Тасаввуф намояндаларидан бири Дарвеш шайх азизон Алиободий зиёратгоҳи ҳозирги Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Дарвишиқ номли қишлоқ ҳудудига жойлашган.
Кўпчилик “Дарвишиқ” этимологиясига беихтиёр эътибор қаратади ва унинг мазмун-моҳиятини англашга интилади.
Дарвишиқ – аслида машҳур сўфий, жаҳрия сулукининг забардаст намояндаларидан бири ҳисобланган Мавлоно Дарвеш шайх азизон Алиободий исмининг халқ тилида ўзгариб кетган шакли.
Мазкур зиёратгоҳ ва мавзенинг маҳаллий аҳоли тилида “Дарвишиқ” тарзида талаффуз қилинганлигини, аслида икки компонентдан[1] иборат бўлган зиёратгоҳ (ҳозирда географик жой) номи талаффузда элизия (товуш тушиши)га учраб, бир сўзга айланган ҳамда урф-одатимизга кўра халқ орасида улуғ инсонга ҳурмат юзасидан Дарвеш шайх азизон, деб эмас балки, оддийгина “Дарвешшайх” деб юритилганлиги ва йиллар, асрлар давомида “Дарвешшайх” сўзи, талаффузларда “Дарвешшайх”… “Дарвишак”… “Дарвишик”, дея умумий маъно ўзгармасдан, маҳаллий халқ томонидан бугунги кунга қадар шу ном билан аталиб келинмоқда. Чор Россияси даври рус тадқиқотчиси М.М. Вирский Челак волостига қарашли мазкур қишлоқ номини ўз илмий мақоласида “Дурбиш-шихь” шаклида ёзиб, қайд этган[2].
Энди ёзув ва қайдларимизни тўғрилаб “Дарвишиқ” эмас, балки “Дарвеш шайх”, деб атаганимизда тарихий факт ҳақиқатга айланар эди.
Дарвешшайх қишлоғида жойлашган “Дарвеш шайх мозори” бир кўришда одатий қабристонга ўхшаб, ота-боболаримиз мангу қўним топган макондек туюлади. Аслида, бу муқаддас қадамжо, соҳиби мозордан ўз вақтида инсонлар маънавий етукликни топган, соғлом эътиқод нури воситасидан баҳраманд бўлган, таълим-тарбия маскани етакчиси, улуғ тарбиячи, мутасаввиф олим яссавия сулуки силсиласи пири Дарвеш шайх азизоннинг муқаддас зиёратгоҳи, ошиқ кўнгиллар жомидин нўш этиб, комилликка рўбарў бўлган тарбия ўчоғидир.
Бу маскан тарихий манбаларда Шероз туманидаги Алиобод ҳудудига қарашли эканлиги таъкидланади. Алиобод ўз навбатида, Самарқанднинг донг таратган музофотларидан[3] бири сифатида маълум.
Географик харитага кўз ташлаган ҳар бир киши Ўрта Осиё ҳудудида одамлар номи билан боғлиқ жой номлари кенг тарқалганлигига амин бўлади. Бундай жой номлари ичида, албатта, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёви, хулафои рошидийнлардан бири Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу исми билан аталган жой номларини ҳам учратиш мумкин[4]. Бу ҳақда Ш.С. Камолиддинов қуйидагича фикр билдиради: “Ўрта Осиё тарихий антротопономиясининг муайян қисмини қадимги араблар ва илк ислом даври билан боғлиқ бўлган тарихий шахсларнинг исмларидан ясалган жой номлари ташкил этади. Айрим аҳоли масканларининг номлари ислом дини йўлида қурбон бўлиб, кейинчалик одамлар тасаввурида авлиёлар қаторига қўшилган саҳобалар, яъни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сафдошларининг исмлари билан боғлиқ. Масалан, Самарқанд, Балх ва Ўрта Осиёнинг бошқа жойларидаги Алиобод номли бир нечта шаҳарларнинг номлари Ҳазрати Али исми билан боғлиқ”[5].
Маълумки, араб тарихчиси Ибн Ҳавқал ўзининг “Китоб сурат ал-ард” номли рисоласида, мазкур ҳудудларни “Кабуданжкат рустоқи”, – деб эътироф этган. У Кабуданжкат рустоқи бошдан-оёқ қишлоқлар ва кўм-кўк дарахтлар билан қопланганлигини таъкидлаб, унинг бош шаҳри Кабуданжкат[6] эканлигини қайд этади.
Ш.С. Камолиддинов ёзишича, Кабуданжкат Самарқанддан 2 фарсах масофада жойлашган шаҳарча бўлса, 4 фарсах масофада эса Кабуд номли қишлоқ ҳам бўлган[7].
Соҳиби Самария ҳам бу ҳудудларни ўз ичига олган туман сифатида “Кабуд тумани”[8], деб қайд этган.
Мазкур мозорга зиёрат ва бу ерда тадқиқот ишлари олиб бориш учун 2017 йилнинг 26 июл чоршанба куни борган эдик[9].
Дарвеш шайх мозори ҳудуди чамаси 5 гектар майдонни эгаллаган ва жануб томонидан “Баққолчи ариқ” билан чегараланган. Мозордаги асосий тарихий манбалар – қабртош битиклардир. Қабр тошлар юзасида Қуръони каримдан Фотиҳа сурасининг Басмала, Калима-и тавҳид, қабртош матнининг стандарт формулалари (ҳаза марқаду мағфур марҳум, ин марқад ва бошқалар) битилган. Биз тарихий шахслар ҳақида фактлар, маълумотлар ҳамда улар вафот этган саналарни ўрганиб, тадқиқотимизга киритдик. Айрим қабртош битиклар тош материалнинг қор-ёмғир, экологик ва бошқа ташқи таъсирларга учраганлиги боис ўзининг асл қиёфасини сақлай олмаган ва шу сабабли уларнинг айримларини тўлиқ ўқишнинг имкони бўлмади. Шунингдек, қабртошлар орасида Дарвеш шайх азизонга тегишли қабртошни учратмадик.
Қабр тошлар ва улардаги маълумотлар қуйидагилардан иборат:
- Авлоди Ҳазрат Бахшойиш азизон[10]. Раҳмонберди Хожа азизон – Султон Хожа азизон – Абдухолиқ Хожа. Сана ҳижрий 1140/1726 йил
- Авлоди Ҳазрат Бахшойиш азизон. Дарвеш шайх ибн Абдулҳақ шайх
- Эшмуҳаммад. (Мазкур тошнинг ён томонида “Ихлос” сураси ва ҳижрий 1295/1876 йил санаси келтирилган)
- Йўлдошбой Эшбой ўғли. Вафоти ҳижрий 1324/1904 йил
- Холжон бинти … бой
- … бинти Эшбой
- Эгамбердибой ибн Эшбой
- … ибн Қурбонбой ибн Шербой ибн Фармонбой
- Бердиқул валади Турсунқул. Вафоти ҳижрий 1330/1910 йил
- Абдулғани Устабой.
Дарвеш шайх азизон XV асрнинг охирларида Тошкентда таваллуд топган. Самарқандга келиб, шайх Худойдоди Вали хонақоҳида таълим-тарбия топиб, ясавия силсиласи сўфиларидан бир бўлиб камолга етади.
Унинг ўз устозига бўлган эҳтироми юксак даражада бўлган. У ўз уйидан, устози шайх Худойдоди Валининг ҳонақоҳигача бўлган йўл (Алиободдан-Ғазирагача бўлган йўл)ни тасаввуфона тарзда “Ошиқлар йўли”, деб эътироф этган. Дарвеш шайх азизон ҳаёти давомида Тошкентда масжид, устози шайх Худойдоди Вали хонақоҳида ҳовуз қаздириб[11], у ерда боғ барпо қилган[12].
Халқ орасида шуҳрат қозонган Дарвеш шайх азизон фақатгина тариқат ишлари билан машғул бўлмасдан, балки, ўша даврдаги ҳукмдор шахсларнинг фаолиятига ҳам таъсир кўрсатиб турган. Шу ўринда Ҳазрати шайхнинг айрим давлат бошлиқлари билан бўлган муносабатлари ҳақида юз берган воқеаларни келтириш мумкин.
“Мусаххир ал-билод” асарининг[13] “Абдуллатифхон ибн Кўчкунчихоннинг зикри” бобида қуйидагилар ёзилган: “Бухоро хони Абдулазизхон (ҳижрий 957/1549 йил) 26 рабби ус-соний куни вафот этгач, амирлар ва давлат аъёнлари билан иттифоқ бўлиб, Муҳаммадёр султон бошига ҳукумат тожини кийдирдилар. Балх ҳокими Пирмуҳаммад султон ибн Жонибек султон таъзия баҳонасида Бухорога келди ва ул шаҳарни шу йўл билан қўлга киритиб, мамлакатда салтанат ноғорасини чалди. Муҳаммадёр султон Самарқандга Абдуллатифхон олдига бориб, воқеани айтиб берди. Абдуллатифхон ва Бароқхон бошқа биродар ва фарзандлари билан бирга Бухорони қайтариб оладиган бўлишади”, аммо ушбу жангда кучи етмаслиги сабабли ҳар тарафга қочиб кетадилар…[14]
Охир ул-амр “валийлик паноҳи Дарвеш шайх Алиободийни келтирдилар ва у орқали сулҳ битимни ўртага солдилар ҳамда Кармана қалъаси ичидаги Ҳазрат Қосим шайх азизон хазирасига юзланиб, ўша ерда икки томон аҳду паймон юзага чиқди ва мухолифлар ўша ердан қўзғалганча ҳар ким ўз юртига[15], Самарқанд хонлари ва Туркистон ҳамда Тошкент султонлари ўз ватанларига қайтиб кетдилар. Пирмуҳаммадхон ўша йил ўртасида Муҳаммадёр султон ибн Севинч Муҳаммад султон ибн Маҳмудхон шайбонийни чақириб, Бухорони унга қайтариб берди”[16].
Мазкур воқеа ҳақида “Ламаҳот” асарида: “Ҳазрат Азизон Бухорога бордилар. Бароқхоннинг жиловини зўрлик билан ушладилар. Ва мусулмонларни қутқардилар. Кейин Бухорони Пирмуҳаммадхонга топширдилар. Кейин Ҳазрат Азизоннинг кўнгиллари ёришди ва айтдилар Жувонмард Алихон Самарқандни бизга ниёз қилсин Абдуллахон Бухорога қараб индамай кетади. Чунончи Ҳазрат бузруквор қилган эдилар. Бу воқеа ўзларининг маноқибларида батафсил ёритилган. Кейин бу мухлис Ҳазрат Азизондан рухсат олиб Алиободга кетди. Кейин Ҳазрат Азизон у ердан чиқиб Самарқанд яқинидаги Умар қишлоғига келадилар. У ердан Пирим шайх, Тохир шайх, Ифтихор шайх, Амир Набира, Мирмоҳ шайхларни Жувонмард Алихон ҳузурларига юборадилар. Самарқандни бизга назр қилсин. Биз Абдуллахонни унинг ва мусулмонларнинг бошидан узоқ қилайлик, дейдилар. Ва ул бедавлат қабул қилмайди. Кейин Ҳазрат Азизон кўргандек айтдилар: сизлар ҳисобланглар 52 кундан кейин Абдуллоҳ Самарқандни олади. Абдуллахонга айтинглар, Самарқандни олсин. Икки кишини ҳурматласин, бири олимлар устози Мавлоно Исматуллоҳ[17], иккинчиси Қозишоҳ, кейин Самарқандни тарож қилсин”[18], дея қайд этилган.
Ҳазрат Дарвеш шайх азизон умрининг охиригача Алиободда яшаб, 1551/52[19] йилда шу ерда вафот этади.