Минг таассуфки, бизнинг юртимиздан ҳам айрим ёшлар ота-онасини қон йиғлатиб Сурия, Ироқ каби фитна ўчоқларига кетиб қолмоқдалар. У ерларда дийдаси қотиб жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар. Мазкур жоҳиллар ўзларининг бу нонкўрликлари қиёмат кунида ўзлари учун ҳасрат ва надомат бўлишини қайдан билсинлар?! Ўз Ватанига хиёнат қилиш, ота-онага оқ бўлиш, фитналарга учиб, ҳақ йўлдан тойилишдан ҳам оғирроқ гумроҳлик борми?! Энг ачинарли жиҳати шундаки, улар ўзларини тўғри йўлда ҳисоблаб, қилаётган ишларини савоб деб билмоқдалар. Аслида эса уларнинг бу қилмишлари оғир гуноҳ ва нотавонликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини гўзал амаллар қилаётган ҳисоблайдиганлардир” деб марҳамат қилади (Каҳф сураси 103-104 оятлар).
Кимларнингдир динимизга қарши бўлган ёвуз фикрларига эргашиб, мўминлар бир-бирига қурол кўтаришган. Ислом мўминларнинг ўзаро урушларини қатъиян ман қилади. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида: “Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”, – дейди. Яъни, дунё ёки охиратини ҳалок бўлишига сабаб бўладиган, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилиб, гуноҳкор бўлиб, ўзингизни ўлдирманг. Аллоҳ сизларга буюрган ва сизларни қайтарган амалларда раҳмдилдир. Чунки, мўминлар бир-бири билан ака-ука кабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир нафс эгасидек бўлади”, – деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: Санобиҳийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай деганларини эшитдим: “Мен сизлардан илгари Ҳавзи Кавсар бўйида бўламан. Албатта мен умматлар орасида сизлар билан кўп бўламан, шундай экан, мендан кейин уруш қилиб бир-бирингизни ўлдирманглар” (Ибн Муборак ривояти). Яъни бундай ишларни қилиб ўз обрўсини тўкиши мўминларга хос бўлмаган амаллигини бизга эслатган.
Фитналар бўлганда мусулмон одам ўзини олиб қочишга уруниши кераклиги ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўп кўрсатмалари келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар: “Яқинда фитналар бўлади. Унда ўтирган киши тик тургандан яхшидир. Тик турувчи юрган кишидан яхшидир. Юрувчи эса унда югурувчи (яъни, югуриши сабабли фитнани алангалантириб юборувчи) кишидан яхшироқдир. Ким фитнага қарши турса, фитна ҳам унга қаршилик қилур. Ким (фитнанинг ёмонлигидан) паноҳ топса, (ўша ерга) қочсин!” (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ривоят қилади: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофида эдик. Шу пайт фитнани зикр қилди, ёки у зотнинг ҳузурларида фитна зикр этилди. Шунда у зот: “Агар одамларнинг аҳдларининг бузилганини ва омонатларининг енгиллашиб қолганини кўрсанг, бундай бўлиб – бармоқларини бир-бирини орасига чалкаштирдилар”, – деганларида, мен у зотнинг олдиларига бориб: “Ўша пайти қандай иш тутаман, эй Аллоҳнинг набийси, Аллоҳ мени сизга фидо қилсин?!”, – дедим. У зот: “Уйингни лозим тут, тилинга эгалик қил, билган нарсангни ол, ёмон кўрган нарсангни ташла, ўзинга хос бўлган ишни қил ва одамларнинг ишида ўзингни четга ол”, – дедилар” (Ибн Муборак ривояти). Одамлар бир-бирига бўлган ваъдаларида турмай қўйишса, ўрталарида ишонч йўқолса, фитналар ҳосил бўлади. Шунда ҳеч нарсага аралашмасдан уйда ўтирган яхшидир. Чунки фитна қилиш одам ўлдиришдан ҳам каттароқ гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло: “Фитна қилиш ўлдиришдан каттароқ гуноҳ” (Бақара 217.), деб айтган.
Ҳар доим дин-эътиқод масаласида огоҳ бўлиб яшаш зарур. Чунки инсонни инсон қилиб турган энг муҳим асослардан бири эътиқоддир. Агар эътиқод бузулса, инсоннинг онг-тафаккури ва дунёқарашига ҳам касаллик етади. Биринчи ўринда эътиқодимизни асраб авайлашимиз, мустаҳкам имон ва ишонч билан муқаддас Ислом динимиз кўрсатмаларига қатъий риоя қилиб боришимиз зарур. Ислом эса, ҳамиша эзгулик ва тинчлик дини бўлиб қолаверади.