3-қабртошдан шу маълум бўладики, Мухлисхон ота қабр атрофи одатий мармар тошлар билан ўралган суфа кўринишида, яъни тахминан 70 х 70 см.ли тошлардан анчагинаси синиқ, ярим синиқ ҳолатида бўлганлиги бунга далолат қилади.
Мухлисхон ота тўғрисида машҳур тасаввуф олимларидан бири Муҳаммад Олим шайх Азизон томонидан ёзилган “Ламаҳот”[1] китобида қизиқарли маълумотлар келтириб ўтилган.
Ҳазрат Мухлисхон ота авлодларидан бири, машҳур мутасаввиф олим, ўз замонасининг пешво-муршидларидан ҳисобланмиш Ҳазрат Мўсохон хожа Даҳбедийнинг халифа-шогирди XVIII асрда яшаб ўтган тасаввуф намояндаси халифа Суннатуллоҳ хожа эканлиги, бу авлод вакилларининг ижтимоий ва маънавий ҳаётда катта нуфузга эга эканликларини билдиради.
Носириддин Бухорий ёзишича: “Халифа Суннатуллоҳ хожа доимо риёзат билан ибодат қиларкан, у ҳақда Қозизодаи Самарқандий (Абу Тоҳир хожа – М.А) ўзининг “рисоласи”да (“Самария” бўлса керак, аммо мазкур асарда ушбу маълумотларни учратмадик) у ҳақда айтиб, 40 ёшга кирганида завқу шавқ билан Аллоҳ зикрига машғул бўлиб, замин билан қоришиб, ерга йиқиларди, бу ҳолат такрор бўлсада, тарк этмасди. У Мухлисхон авлодидан бўлиб, Офаринкент туманининг Суғончи қишлоғида истиқомат қилган. Мазкур Эшон 70 ёшида дорулфанодан дорулбақога рихлат (вафот этган) қилган ва Суғончи қишлоғидаги Мухлисхон Азизон мозорига дафн этилган”[2], деб маълумот беради.
Мазкур авлод вакилларидан яна бири Эшонхожа бўлиб, илм аҳли орасида “Вола” тахаллуси[3] билан машҳур бўлган.
Тадқиқотчиларимиз Эшонхожа Вола тўғрисида тўлиқ маълумот берувчи манба ҳанузгача йўқлиги сабаб бўлса керак, таваллуд ва вафоти санасида тахминий саналар билан кифояланишган, кўринади.
Чунки, ёзишмаларда унинг таваллудини 1770 йил[4], бошқа бир жойда 1786-1793 йиллар оралиғида[5] эканлиги айтилса, вафоти санасини 1842 йил[6] ва ҳижрий 1289/1872-1873 йил[7], деб келтирилган.
Юқорида айтиб ўтилган қози мир Иноятуллоҳ хожага тегишли қабртошдаги маълумотга кўра Воланинг ҳақиқий исми “Эшонхожа” бўлиб, “аъмо”, яъни туғма кўзи ожиз бўлганлиги, “Вола” эса унинг тахаллуси эканлиги билиш мумкин. Мазкур (ҳижрий 1241/1825) йилда Эшонхожа Волани 28 ёшда эканлигини инобатга олсак, демак шоир Вола ҳижрий 1213, милодий 1798 йилда Суғончи қишлоғида, қози мир Иноятуллоҳ хожа хонадонида таваллуд топганлиги маълум бўлади.
Ўзи ҳақида шундай дейди:
Агарчи Вола аъмолиғ ғамидин қон ютар, лекин,
Они ботин кўзин Ҳақ очса, зоҳир дийдадин кам йўқ.
Эшонхожа Вола аъмолигига қарамай кучли хотира ва ҳушовоз соҳиби бўлган. Отаси қози Мир Иноятуллоҳ хожа мадраса таълимини кўрган, ўз даврининг етук ўқимишли кишиларидан бири бўлиб, “Қози”лик лавозимида фаолият кўрсатган.
Самарқанд музейида 1002: КР 1359 рақам остида сақланаётган хужжат айнан қози мир Иноятуллоҳ хожага тегишли бўлиб, ҳижрий 1220/1805 йил жумадус соний /август-сентябрь ойида Суғончи ҳудудидаги 507 таноб мулки ҳурри-ҳолис ерлар ҳамда ҳонақоҳ ерлари вақф қилинган. Мазкур ер чегаралари маълум қилинган. Мутавалли этиб ўзининг ўғли Убайдуллоҳ хожа раис тайинланган ҳамда вақфдан тушган даромад ҳонақоҳга, қолган қисмлари беваю бечораларга берилиши тайин қилинган. Хужжат охирида: Амир Ҳайдар (Бухоро амири 1800-1826), қози мир Иноятуллоҳ хожа ибн Раҳматуллоҳ, Ориф хожа ибн мир Абул Ҳайр хожа Самарқандий, қози Хожа ибн қози, Муҳаммад Ҳусайн ибн Тоғай сўфи (таваллуди ҳижрий 1167/1753 йил Миёнкол – вафоти ҳижрий 1249/1833 йил Бухоро шаҳрининг ташқарисида Қавола дарвозаси яқинида), қози мир Мусо хожа, Бек ибн Абдулсамадбий, Абу Саъид хожа кабилар томонидан ўз муҳрлари билан тасдиқлашган.
Шунингдек, қози мир Иноятуллоҳ хожа мазкур жойда 1084: КР 1618 рақам остида сақланаётган Бузрук хожа ибн Бобо хожага тегишли ҳижрий 1205/1790 йилда ёзилган вақф хужжатини[8] ўз муҳри билан тасдиқлаб берган.
“Юрган дарё, ўтирган бўйра” деган мақол ижросида бориб кўрдик, обод, файзи осор, киши кўнглини равшанлантириб, кўзлар қувонадиган бу муқаддас зиёратгоҳга келган ҳар бир киши ўзгача қалб сокинлиги, уйғунлигини ҳис этади. Энди билдик бу ерда машҳур шоир Вола тахаллусли Эшонхожа қўним топган маскан эканлигини, унинг оиласи, яъни отаси қози мир Иноятуллоҳ хожа, акаси Убайдуллоҳ хожа раис бўлганлигини ҳамда энг муҳими бу ерда Яссавия тариқатининг етук муршидларидан бири, тасаввуф намояндаси, Азизонлар силсиласи давомчиси, машҳур тасаввуф арбобларидан бири Ҳазрат Қосим шайх Азизоннинг шогирди, Ҳазрат Мухлисхон отанинг табаррук мозорлари эканлиги шу юрт фарзандларига фахру ифтихор бағишлайди.
Жамии хўблар даъвоси ботил бўлди ҳуснингдин,
Баробар келмагандек сеҳрлар изҳори эъжоза.
Эмасдур кўзларим кўрмак учун бул тан ҳисориға,
Кезиб фикринг чиқарға жон эрур бу икки дарвоза.
Не тонг, ўртанса жоним шамъ ўтиға шавқдин ҳар тун,
Эрур то халқ аро, эй бевафо, ҳуснингдин овоза.
Мани бу Волаи шайдолиғимға чекмай таъна,
Киши бир қатла кўз солса агар ул ҳусни навтоза.
Шоир Эшонхожа Вола ўзбек ва тожик тилларида ижод қилиб девон тузганлиги, бундан ташқари бир қатор шоирлар ғазалига мухаммаслар ёзганлиги эса унинг ижодининг серқирралигидан далолат қилади…
Эшонхожа Волани “Ҳофиз ғазалига мухаммас”, “Навоий ғазалига мухаммас”, “Ҳозиқ ғазалига мухаммас” ва “Торихи Вола бар Шаҳрисабз”, деб номланган байтлари ҳам борки, уни ўрганишни кейинги тадқиқот мақолаларимизда давом эттирамиз.