ҳолатда ворис тўртта шарт асосида мерос олади.
Биринчидан, насаби иқрор қилинган кишининг насаби номаьлум бўлиши.
Иккинчидан, иқрор қилувчининг иқрори насабнинг собит бўлишида ўзидан бошқага нисбат берган бўлиши керак. Масалан: “бу акам” деб иқрор қилиши билан насабни отасидан собит бўлганига ишорат қилинади.
Учинчидан, бу иқрор билан насаби собит бўлмаслиги, яьни бу акам деб иқрор қилса, бу иқрорни отаси тасдиқламаслиги керак.
Тўринчидан, иқрор қилувчи ўлгунича иқрорида туриши.
- Васият қилинган кишига молнинг барчасини берилади. Юқорида зикри ўтган ворисларнинг бирортаси мавжуд бўлмай, маййит ҳамма молини васият қилган бўлса, васият қилинган кишига берилади.
- Байтул мол. Яьни, мазкур ворислар мавжуд бўлмаса, меросни йўқолиб кетишдан асраш ва мусулмонларнинг умумий манфаатларига ишлатиш учун давлат хазинасига топширилади.
Бунда меросхўрларнинг ҳар бири фароиз илмида гуруҳларга ажратиб, қай бири қанча мерос олиши, бири бўлмаса ундан пасткиси унинг ўрнига қачон ўтиши, буларннг барчаси чуқур ва далиллар асосида ўрганилган.
Шундай қилиб фикримизча, энг илғор исломий қадриятлар турмуш тарзимизнинг таркибий қисмига айланиб бораётган ҳозирги шароитларда ушбу масалаларни атрофлича билиш ва таҳлил қилиш мерос ҳақидаги замонавий қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида уларни имкон қадар инобатга олиш жамиятимизни маънавий жиҳатдан соғломлаштиришга, ахлоқий муҳитни қарор топтиришга муайян даражада хизмат қилади.
Ибрагимова Муҳаббат, Низомий номидаги ТДПУ
академик лицейи Хорижий тиллар кафедраси мудири
Фойдаланган адабиётлар
- Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший. “Мисбоҳул анвор- Муқаддимаи илми фароиз”. Ғофур Ғулом нашриёти, Тошкент, 2016.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт” 12-жузъ, Шарқ нашриёти, 2015 йил.
- Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони Карим маъноларининг таржимаси”. Ислом университети нашриёти. 2012 йил.
- Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд Мусилий Ҳанафий. “Ал-ихтиёр ли таълилил мухтор”. Азҳар университети марказий идораси. 1989 йил.