Home / МАҚОЛАЛАР / Абу Ҳафс Умар Насафийнинг илмий мероси

Абу Ҳафс Умар Насафийнинг илмий мероси

Тўлиқ исми Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий Самарқандий. Бу киши муфассир, фақиҳ, муҳаддис, усулул фиқҳ олими, тарихчи, адиб, назмда ижод қилган тилшунос ва наҳвшунос бўлган.

Абу Ҳафс Насафий ҳақида 20 дан ортиқ манбада хабар берилади. Абу Ҳафс Насафийнинг ҳаёти ҳақида илк маълумотни унинг кичик замондоши Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний Марвазий беради. Масалан, Абу Саъд Самъоний ўзининг “Китобул ансоб” асарида Абу Ҳафснинг номини 27 жойда зикр этган. Абу Ҳафс Насафий илк таҳсилни она юрти Насафда олди. Олим ҳадис бўйича энг биринчи устози сифатида Абул Аббос Мустағфирийнинг невараси ҳофиз Абу Ражо Қутайба ибн Муҳаммад Усмоний Насафийни зикр этади. Абу Ражо Насафдаги “Боби мақсура” номли жойдаги жума масжидида ҳадис имло қилганида, ёш илм толиби Абу Ҳафс умрида биринчи маротаба ҳадисларни хатга тушира бошлади.

У кишининг машҳур устозлари:

  1. Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий;
  2. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий;
  3. Али ибн Ҳасан Мотуридий;
  4. Ҳусайн Кошғарий;
  5. Абул Қосим ибн Баён. Бу зотдан Бағдодда таълим олган;

Абу Ҳафс Умар Насафий кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, ҳатто у зот устозларининг исми шарифлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” (Умарнинг устозлари ададларини санаш) номли алоҳида асар ҳам таълиф этган. Бу асарда муаллиф беш юздан ортиқ устозларининг исми шарифларини жамлаган.

У киши фақат бир марта, яъни 1113-14 йили Ҳаж амалини бажариш мақсадида Бағдод орқали Маккага сафар қилди. Аммо у кишининг сафари узоқ давом этмай, кейинги йили ўз юртига қайтди.

Турли илм соҳаларида тажриба орттирган Абу Ҳафс ўз илми толибларига Самарқанд масжид ва мадрасаларида дарс берди. Абу Ҳафс ҳанафий фиқҳи соҳасида сермаҳсул ижод қилди. Унинг бу соҳада ёзган саккизта асарининг номи келтирилади.

Абу Ҳафс Насафий калом илмида Имом Мотуридийнинг анъаналарини давом эттирди. Абу Ҳафс Насафий ўзининг бобокалон устози Имом Мотуридий таълимотини ихчам, қисқа шаклга келтириб, мотуридия таълимотини кенг ёйишга хизмат қилди. Абул Муин Насафий вафотидан бироз кейин Абу Ҳафс Насафий ўзининг “Ақоид ан-Насафий” асарини ёзади. Ушбу асар ихчам бўлишига қарамай нуфузи “Табсиратул-адилла”дан кам бўлмаган. Абу Ҳафс Насафий ўзининг “Ақоид ан-Насафий” рисоласида Мотуридийнинг “Китобут-тавҳид” ва Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул-адилла” асарларида кўтарилган калом илмининг янги босқичини муайян шаклга солиб, ихчам шаклда берганлиги кузатилади. Демак “Ақоид ан-Насафий” асари моҳиятан Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобига мухтасар шарҳдир. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини танитиш ниҳоясида: “Ким “Табсиратул адилла”га назарса солса, Умар Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари “Табсиратул адилла”нинг фиҳристи эканини билади”, дейди.

Асар Шарқда кенг тарқалган, мадрасаларда ўқув қўлланма сифатида ўқитилган. Ҳар бир талаба ушбу рисоланинг матни билан ёддан таниш бўлишган. Чунки у қадар катта ҳажмда бўлмаган, хат тури ва китоб ҳажмига кўра уч, беш, етти варақлар атрофида бўлган. У киши ёзган “Ақоид ан-Насафий” асари ислом оламида кенг ўқилиб, унга кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. Устоз Саййид Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳабаший (1183-1197) ўзининг “Жамиъ аш-шуруҳ ва ал-ҳаваший” асарида “Ақоид ан-Насафий” асарига тааллуқли бўлган бир нечта маълумотларни келтирган. Устоз Саййид Абдуллоҳ Ҳабаший ўзининг асарида “Ақоид ан-Насафий” асарига ёзилган 25 та шарҳни тартиб билан келтирган. Шунинг учун бу асар асрлар бўйи мадрасаларда давомий дарслик бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари Аллоҳ таоло машҳур қилган матнлардан ҳисобланади. Бу асар устида жуда кўп уламолар тадқиқотлар олиб борган. Аллома Тафтазоний “Ақоид ан-Нафасий” асарига “Шарҳу ақоид ан-Нафасий” номли шарҳ ёзди. Аллома Тафтазоний бу китобни 768ҳ./1367м. йилнинг шаъбон ойи Хоразмда ёзиб тугатди.

Абу Ҳафс Насафий тафсир соҳасининг ҳам билимдони бўлган. У киши ёзган 4 жилдли “ат-Тайсир фит-тафсир” (Тафсирдаги (маълумотларни) енгиллаштириш) асари ҳам ана шундан далолат беради. Бу китоб уч мужаллад бўлган.

Абу Ҳафс Умар Насафийнинг таълиф этган асарларининг умумий адади ҳақида Имом Суютий Абу Саъд Самъонийдан қуйидаги ривоятни келтирган: “Умар Насафий мўътабар имом бўлиб, турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. У зотнинг тафсир, ҳадис, ва ҳакозо йўналишларда ёзган асарлари юзга етади”. У тасниф қилган асарлар сони юзта бўлгани учун “Юз китоб соҳиби” деб ҳам лақабланади.

Абу Ҳафс Умар Насафий тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий уламолардан ҳисобланади. У киши фаннинг турли хил соҳаларида жуда кўплаб асарлар ёзиб қолдиргандир: “Мажмаъул улум”, “ат-Тафсир фил-Қуръон”, “Китобун нажаҳ фи-шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби) бу китоб “Саҳиҳу Бухорий”нинг шарҳи, “Назму жомеис сағир фи-фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги-“Жомеус сағир”нинг назмий баёни), “Хасоисул луғат”, “Заллатул қори фи-баёнил хато фи-қироъатил Қуръонил карим ва анвоъиҳи ва ҳукмиҳи”, “Тилбатут талаба фил-фиқҳ” (Талабалар излаган маълумотлар) бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган, “Баёну мазҳабил мутасаввифа”, “ал-Хасоис фил масоилил фиқҳия”, “Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума) бу манзума ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофиъий ва имом Моликларнинг қавллари келтирилган, “Татвилул асфор фи-таҳсилил ахбор”, “Ал-Қанд фи-зикри уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида қанд), яъни қанддек тотли маълумотлар, “Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар), “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи) ва “Лаъбатур рағоиб ли-баҳсил ғароиб” асарларидир.

Абу Ҳафс Умар Насафий ҳижрий 537-йил Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142 йил 2 декабрда етмиш олти ёшда Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган. Абу Ҳафс Умар Насафийни Аллома Қосим ибн Қутлубуғо шундай таърифлаган: “У зот мазҳаб ва одоб орифи бўлган фақиҳ эдилар”.

Абу Ҳафс Насафийдан “ал-Мажд” лақаби билан машҳур 1113-14 йили таваллуд топган Аҳмад исмли ўғил қолган бўлиб, Абу Саъд Самъоний унинг ўғли – Абу Лайс Аҳмад ибн Умарни хушсурат, дўстлари билан борди-келдини узмайдиган фақиҳ, фозил, воиз, комил кишилардан эди, деб тавсифлайди. Абу Саъд Самъоний 1154-1155 йили Самарқандга борганида Абу Лайс билан учрашиб, илмий мулоқотда бўлган. Унинг айтишича, улар бир-бирларини тез-тез зиёрат қилишар, ал-Мажд ундан баъзи китобларни олиб турар эди. Ал-Мажд Насафий 1156-1157 йили Ҳаж сафарига отланди. У 1157-1158 йили Бағдоддан ўз ватанига қайтаётган вақтда, йулда Бистом шаҳридан ўтганларида, исмоийлилардан бўлган бир гуруҳ қалъа аҳллари карвон йулини тўсдилар. Улар карвондаги Ҳижоздан келаётган 70 дан ортиқ киши ва жуда кўп уламоларни қириб ташладилар. Улар орасида ал-Мажд Насафий ҳам бор эди. У Бистом ниҳоясидаги бир қишлоқда дафн этилди.

Абу Ҳафс Умар Насафий умри давомида ислом илмларининг турли соҳаларида ижод қилиб, чуқур из қолдирган қомусий олимлардан эди.

А. Шоназаро
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …