Home / АЛЛОМАЛАР / Абул Ихлос Ҳасан Ширинбулолий ва унинг қўлёзма асарлари

Абул Ихлос Ҳасан Ширинбулолий ва унинг қўлёзма асарлари

Аллома Мисрнинг Мануфа вилоятининг Ширинбулол қишлоғида 994/1585 йилда туғилган. Абул Ихлос Ҳасан Вафоий Ширинбулолий ўз замонасининг фиқҳ фанида энг етук ва мутааххир олимларнинг машҳур фақиҳларидан биридир. У Қоҳира шаҳридаги “Ал-Азҳар” университетида таълим олган.

Шайх Ширинбулолий фиқҳ ва усулул фиқҳ фанларида етук олим бўлган. Аллома ҳанафий мазҳабида, мотуридий эътиқодида фаолият олиб борган.

“Раддул мухтор” китобининг муаллифи машҳур аллома Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳ Ширинбулолий ҳақларида шундай деган: “Муҳаққиқ олимларнинг таянчи, етук фақиҳ, бир қанча машҳур китоблар соҳиби”.

Имом Абдулҳай Лакнавий ҳам Ширинбулолий ҳазратларини мақтаб ва эътироф қилиб қуйидаги сўзларни айтганлар: “Имом Ширинбулолий аъло даражада ёзилган қимматбаҳо китоблар соҳибидир”.

Бу кишининг фиқҳ фанида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга боғланадиган машҳур санади бор эди. Шайх Муҳаммад Толҳа ўзининг “Таржаматуш Ширинбулолий” номли қўлёзма асарини 51 саҳифасида Ширинбулолийнинг Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳгача бўлган санадини тўлиқ келтирган.

Аллома Аҳмад ибн Муҳаммад Зайлаъий (ваф. 1025/1616 й.), Муҳаммад ибн Абдураҳмон Ҳамавий (ваф. 1017/1608 й.), Муҳаммад ибн Муҳиббий Мисрий (ваф. 1045/1636 й.) каби етук устозлардан таълим олган.

Фиқҳ ва бошқа фанларни эса, Имом Абдуллоҳ Неҳририй, аллома Муҳаммад Шамсуддин Маҳбубий ва шайх Али ибн Ғоним Мақдисийлардан ўрганганлар.

Қуръони каримни шайх Муҳаммад Ҳамавий ва шайх Абдураҳмон Мусайриларнинг ҳузурларида ёд олдилар.

Бу алломанинг бир нечта машҳур шогирдлари бўлиб, улар ҳам устозларига ўхшаб бир нечта китоблар ёзганлар. Аллома Исмоил Нобулусий ва шайх Муҳаммад ибн Тожуддин Рамлийлар шулар жумласидандир.

Шайх Ширинбулолий ҳаётлари давомида бир қанча илмий мажлислар ва талабаларга дарс бериш билан бирга 60 дан ортиқ китоб ва рисолалар ёзган. Жумладан: “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ”, “Мароқул фалаҳ шарҳи нурул ийзоҳ”, “Ҳошиятун алад дурар вал-ғурар”, “Шарҳу манзумату ибн Ваҳбон”, “Мароқус саодат фий илмай ат-тавҳид вал-ибада”, “Ғуняту завил аҳком”, “Фатҳул-алтоф бижадвали тобақоти мустаҳиқил авқоф”, “Иттиҳафу завил итқон биҳукмир руҳбан”, “Ал-истифода мин китабиш шаҳада”, “Туҳфатул акмал”, “Ал-ақдул фарид фит тақлид”.

Алломанинг энг аҳамиятли ва машҳур китоби Мулла Ҳисравнинг “Ад-дурар вал ғурар” китобига ёзган “Ҳошиятуд дурар вал ғурар” китобидир. Бу ҳошия Ширинбулолий ҳаётлик даврларидаёқ машҳур ва кўпчилик фойдаланадиган китоб бўлиб улгурган. Бу ҳам бўлса, Ширинбулолийнинг илми чуқур ва пухта эканига яққол далил бўла олади.

Олимнинг машҳур китобларидан яна бири “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ” бўлиб, унда таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатларига тегишли масалалар баён қилинган.

Биринчи бўлиб китобнинг аввалидаги таҳорат, намоз ва рўза боблари 1032/1623 йили ёзилиб, сўнгра мусаннифнинг ўзи томонидан буларга иккита шарҳ ёзилади. Биринчиси “Имдодул фаттоҳ” деб номланса, иккинчиси “Мароқул фалаҳ”дир. Улардан “Имдодул фаттоҳ” 1046/1636 йили ёзилган ва 360 бетдан иборат. 1053/1643 йил иккинчи шарҳ ёзилган ва у 145 бетдан иборатдир. Аллома 1054/1644 йили китобнинг закот ва ҳаж бобларини ҳам ёзиб, уни аввалги уч бобга қўшадилар. Натижада, “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ” китоби беш бобли бўлди. Китобнинг кўп қисми таҳорат ва намоз масалаларига бағишланган, озроқ қисмида рўза, закот ва ҳаж масалалари баён қилинган.

Мазкур китоб ҳозирга қадар дунёдаги кўплаб мадраса ва олийгоҳларда ўқитиб келинмоқда.

Ушбу 128 саҳифалик қўлёзма нусха “Ал-Азҳар” кутубхонасида 1-029548 инвентар рақами остида сақланади. Ушбу нусханинг электрон нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхонасида ҳам сақланмоқда.

Алломанинг “Мароқул фалаҳ” китоби олимлар ўртасида машҳур бўлиб, кўпчилик фуқаҳоларимиз ўз китобларида ундан иқтибослар келтиришган.

Унда масалаларнинг Қуръони карим, ҳадиси шариф, ижмо ва қиёслардан иборат бўлган далиллари ҳам зикр қилиб ўтилган. Ҳозирда кўпчилик олимлар ибодатга тегишли масалаларга мана шу китоб асосида жавоб берадилар.

“Мароқул фалаҳ” китобига шайх Аҳмад Таҳтовий “Ҳошиятут Таҳтовий ъала мароқил фалаҳ шарҳи нурил ийзоҳ” номли ҳошия ёзганлар. Бундан бошқа ҳам “Нурул ийзоҳ нажотул арвоҳ” ва “Мароқул фалаҳ” китобларига машҳур олимлар томонидан кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Имом Ширинбулолийнинг “Мароқул фалаҳ” асарини иккита тошбосма нусхаси 2132 инвентар рақами остида ҳамда 707 инвентар рақами остида Шайх Аҳмад Таҳтовийнинг ҳошияси билан бирга ёзилган нусхалари сақланмоқда.

Ҳозирда алломанинг кўплаб асарлари Мисрнинг “Ал-Азҳар” кутубхонасида сақланмоқда. Олимнинг айнан ушбу кутубхонада сақланаётган китоб ва рисолаларининг қирққа яқинининг электрон нусхалари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг электрон кутубхонасида ҳам сақланади.

Алломанинг китоблари таркибидаги турли мавзуларга оид рисолалари асосан рақам билан бошланган. Масалан, 1062/1652 йилда ёзилган 1-029491 рақами остида сақланаётган “Китобул иймон” китобининг бир рисоласи “Ар-рисалатус салисату вал ишруна Аҳсанул ақвол лит тахаллус ан маҳзур” (Ўн учинчи рисола Тақиқланган нарсалардан халос бўлиш учун яхши сўзлар) деб бошланади:

  

Қуйидаги 16 саҳифадан иборат, 1057/1647 йилда ёзилган ва 1-029511 рақами остида сақланаётган “Китоб аш-шаҳодат” китоби эса “Ар-рисалатус саминату ва саласувна Ал-истифаадату мин китоб аш-шаҳадат” деб бошланади:

   

Аллома Ширинбулолий ҳижрий 1069/1659 йили, Рамазон ойининг ўн биринчиси, жума куни 75 ёшида вафот этган.

Элмуродов Равшан
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси раҳбари

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …