«Қуръон илмлари» фани Қуръонга тааллуқли бўлган оят ва сураларнинг нозил бўлиш сабаблари, Қуръоннинг жамланиши ва суралар тартиби, оятларнинг маккий ва маданийга таснифланиши, носих ва мансух, муҳкам ва муташобиҳ, мутлақ ва муқайяд оятлар каби илмлар, бундан ташқари бевосита Қуръонга алоқадор тафсир, қироат, Қуръон эъроблари илми, луғатлар илми каби жиҳатларни ўрганади.[1]
Қуръони карим илмидаги “мутлақ” ва “муқайяд” тушунчаси муфассирлар учун ўта муҳим жиҳатлардан бири бўлиб, оятлар маъносини тўғри англашда катта аҳамият касб этади.
“Мутлақ” ўзининг ҳақиқий маъносига бирор бир қайдсиз далолат қиладиган сўздир. У аксарият ўринларда бўлишли жумлаларда накра (ноаниқ ҳолатдаги от) шаклда келади. Масалан, “…бир қулни озод қилиш…”[2], оятида мусулмонми, динсизми қандайдир бир қулни озод қилиш билан каффорат адо бўлиши маълум қилиняпти. Жумла бўлишли шаклда, ва “қул” сўзи ноаниқ от шаклида келтирилган.
“Муқайяд” қайд этилган деган маънони англатиб, ўзининг ҳақиқий маъносига бирор бир қайд билан далолат қиладиган сўздир. “Кимда-ким мўминни янглишиб ўлдирган бўлса, (унинг зиммасига) бир мўмин қулни озод қилиш (фарздир)”[3] оятида хун тўлашда қулнинг мусулмон бўлиши қайд этилган[4] ва шунинг билан “қул” сўзи “муқайяд”га ўзгарган.
Қуръонда “мутлақ” тушунчаси билан бирга “умумий” деган тушунча ҳам мавжуд. Бу иккиси баъзан бир хил маъно касб этса, баъзан бир-биридан фарқланади. Уларнинг ўртасидаги фарқ шундан иборатки, “умумий” деганда битта навдаги кўплаб қисмларни ўз ичига олувчи сўз тушунилади. “Барча фаришталар жам бўлиб, унга (Одамга) сажда қилдилар”[5], оятидаги “барча фаришталар” жумласи “умумий” лафздир. Бунинг ичига барча фаришталар қамраб олинмоқда. “Мутлақ” сўзлар баъзан “умумий” маъносида келиши мумкин. “…бир қулни озод қилиш…”[6] оятидаги “қул” сўзи умумий маънода келяпти ва мусулмонми, мусулмон эмасми, ҳар қандай қулга далолат қилади. Баъзан эса “мутлақ” умумийликни ифода этмайди. “Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз…”, оятида “қўл” сўзи умумий маънода, яъни қўлни ҳамма қисмини билдирса, “тирсаклар” сўзи билан қайдланмоқда. У шунинг билан умумийликдан чиқади. Агар шу қайд бўлмаганда таҳоратда қўлни ҳамма ерини ювиш фарз бўлган бўлар эди.
Агар “мутлақ”нинг қайдланганига далолат қилувчи белгилар топилса, у бу ўринда “муқайяд” мақомида бўлади. Масалан, ушбу оятда “Ўзаро савдо-сотиқ қилганда ҳам гувоҳ келтиринг!”[7] оятида “гувоҳ” сўзи мутлақ келтирилган бўлиб қайдланмаган. Бундан савдо олди-бердисида ҳар қандай кишини гувоҳ келтирса бўлаверади, деб тушуниш мумкин. Бошқа ўринда эса “Ва (ярашаётган ёки ажралишаётганда) ўзларингиздан (мусулмонлардан) икки адолатли гувоҳни ҳозир қилингиз”[8] дейиш билан гувоҳнинг адолатли бўлиши кераклиги қайд этилган. Шундан келиб чиқиб ислом шариати ҳар қандай муомалада гувоҳларнинг адолатли бўлишини шарт қилади.
Биз сўз юритган “мутлақ” ва “муқайяд” тушунчаси “Улумул Қуръон” фанининг бир қисми ва муфассирлар муҳтож бўладиган муҳим илмдир. Қуръон илмларини ўрганиш давомида ушбу жиҳатни ўрганиш муфассир уламоларнинг қадрини англаш, даражалари юксаклигини янада идрок этишга кўмак беради. Зеро, Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳлидир. Ҳадиси шарифда: “Қуръон аҳли. Улар Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”[9], дейилган.