Home / МАҚОЛАЛАР / “ТАФСИРИ ЖАЛОЛАЙН” АСАРИ

“ТАФСИРИ ЖАЛОЛАЙН” АСАРИ

Тафсир илми ислом илмлари ичида энг мўътабари ва Қуръони карим маъноларини шарҳлаб, тушунтириб берувчи фандир. Ислом уламолари бу илмга катта эҳтимом билан ёндашиб, кўплаб китоблар таълиф этганлар. Ҳар бир ёзилган тафсир ўзининг хос услуби, йўналиши билан бошқасидан фарқланади. Шунга биноан уларнинг қадри ҳам турлича.

Тафсир китоблари ичида “Тафсири жалолайн” номи билан машҳур бўлган “Алмуфассал фий тафсирил Қуръанил карим” китоби алоҳида аҳамиятга эга. Китобнинг “жалолайн”[1] деб номланишига сабаб унинг икки буюк олим Жалолиддин Маҳаллий ва Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан ёзилганидир. “Тафсири жалолайн” сўзи ўзбек тилига таржима қилинганда “Иккита Жалол номли кишиларнинг тафсири” деган маънони англатади. Бу тафсир енгил услуби, лўнда иборалари, тушунарсиз жиҳатлари йўқлиги сабабли мусулмон оламида кенг тарқалган ва алоҳида аҳамият касб этган.

Тафсирнинг биринчи муаллифи Жалолиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Маҳаллий Шофиъий ҳижрий саккизинчи асрнинг уламоларидандир. У 791 ҳижрий йилда (милодий 1389 йил) Мисрда таваллуд топган. Олим мазкур тафсирни ёзишни “Каҳф” сурасидан бошлаб, “Нос” сурасигача етказади. “Фотиҳа” сураси ва ундан кейингиларни ёзишга киришганда умри етмай, вафот этади. Тафсирнинг биринчи ярмини эса Имом Маҳаллийнинг шогирди[2], ҳижрий тўққизинчи аср уламоларидан Жалолиддин Суютий ёзиб ниҳоялаган. Суютий 849 ҳижрий йилда (милодий 1445 йил) Қоҳирада туғилган. У айнан устозининг услубидан бориб “Фотиҳа” сурасидан “Исро” сурасигача тафсир қилади. Кичик муқаддима ҳам ёзади. Бу икки имомнинг меҳнати натижасида ушбу тафсир китобида мукаммал тарзга келган. Тафсирни ўқиш асносида эътибор бериладиган бўлса, муаллифларнинг услуби орасида айтарли фарқ сезилмайди.

Жалолиддин Маҳаллий раҳматуллоҳи алайҳ бу китобдан ўзлари тафсир қилган жойларни ғоятда гўзал, қисқа ва ниҳоятда нозик иборалар билан баён қилган. Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам худди шу услубда давом этган.

“Кашфуз зунун” китоби муаллифининг айтишича, бу тафсир ғоятда қисқа бўлганидан Яман уламоларининг баъзилари айтган экан: “Мен Қуръони карим ва Жалолайннинг ҳарфларини санаб, уларнинг “Муззаммил” сурасигача ҳарфларининг адади тенг эканлигини кўрдим. “Муддассир” сурасидан бошлаб эса тафсирнинг ҳарфлари кўп экан. Шунга кўра, бу китобни таҳоратсиз ушлаш жоиздир”.[3]

“Тафсирул Жалолайн”ни бошидан охиригача ўқиб чиққан киши Жалолиддин Суютий ва Жалолиддин Маҳаллийнинг маҳоратларига қойил қолмасдан иложиси йўқ. Чунки икки Жалолиддиннинг ёзган тафсири ҳамма кўринишда бир хил бўлиб, битта олим ёзганга ўхшайди. Масалан, Жалолиддин Маҳаллий “Сод” сурасида Руҳнинг латиф жисм эканини, у билангина инсон ҳаёт бўлишини тафсир қилган. Жалолиддин Суютий ҳам “Ҳижр” сурасида шу гапни такрорлаш билан бирга, ушбу:

“Эй Муҳаммад, Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир”. Сизларга эса оз илм берилгандир”[4] оятини далил сифатида келтириб, руҳ ҳақиқатан Аллоҳнинг илмига хос нарса, уни таъриф этишдан сақланиш керак эканини айтадилар.[5]

Тафсирнинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, унда асосан оятларнинг маъноларини баён қилиш сўнгидан баъзи ҳукмлар ва қироат турлари келтирилади. Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳам кўплаб маротаба келтирилган. Баъзи ўринларда грамматик қоидаларни ҳам учратиш мумкин.

Тафсир китоблари ичида айримлари ўта кенг, узун, кўплаб томларни ўз ичига олган ҳолда ёзилган. Бунга “Руҳул баён” тафсирини мисол қилишимиз мумкин. Яна айримлари эса қисқа шаклда ёзилган бўлиб, уларнинг энг мўътабарларидан бири шубҳасиз “Тафсири Жалолайн”дир. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу тафсир билан узун тафсирлар ўртаси таққосланганда узун тафсирларда берилган маъноларнинг аксарияти ушбу тафсирдан ҳам жой олган. Қисқа тафсирларни мутолаа қилиш ўқувчига оятлардаги бирламчи ва энг муҳим маънолар ҳақида фикр юритиш имкониятини беради[6].

Асар Имом Суютий томонидан тўлиқ ҳолга келтирилгач, илм аҳллари орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Илм ҳалқалари, мадрасаларда севиб ўқилди ва толиби илмлар учун асосий дарсликлардан бири сифатида қабул қилинди. Унга ёзилган шарҳ ва ҳошиялар ҳам йигирмадан ошади. Бунга мисол тариқасида “Қобасун наййиройн ъала тафсири жалолайн”, “Ҳошиятул жамолайн ъала жалолайн”, “Мажмаул баҳройн ва матлаул бадрайн ъала жалолайн” ҳошияларини келтириш мумкин. Ҳошиялар соҳибларининг барчаси “Жалолайн” тафсирини устозларидан ўрганган бўлиб, устозларнинг санади тафсир муаллифларига боғланади.[7]

Тафсирнинг қўлёзма нусхаларини дунё кутубхоналарида кўплаб учратиш мумкин. Саудия Арабистонида “Масжидул Ҳаром” кутубхонасининг ўзида 10 га яқин нусхаси сақланмоқда. Туркия кутубхоналарида эса 30дан зиёд нусхалар мавжуд. Миср, Суриядаги фондларда ҳам қатор нусхаларни кўрамиз.[8]

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида ҳам асар қўлёзмасининг электрон нусхалари сақланади.

“Жалолайн” тафсири бошқа тафсирлар қаторида бир неча асрлардан буён ислом оламида ўз ўрнини сақлаб келмоқда. У ҳақиқатда Қуръони карим маъноларини тушунишдаги доимий мурожаат қилинадиган китобларнинг биридир. Бу узун ва батафсил ёзилган тафсир китобларини ўқишга вақти зиқлик қиладиган кишиларга айниқса қўл келади.

У.Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
[1] “Жалолайн” иккилик шаклдаги сўз бўлиб, “Иккита жалол” деган маънони англатади.
[2] Жалолиддин Маҳаллий. Жалолиддин Суютий. Алмуфассал фий тафсирил Қуръанил карим // Доктор Фахриддин Қабоваҳ таҳқиқи. – Ливан: Ноширун, 2008. – 7 бет.
[3] http://quran.uz/tafsir/tafsir-va-mufassirlar/1494-maqola.html
[4] “Исро” сураси, 85 оят.
[5] https://islaminstitut.uz/?p=10652
[6] Муҳаммад ибн Латифи Саббоғ. Таҳзибу тафсири жалолайн. – Байрут, 2006. – 7 бет.
[7] Жалолиддин Маҳаллий. Жалолиддин Суютий. Алмуфассал фий тафсирил Қуръанил карим // Доктор Фахриддин Қабоваҳ таҳдиди. – Ливан: Ноширун, 2008. – 13 бет.
[8] Ўша китоб. – 21 бет.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …