Home / МАҚОЛАЛАР / Фиқҳ илмининг илк даври

Фиқҳ илмининг илк даври

Инсон зотининг азизу мукаррам бўлишида илмнинг аҳамияти беқиёс. Қуръони каримда олимлар билан омилар асло тенг бўла олмаслиги уқтирилган. Аллоҳ таоло илм аҳлларини юксак мартаба ва олий даражаларга кўтаришни ваъда қилган. Ҳар қандай илм инсоният учун шараф омилидир. Фиқҳ илми эса инсониятнинг дунё ва охират саодатига эришиши учун энг керакли воситалардан биридир.

Исломнинг илк даврида “фиқҳ” сўзи динимизнинг барча аҳкомларига нисбатан қўлланиши одат бўлган. Аллоҳ таоло жорий қилган барча шаръий ҳукмлар, хоҳ у имон-эътиқод масалалари, хоҳ молиявий ёки баданий амалиёт масалалари, фарзлар, ҳадлар, буйруқ ва тақиқлар барча-барчасини у даврларда “фиқҳ” атамаси ўз ичига олган. Ўша даврларда “фиқҳ” сўзи “шариат”, “ширъат”, “дин” сўзлари билан маънодош бўлган. Ўзининг хос маъносига эга бўлмаган. Ундан дин илмларининг икки нави — эътиқодий ва амалий ҳукмлар тушунилган.

Шунингдек яна, ўша даврларда “фиқҳ” атамасини дин ҳукмларини фаҳмлашга қўллангани каби худди ўша ҳукмларнинг айнан ўзига ҳам қўллаб келинган.

Жоҳилият даврида баъзи масалалар Ислом шариатига мос бўлганини кўришимиз ҳам мумкин. Масалан, никоҳ жоҳилият даврида бир неча хил бўлган. Бу борада Оиша розияллоҳу анҳодан нақл қилинади: “Исломдан олдин никоҳ тўрт хил шаклда эди. Уларнинг орасида Исломда тасдиқланган никоҳ ҳам бор эди”, деган. Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”ида Оиша розияллоҳу анҳо: “(Жоҳилият давридаги) никоҳлардан бири ҳозирги кундаги одамларнинг никоҳи бўлган” деган (Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният учун раҳмат қилиб юборгандан сўнг шариати исломия аталмиш қонун қоидалар ижтимоий ҳаётда аста-секин кўрина бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асри фиқҳ илми пайдо бўлган даври ҳисобланади. У зот Ислом дини билан келганларидан сўнг янги тамойилларни олиб кирдилар ва унга зид бўлган, иймоннинг моҳиятига мос келмайдиган барча бидъат-хурофатларни бекор қилдилар. Бу даврда Қуръони карим ва Пайғамбаримиз суннатлари фиқҳ илмининг илк устунлари бўлди. Ислом фиқҳида бўлган шариат қонунлари босқичма-босқич ўзига хос хусусиятлар билан амалга оширила бошланди. Ҳалолни ҳаромдан, ҳаромни ҳалолдан ажратиш учун шариат қонунлари ҳосил бўлди. Шариатнинг пайдо бўлиши қуйидаги уч асос билан келган. 1. Ибодатларда қийинчиликни кетказиш учун. Масалан, мусофирга намозни қаср қилиш, масҳ тортиш, таяммум қилишга ўхшашлар. 2. Мажбуриятларни камайтириш учун, яъни ибодат ёки амалда ҳаддан зиёда бўлишлигидан ҳар нарсани ўз чегараси бўлганидек шариат қонунлари ибодат ва амаллар учун бир муайян чегара бўлади.
3. Шариатда аста секинлик билан етиш учун.
Ислом дини бошланишида инсоният ҳаётий эҳтиёжига керак бўладиган, уларни мустаҳкам ўрнашиб қолган одатлари, амаллари кўп эди. Уларнинг баъзилари шариатга тўғри келмаса ҳам Аллоҳ уни шу заҳоти ҳаром қилмасдан, балки аввал инсонларда шунга нисбатан тушунча ва кўникма пайдо қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик қилган даврда Аллоҳ таоло ўзининг муборак китобини даражама-даража нозил қилди. Шариатдаги аста секинлик билан етиш инсонларни шариатга мослаштириш ва уларнинг хулқларини исломий қилиб тарбиялашлик эди. Масалан: шариатнинг илк даврида маст қилувчи ичимлик бир марта буйруқ билан тақиқланмаган ва закот бир мартада вожиб қилинмаган, балки кетма-кет одамлар кўтара оладиган даражада талаб қилинган. Аллоҳ таоло Пайғамбари алайҳиссаломга шариат илмларини ҳаётга татбиқ қилишда қандай йўл тутиш кераклигини таълим берди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам ўрганиб умматига жорий қилдилар.

Фиқҳ бу ҳаёт ишлари: ибодат, рўза, никоҳ, талоқ, ўликларни дафн этиш, савдодаги ҳалол ва ҳаром бўлган нарсалар, чегара, жазо ва шу каби масалаларнинг қонунидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ислом қонунларининг нозил бўлиши билан у фиқҳ билан ўртага чиқди. Саҳобалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор масалани сўрасалар шу заҳоти жавобини олар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида шаръий ҳукмларнинг ўзаги илоҳий ваҳий бўлган. Муаммолар илоҳий ваҳийлар билан ҳал қилинган. Баъзида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан, хусусан, тўрт рошид халифалар билан кенгашиб, маслаҳатлашиб ҳам иш кўрар эдилар. Исломий қонунчилик илк бора шу тарзда шакллана бошлаган.

Исломда фиқҳ илмининг илк даври Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар сифатида юборилган вақтидан бошлаб боқий дунёга кўчиб ўтгунларига қадар бўлган. Аллоҳ таоло динимиз аҳкомларини тўлиқ нозил қилгандан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёни тарк этганлар. Бу ҳақда Алоҳ таоло шундай хабар берган:

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ

“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят мазмуни).

Мана шу ояти карима билан дин ҳукмларининг барчаси ниҳоясига етган ва динимиз мукаммал ҳолатга келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб ваҳий даври тугагагандан кейин Фиқҳ илмининг яъни Ислом шариатида кейинги босқич ижтиҳод даври бошланган. Ижтиҳод даври уч юз йилгача чўзилган. Яъни ижтиҳод замони тўрт рошид халифалар даври, Умавийларнинг тўлиқ даври ва Аббосийлар даврининг бир қисмига тўғри келади.

Пайғамбарлик давридан сўнг Исломда Аҳли сунна вал жамоага тегишли фиқҳ илмининг қуйидаги мактаблари фаолият олиб борди: Мадина фиқҳ мактаби, Макка фиқҳ мактаби, Басра фиқҳ мактаби, Кўфа фиқҳ мактаби, Шом фиқҳ мактаби. Кейинчалик, Хуросон ва Моврауннаҳрда фиқҳ илми ривожланиш мактаблари, Самарқанд фиқҳ мактаби, Бухоро фиқҳ мактаби, Хоразм фиқҳ мактаби, Қуръон шариат манбаи мусулмон ҳуқуқи соҳалари ҳам фиқҳ илми ривожланишини кўрсатиб берди.

Қ.Маҳмудов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …