Давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси том маънода барча соҳадаги ислоҳотлар жараёнларини чуқурлаштиришнинг ўзига хос “Йўл харитаси” бўлди.
Шавкат Мирзиёев асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини, Асосий Қонун деб аталадиган бундай ҳужжат башарият ҳаётида озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ва эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарганини таъкидлар экан, Амир Темур “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деганини қайд этди.
Яъни лўнда қилиб айтганда, ҳар қандай Конституция ва унинг асосида таъминланадиган қонун устуворлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади. Мана шу тамойил маросим иштирокчилари ва бутун халқимизга қарата сўзланган маърузанинг ўзаги бўлди.
Масаланинг амалий жиҳатига тўхталган Президентимиз Ўзбекистонда қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш, айниқса, долзарб эканини таъкидлаб, жорий йилнинг ўзида етмишдан ортиқ қонунлар, 350 дан зиёд Фармон ҳамда қарорлар қабул қилингани ва улардан кўзланган мақсадлар ҳақида сўз юритди. Айтиб ўтилганидек, вазир ёки ҳоким қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунмаса, ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмаса, ислоҳотларнинг илдамлаши, одамларда ташаббус уйғотиш қийин бўлади. Шу боис кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, қонунларни билиш ва қўллаш бўйича мутасадди раҳбарлар фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишга биринчи даражали эътибор қаратиш лозим.
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори билан иш тутиш борасидаги янгиланишлар ҳам муқаррарлик тусини олганини, давлатимиз раҳбарининг ички ва ташқи сиёсатдаги долзарб масалалар қатори айни шу йўналишдаги муҳим ташаббуслари халқаро майдонда очиқ эътирофга сазовор бўлаётганини қайд этиш лозим бўлади.
Хусусан, мамлакатимизда ислом дини, мовароуннаҳрлик улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон — кўп миллатли, кўп конфессияли мамлакат. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий, Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг бунёдкор моҳиятини очиб берди.
Янги очилган масканлар беихтиёр Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан янграган ушбу сўзларини ёдга солади:
“Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.
Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони Каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган”.
Ундан олдинроқ рўй берган воқеаларни хотиримизга келтирайлик. Юртбошимиз 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди ва барча қатнашчилар буни бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Хайрли ишнинг барори ҳам ўзини узоқ куттирмас экан — 2017 йилда марказ очилиши тўғрисида Президент қарори чиқди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади. Унинг лойиҳаси, қурилиши, жиҳозланиши билан муҳтарам Президентимиз шахсан бир неча бор бевосита танишганини айтиб ўтиш жоиз.
Марказ ўз фаолиятини бошлаганидан кейин Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланиб келмоқда. Бу ерда хориждаги турдош тузилмалар билан алоқаларни кенгайтириш, халқаро миқёсда анжуманлар ўтказиш, аждодларимизнинг бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш, етук мутахассислар тайёрлаш учун барча зарур шарт-шароит яратилган.
Бугунги кунгача Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 8 та асарнинг таржимаси, 50 та китоб нашрини амалга оширди. Хорижий давлатлардаги 21 илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди ва бу жараён давом этмоқда. Марказда қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва уларни жамлаш бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1000 дан зиёд қўлёзма ва тошбосма асарларнинг каталоги тайёрланиб нашр этилди ҳамда 3000 дан зиёд қўлёзмаларнинг электрон нусхалари хорижий фондлардан олиб келинди. Жорий йилнинг ўзида 6 та халқаро семинар ва конференция ташкил қилинди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида диний-маърифий соҳада ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан 2020 йилда марказда ўтадиган “Ислом маърифати ва ҳозирги замон” мавзуидаги илмий-амалий семинарга, шунингдек, 2020 йилда Бухоро шаҳрининг “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан ташкил этиладиган тадбирларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, давлатимиз раҳбари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг жорий йил 15 июнь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган бешинчи саммитида сўзлаган нутқидаги эзгу ният ва хайрли мақсадлар ҳаётда ўзининг амалий инъикосини топаётганидан далолат беради. Ўшанда Шавкат Мирзиёев “Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш” масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф қилиб, бунда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини айтган эди.
Бу билан, жумладан, марказни ташкил қилишдан кўзланган мақсад, билдирилган умид бир жумла орқали ўз изоҳини топди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бундан буён ҳам ана шу юксак ишончни оқлаш, унинг негизидаги порлоқ орзу-умидларни рўёбга чиқариш ва муҳим вазифаларни бажариш йўлида бутун куч-ғайратини сафарбар қилиб, барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Президентимиз таъбири билан айтганда, ушбу марказ Имом Бухорий меросини тадқиқ этишда, башариятни илм, эътиқод ва тараққиётга чорлашда дунёдаги маърифат масканларининг юраги бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.