Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Бу жумла нақадар ҳақ экани ўрта асрларда яшаб, ислом цивилизацияси равнақига улкан ҳисса қўшган алломалар, муҳаддислар ва мутафаккирлар қолдирган илмий-маънавий мерос, тарихий ёдгорликлар ва бунёдкорлик дурдоналарида ҳам акс этади. Бугун шонли юртимиз тарихини ўрганиш ва ундаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида дунёнинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ташриф буюрмоқда.
19 ноябрь куни Ҳиндистондаги Дорул-улум Девбанд ислом университети профессор-ўқитувчилари ва битирувчилари ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Аждодларимизга муносиб эҳтиром рамзи сифатида бунёд этилган муаззам мажмуа меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Дорул-улум Девбанд вакиллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига ҳам ташриф буюрди. Меҳмонлар кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аллома аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, шу асосда ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш ва буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бу даргоҳда талабаларга яратилган шароитлар, кенг ва ёруғ дарс хоналари, шинам ва барча қулайликларга эга ётоқхоналар, спорт заллари, бассейн ва ошхона билан танишди. Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари билан учрашди.
Ташриф чоғида меҳмонларга Ҳадис илми мактаби билан Дорул-улум Девбанд билан ўртасида илмий анжуман ва конференциялар, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда илмий алоқалар ўрнатиш бўйича таклиф билдирилди. Ҳиндистонлик зиёратчилар бу ғояни мамнуният билан қўллаб-қувватлади. Келгусида шу даргоҳдан, албатта, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк муҳаддис олимлар етишиб чиқишига қатъий ишонч билдирилди.
Дорул-улум Девбанд профессор-ўқитувчилари ва битирувчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Музейдаги экспонат ва суратларни завқ билан томоша қилиб, катта таассурот олди. Илмий ходимлар билан ҳадис илмига оид мавзуларда суҳбатлашди. Қисқа муддатда қуриб битказилган ва фаол ишлаётган Марказ юртимизда аждодлар меросига эҳтиром ва эътибор нечоғли юксак эканининг ёрқин белгиси эканини алоҳида қайд этди.