Home / МАҚОЛАЛАР / МОТУРИДИЙЛИК ВА ҲАНАФИЙЛИК РИШТАСИ

МОТУРИДИЙЛИК ВА ҲАНАФИЙЛИК РИШТАСИ

Мотуридийлик таълимотининг асосчиси Имом Мотуридий ҳозирги Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида яшаб фаолият юритган. Ҳанафийликка ихтисослашган Имом Мотуридий таълимоти Имом Абу Ҳанифанинг ақидавий қарашларини ривожлантира олди ва юзага келган муаммоларни ақл ва идрок билан ҳал қилишга ҳаракат қилди. Алломанинг издошлари ҳам фиқҳда Абу Ҳанифанинг, эътиқодда эса Имом Мотуридийнинг қарашларини тарғиб этишди.

Аммо бугунги ислом жамиятида, Имоми Аъзам асос солган ҳанафийлик мазҳаби таълимоти тан олинган бўлишига қарамасдан, Имом Мотуридийнинг ақидавий қарашларига бўлган эътибор бир оз сусайгандек. Ҳатто, ҳанафий бўлган кўпгина одамлар Имом Мотуридий қарашларининг илдизи Имом Абу Ҳанифага бориб тақалишини унчалик ҳам билишмайди.

Шу боис ушбу мақолада, Мотуридий таълимоти билан янада яқинроқ танишишни ва унинг ҳанафий мазҳаби билан қандай боғлиқлик жиҳатлари борлигини санаб ўтишни лозим топдик:

  1. Мотуридийликнинг асоси ҳанафийликдир. Манбаларда Имом Мотуридийнинг эътиқодга оид қарашлари Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига асосланганлиги ва улар Имом Мотуридий томонидан ишлаб чиқилгани ва тизимлаштирилгани аниқ кўрсатилган[1]. Абу Ҳанифа ҳам, Имом Мотуридий ҳам оят ва ҳадисларни шарҳлашда ақлга катта аҳамият берган, ақл билан нақл ўртасидаги мувозанатни сақлаб, бир хил меъёрни ушлаган[2]. Бу эса ўз-ўзидан мотуридийликнинг асоси – ҳанафийлик эканига далилдир.
  2. Манбаларда Имом Мотуридийнинг ҳанафий алломалардан таълим олгани ва устозлари силсиласи Имом Абу Ҳанифага бориб тақалиши таъкидланган.

Ҳанафий-мотуридий таълимоти йўлидаги дастлабки олимлардан бири – Ибн Яҳё ўзининг “Шарҳу жумали усулид дин” асарида Самарқандда мунтазам шаклда ҳанафийлик таълимоти бўйича таълим берилгани, Имом Мотуридийнинг “Дорул Жузжонийя” марказида таҳсил олиб, у ерда устозлик қилгани ва алломанинг устозлари силсиласи шу тарзда Имоми Аъзамгача етиб бориши қайд этилган[3].

Таниқли Мотуридий олимларидан бири Абул Муъин Насафий ҳам ўзининг “Табсиратул адилла” асарида шу маълумотларни келтирган. Насафийга кўра, Хуросон ва Мовароуннаҳр аҳолиси ҳанафийликни Имоми Аъзамнинг етакчи шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (189/804), унинг шогирди Абу Сулаймон Жузжоний (200/816), унинг дўсти шайх Абу Бакр Аҳмад, Исҳоқ Сабиҳ Жузжоний (тахминан 220/836), Абу Бакр Жузжоний (250/864), Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий Ансорий (тахминан 275/888) ва Имом Мотуридий (333/944) ҳалқаси орқали ўрганишган[4]. Унинг фикрича, бу олимлар илк даврлардан бошлаб Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларида ҳамда Хуросоннинг Марв ва Балх каби шаҳарларида ҳанафийлик таълимотини ёйиш учун ҳаракат қилишган[5].

Имом Мотуридийнинг устозлари силсиласи Абу Ҳанифага бориб тақалиши ҳақидаги юқорида зикр этилган маълумотларни Камолиддин Баёзий (1098/1687) ва Саййид Муҳаммад Забидий (1205/1790) ҳам ёзганлар[6]. Барча маълумотлар Имом Мотуридийнинг устозлари силсиласи шубҳасиз  Абу Ҳанифага бориб тақалиши ва бевосита ҳанафий уламоларидан сабоқ олганини аниқ кўрсатади.

  1. Имом Мотуридий буюк ҳанафий фақиҳидир. Ҳанафий фақиҳлари ижозатнома силсиласида у зотнинг алоҳида ўрни бор. Асрлар давомида ҳанафийлик асосида таълим олиб келган Фотиҳ-Сулаймония мадрасаларида берилган фиқҳнинг ижозатномалари – Имом Мотуридий орқали Имоми Аъзам Абу Ҳанифага етиб боради. Имоми Аъзам ва Имом Мотуридий ўртасидаги боғлиқликни яхшироқ тушуниш учун бу ижозатнома силсиласининг йўналиши тадқиқот йўналишимизга мувофиқ келган VI/XII асрларга доир қисмини келтиришни лозим топдик[7]:
    1. Аллоҳ таоло.
    2. Жаброил (а.с.)
    3. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)
    4. Али ибн Абу Толиб (к.в.)
    5. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Ҳабиб (70/698)
    6. Абу Имрон Иброҳим ибн Язид ибн Асвад ибн Амр ибн Рабиъ Нахаъий (96/713)
    7. Абу Исмоил Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (120/737)
    8. Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (150/767)
    9. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (189/804)
    10. Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (201/816)
    11. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний (250/864)
    12. Абу Мансур Мотуридий (333/944)
    13. Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Паздавий (390/999)
    14. Исмоил ибн Абдуссодиқ
    15. Абул Йуср Паздавий (493/1099)
    16. Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий (537/1142)
    17. Али ибн Абу Бакр Марғиноний (593/1196)
    18. Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Шамсул аимма Кардарий (642/1244).

Бу ижозат силсиласининг 9-ҳалқаси бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан (189/804) бошлаб силсила икки тармоққа бўлинади[8].

Силсилада келтирилган олимларнинг фаолияти соҳасидан бошлаб, биринчисини ҳанафий Самарқанд тармоғи ижозатномаси, иккинчисини ҳанафий Бухоро тармоғи ижозатномаси шаклида номлаш мумкин.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Нашрлар бўлими бошлиғи
[1] Sönmez Kutlu, “Ebû Mansûr el-Mâturîdî’nin Mezhebî Arka Planı”, İmam Mâturîdî ve Mâturîdîlik, Ankara 2003, 119–146; Ahmet Ak, Büyük Türk Alimi Mâturîdî ve Mâturîdîlik, İstanbul 2008, 119, 169.
[2] Ethem Rûhi Fığlalı, Çağımızda İtikâdî İslâm Mezhepleri, İzmir 2004, 69, 70; Sönmez Kutlu, “Bilinen ve Bilinmeyen Yönleriyle İmam Mâturîdî”, 21, 22; Sarı-kaya, İslâm Düşünce Tarihinde Mezhepler, Isparta 2001, 81, 82; M. Saim Yeprem, İrade Hürriyeti ve İmam Mâturîdî, İstanbul 1980, 289 vd.
[3] Ибн Закариё Яҳё ибн Исҳоқ (IV/X аср охирлари), Шарҳу жумали усулид дин ли Абу Салама ас-Самарқандий, Сулаймония кутубхонаси, Шаҳид Али Пошо бўлими, Nо: 1648/II. v. 160b, 161b, 162a.
[4] Абул Муъин Маймун ибн Муҳаммад ан-Насафий (508/114), Табсиратул адилла фи усулид дин ъала тариқатил Имам Абу Мансур ал-Мотуридий. Ношир Claude Saleme, Дамашқ 1993, I/356–358.
[5] Насафий, Табсиратул адилла, I/356-360; Kutlu, “Ebû Mansûr el-Mâturîdî’nin Mezhebî Arka Planı”, 124-125; Ak, Mâturîdî ve Mâturîdîlik, 99–100.
[6] Камолиддин Аҳмад ибн Ҳасан ал-Баёзий (1098/1687), Ишоратул маром ъан ибадатил имам. Yusuf Abdürrazzak таҳқиқи, Қоҳира 1949, 23; Саййид Муҳаммад Муртазо ибн Муҳаммад ал-Ҳусайний аз-Забидий, Итҳафус саадетил муттақийн би шарҳи Иҳяи улумид дин, Дорул фикр II/5; Имом Мотуридий ва мотуридийлик мавузусида муҳим тадқиқотлар олиб борган турк олими Sönmez Kutlu ва немис олими Ульрих Рудольф ҳам бу борада айни фикрдадирлар. Қаранг: Kutlu, Türklerin İslâm laşma Sürecinde Mürcie ve Tesirleri, 274; Rudolph, Ulrich, al-Maturîdî und Die Sünnîtische Theologie in Semerkand, Leiden New York-Köln 1997, 161.
[7] Hüseyin Atay, “Fatih-Süleymaniye Medreseleri Ders Proğramları ve İcâzetnâmeleri”, Vakıflar Dergisi, Ankara 1981, Cilt: 13, s. 197–198. 
[8] Atay, “Fatih-Süleymaniye Medreseleri Ders Proğramları ve İcâzetnâmeleri”, 197–198.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …