Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асари калом илмидаги муҳим манба

Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асари калом илмидаги муҳим манба

Имом Мотуридий шаръий илмларнинг ақоид йўналиши бўйича ҳам кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни умумий уч қисмга ажратганлар. Улар: мақолалар, раддиялар ва Аллоҳ таолога имон келтириш асослари.

Имом Мотуридийдан олдин ҳам “Мақолот” (Мақолалар) номли бир қанча китоблар ёзилган ва уларда асосан Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолот” (Мақолалар) номли асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Куприлий” кутубхонасида 856 рақам остида сақланмоқда. 

Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қарашларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.

Имом Мотуридийнинг қилган энг улкан хизмати аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган.

Имом Мотуридий Аллоҳ таолога имон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” номли китоб ёзган. Бу китоб Имом Мотуридийнинг “шоҳ” асари ҳисобланади. Чунки ушбу асарда унинг калом илмидаги ақидавий қарашлари ўз аксини топган. Яна бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шу туфайли “Тавҳид” асари мотуридия таълимотини билишдаги энг асосий манба сифатида эътироф этилган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” ва Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади. Имом Мотуридий ўзларининг бу асарларида мутакаллимлар услуби ила аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилганлар.

Муаллиф ўз китобини ақидада тақлид қилиш ботил эканини баён қилиш билан бошлайди. Сўнгра маърифат ва уни ҳосил қилиш воситалари ҳақида баҳс юритади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Мотуридийгача мутакаллимлардан ҳеч ким маърифат назариясига аҳамият бермаган. У кишидан ўрганиб, кейин келган ҳаммалари бу борада сўз юритганлар.

Имом Мотуридий ўзининг “Тавҳид” китобида жисмларнинг кейин пайдо бўлганига нақлий, ақлий ва ҳиссий далиллар келтирганлар. У киши худди шу далилларни Аллоҳ таолонинг борлигига ҳам далил қилиб келтирадилар.

Имом Мотуридий “Тавҳид” китобида Аллоҳ таолонинг борлигига бошқа файласуф ва мутакаллимлардан айрича, фарқли бир далил келтирадилар. Бу далил дунёда ёмонлик борлигидир: агар оламнинг яратувчиси бўлмаса, унда ёмонлик бўлмас эди.

Имом Мотуридийнинг айтишларича, Аллоҳ таоло азалдан Ўзини Ўзи сифатлаган сифатларга эга бўлган. Бунда зотий ва феълий сифатларнинг фарқи йўқ. Аллоҳ таолонинг исмлари фақат шариат манбаларида келганидек бўлиши лозим. У Зотни бошқа исмлар билан номлаб бўлмайди.

Имом Мотуридий “Тавҳид” китобида Аллоҳ таолони кўриш кайфиятсиз бўлишини таъкидлайдилар. Мазкур кўриш мўминлар учун охиратда бўлиши ва бу дунёда бўлмаслигига Қуръони каримдан оятларни далил қилиб келтирадилар.

Имом Мотуридий “Тавҳид” китобида қазо ва қадар масаласига ҳам бошқа масалалар қатори, батафсил тўхталган. У кишининг таъкидлашича, ёмонлик ва маъсиятларни тақдир ва халқ қилиш Аллоҳ таолодан. Аммо уларни амалда қилиш бандадан. Банда уларни ўз қудрати, ихтиёри ва қасди ила қилади. Маъсиятларни халқ қилишни одоб юзасидан Аллоҳ таолога изофа қилинмайди.

Имом Мотуридий “Тавҳид” асарида бир неча фаслларни мажусийлар, зиндиқлар, даҳрийлар, суфустоийлар ва бошқаларнинг эътиқодлари ботил эканини баён қилишга бағишлаган.

“Тавҳид”ни мотуридия уламолари орасида биринчилардан бўлиб, Абул Йуср Паздавий “Усулуд-дин” асарида ва Абул Муин Насафий “Табсиратул-адилла” асарида таъкидлаб ўтганлар ҳамда ундан иқтибослар келтирганлар.

“Тавҳид” асари бир неча бор нашр этилган бўлиб, асарнинг биринчи нашри 1970 йил Байрутда “Дорул-машриқ” нашриётида Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан 412 саҳифада амалга оширилган. Фатҳуллоҳ Хулайф ушбу нашрни амалга оширишда Англиянинг Кембриж университети кутубхонасида сақланаётган қўлёзмадан фойдаланган. Кейинчалик Фатҳуллоҳ Хулайф нашри Туркиянинг Анқара шаҳрида қайта амалга оширилди.

“Тавҳид” асарининг мазмунига тўхталадиган бўлсак, ўз даврида ушбу асарга турлича муносабатлар билдирилган. Чунки асарнинг тили ва маънолари ниҳоятда мураккаб ҳолда ёзилган эди. Шунинг учун кейинчалик мадрасаларда ақоид илмини ўқитишда ушбу асардан фойдаланилмаган. Балки, унинг мазмунини акс эттирган бошқа асарлардан фойдаланилган.

Асарнинг қийин тилда, мантиқ илмига асосланган ҳолда ёзилгани боис, уни кўплаб олимлар, ҳатто мотуридия уламолари ҳам танқид остига олганлар. Лекин бирортаси Мотуридийнинг асардаги ақидавий қарашларига эътироз билдирмаган. Абул Муин Насафий Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” номли китобларига асосланиб шогирдларига дарслар ўтган. Ушбу дарслар мобайнида “Табсиратул адилла” китоби таълиф этилди. Ушбу китобни “Тавҳид” китобига шарҳ десак ҳам бўлади. Зеро, бу китобда “Тавҳид”да ёзилган оддий халқ учун нотаниш баъзи сўзлар шарҳланган. Абул Муин Насафийнинг ушбу ҳаракати натижасида замонамизнинг айрим шарқшунослари уни мотуридия таълимотининг ёритиб берувчиси деб атаганлар. Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асари ҳозирги кунда ҳам калом илмини ўрганишда асосий манба ҳисобланади. Бу асарни ўрганишимиз, тадқиқ қилишимиз ва халқимизни бу бебаҳо илмий меросдан баҳраманд қилишимиз бугунги куннинг талабидир.   

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
А. Шоназаров

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …