Шоён диққатга сазовор бўлган бир жиҳат – бу, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мамлакат фуқаролари учун зарур бўлган барча ҳуқуқлар аниқ қилиб белгилаб берилганлигидир. Конститутциянинг қатор-қатор бўлим ва бобларида бунинг учун кафолат далиллари мавжуд. Мисол учун, Конституциянинг Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари белгилаб берилган иккинчи бўлимини олиб қарайлик. Ушбу бўлимдаги Фуқароларнинг бурчлари кўрсатилган XI бобининг 49-моддасида шундай дейилган: “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.”
Ушбу моддадаги ҳар бир сўз ўз моҳияти, қамраб олган маъно ва мазмуни билан ниҳоятда салмоқли эканлигига эътибрингизни тортишни истар эдик. Унда айтилишича, Ўзбекистон фуқаролари халқнинг тарихий меросини асрашга, маънавий меросини асрашга, маданий меросини асрашга мажбурдирлар.
Айниқса, кейинги икки-уч йил давомида мамлакатимизда халқ хўжалиги ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида туб ўзгаришларга жазм қилинди. Булар қаторида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 27 март санасида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” ПҚ-2855 рақамли Қарори алоҳида аҳамиятга эга бўлганлигини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Ушбу муборак Қарор Конституциянинг 49-моддасида кўрсатиб ўтилган “тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш” йўлидаги буюк бир қадам бўлди десак, айни ҳақиқатни таъкидлаган бўламиз.
Тўғри, Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимиз Қомусида келтирилгани каби ўз эътиқодларини танлашда мутлақо эркиндирлар. Шу билан бир вақтда Ватанимиз фарзандлари, айниқса ўсиб келаётган юз минглаб, миллионлаб ёшларимиз ўз ота-боболарининг тарихий ютуқларига, маданий бойликларига, маънавий хазиналарига мерос ҳамдирлар.
Ушбу меросни асраш, унинг устида илмий, ижодий ва бошқа амалий ишлар олиб бориш, таржима қилиш, унинг моҳиятини очиб бериш каби юмушлар, жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари олдида турган вазифалар сирасига киради.
Шу ўринда маънавият ҳақида, маънавиятни асраш борасида икки оғиз сўз айтишни лозим деб ҳисоблаймиз. Бугунги кун ёшлари учун бу нарса жуда муҳим. Маълумингизки, қай ерда бўлсин, маънавият тўхтаган чегарадан маънавиятсизлик чегараси бошланади, маънавият тўхтаган чегарадан жиноят чегараси, жиноятчилик чегараси бошланади. Қай ердаки ҳаё, ибо, чегараси тугаган ердан, ҳаё пардаси кўтарилган ердан ҳаёсизлик, юзсизлик, лоқайдлик бошланади, ҳаётнинг лаззати йўқолади.
Айни шунинг учун ҳам биз, буюк маънавиятимизни асрашимиз, унга авайлаб муносабатда бўлишимиз, уни қўриқлашимиз, уни ривожлантиришимиз зарур бўлади. Маънавиятимиз ва унинг сарчашмалари деганда биз аввало “Қуръони карим” каби муқаддас манбаларни, Имом Бухорий, Бурхониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Мусо ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек сингари буюк боболаримиз қолдириб кетган бебаҳо китобларимизни тушунамиз. Шу манбалар, тенгсиз китоблар бағрига сингган бемисл маънавият дурдоналарини тушунамиз. Худди шу нарсанинг Конституциямизда ҳам аниқ қилиб ифодалаб қўйилганлиги эса таҳсинга сазовор бўлган жуда улуғ воқеликдир.