Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / ҲОЖИ САФО ВАЛИЙ ЗИЁРАТГОҲИ (2-қисм)

ҲОЖИ САФО ВАЛИЙ ЗИЁРАТГОҲИ (2-қисм)

Ҳожи Сафо Валий муқтадолик қилган “Қаландария” (“Неъматуллоҳия”) тариқати ва унинг вакиллари, шу йўналишда фаолият олиб борган мутасаввуф олимларнинг илмий ва адабий ижодиётида асосан маснавийхонлик етакчи ўрин эгаллаган. Ул зот умрининг охиригача сўфийлар тарбияси билан шуғулланиб ҳижрий 1153 (1740) йилда[1] вафот этган.

Ҳожи Сафо Вали ўзидан ўзининг тасаввуфона маърифати билан бир қаторда замонасига хизмат қиладиган забардаст авлодларини ҳам қолдирган[2]. Жумладан, набираси Мирзо Ражаб моҳир хаттот ва эътиқоди мустаҳкам сўфийлардан бўлган бўлса, Мирзо Қаландар юксак билимли шоирлардан саналган[3]. Бундан ташқари, XIX асрнинг ўрталарида Қаландархона пирзодаларидан бири Эшони Қози Тўра ўзининг тиббиётга бағишланган “Тажрибат ут-таркибот”[4] номли асарини айнан Қаландархонада ёзганлиги, ушбу маскан XIX асрнинг охирларигача ҳам илм маърифат, таълим-тарбия ўчоқларидан бири бўлганлигини англашимиз мумкин.

Ҳожи Сафо Валий ва унинг силсиласи ҳақидаги маълумот ҳали ҳануз юзага чиқмаётганлиги, бу соҳада алоҳида тадқиқот қилиш лозимлигини кўрсатади. Умуман олганда, қаландарлик фаолияти билан деярли барча тасаввуф олимлари рўбарў бўлишган ва шу тарзда инсонларни тарбият қилишган.

Ҳожи Сафо Валий ва унинг авлодлари зиёратгоҳида мавжуд қуйидаги қабр тошларни тадқиқотимиз давомида ёзиб олдик[5]:

  1. “…. Абул Маъоли[6] ибн Амир… ибн Амир Жаъфар ибн Амир Мулк ибн Носириддин ибн Амир Имод ул-мулк ибн Амир … ибн Амир Абул Ҳасан ибн Амир Абул Қосим ибн Амир Убайдуллоҳ ибн Амир Султон Али Асғар ибн Амир Ҳасан ибн Амир Ҳусайн ибн Амир Абу Жаъфар ибн Амир Абдуллоҳ ибн Амир Ҳасан Асғар ибн Зайн ул-обидин ибн имом Ҳусайн ибн амир ал-мўъминин Али ибн Абу Толиб ризваноллоҳу таоло”, деб ёзилган мармар қабр тоши[7]нинг юқори қисми сақланма (яъни син)ган.
  2. “…Ҳидоят офтоб бинти Асадуллоҳ хожа…, як ҳазору се саду ду (1302/1884)”
  3. “…Ҳожи Мирзо Асадуллоҳ хожа ибн мир Абулвоҳид хожа, сана 1300/1882”
  4. “… Хожа Абдураҳмон ибн Хожа Зоҳид… алф ва ишрун”
  5. “…Мирзо … ибн Абдул Восеъ тўра шаҳри 4-рабби ул-аввал сана 1321/1902”
  6. “…Ҳадича бегим бинти Мирзо Юнус тўра, шаҳри жумад ул-аввал сана 1341/1922”
  7. “…Мирзо Аббос ибн Мирзо Рустам, 1907-1953”
  8. “… Мирзо Рустам ибн Мирзо Восеъ тўра, 1299/1881-1362/1942”
  9. “… бинти … хожа”
  10. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм …”
  11. “…Дўст бек … хожа …дин”

12-қайроқ қабр тош: «Ҳаза қабр хожа ажил аш-шайх ал-ғариб амин уд-давла вад-дин жамол ул-ислом (Аҳма)д бин Муҳаммад ат-Термизий…олиҳи бил ҳ(айр)». Ушбу тошнинг қуйи ўнг томони пастки чап томонга қараб синганлиги сабабли, ул зотнинг вафот санаси кўрсатилмаган. Тахминан XII-XIII асрларга тегишли эканлиги қайроқ тошнинг шакли ва ундаги ёзув ҳамда унинг атрофидаги ҳошиясидан кўриниб турибди[8].

Биринчи қабртошда келган шажаранинг юқориси сақланмаган бўлсада, ушбу тошни “Термизий саййид”лар авлодига тегишли эканлиги сабабидан, ўн иккинчи қайроқ қабртошидаги “Хожа Аҳмад бин Муҳаммад ат-Термизий” дейилганига кўра, юқоридаги қабр тошдаги шажара ҳам айнан шу зот билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Қолган қабртошлар эса Ҳожи Сафо Валий авлодларига тегишли.

Зеро, Акобирлар айтурлар “Ат-тасаввуф куллиҳо адаб” ва ҳар киши етишур одоб бирлан мақсадиға ва ҳар киши маҳрум бўлур одобни тарк қилмоқ бирлан. Зоҳирда ҳар киши одоб бирлан бўлса, ботинда ҳам яхши одоблик нишони турур”[9].

Ҳожи Сафо Валий ва унинг авлодлари зиёратгоҳидаги ўттизга яқин баланд чинорлар ва қадимий тут дарахти мазкур мажмуанинг ажралмас қисми ҳисобланиб, бу табаррук масканга Бобораҳим мулло Валий ўғли Машраб ҳам бежизга келмаганлиги[10] намоён бўлади.

М.Ў.Амонов
ИБХИТМ қўлёзмалар билаш ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1] Абу Тоҳирхожа. Самария. Тошкент. 1991 йил. 51-52 бетлар.
[2] Бу ҳақида батафсил қаранг: Абу Тоҳирхожа. Самария. Тошкент. 1991 йил. 51-52 бетлар, Ш.Ахадов. Ҳожи Сафои Вали. Тошкент. 2013 йил.
[3]Ушбу авлод қаландар сўфийлик сархалқасида бўлганлиги сабабли бу авлоддан кўпгина Машраб сифат шоирлар ва адиблар етишиб чиққан. Мисол учун Хаёлий тахаллуси билан XIX асрда яшаб ижод этган шоир шеърларида жазба ҳолати ғолиблиги кўзга кўриниб туради. Бу воқеликлар алоҳида тадқиқот талаб этади. Шу боис қисқа қилдик.
[4]Эшони Қози Тўра пирзодаи қаландарон. Тажрибат ут-таркибот. Самарқанд Қаландархона маҳалласи. Самарқанд Давлат бирлашагн тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси фонди. Қўлёзма. Ҳижрий 1272/1855 йил. Форсча. Ўлчами 31х22 см. Сақланиш рақами КП 303/2.
[5]Тадқиқотимизда фақатгина қабр тошлардаги исм ва саналарини келтириб ўтамиз. Дала тадқиқот манбалари. Самарқанд шаҳар Ҳожи Сафои Вали зиёратгоҳи. 2019 йил 24 август.
[6]Термиз саййидларининг таниқли вакили Абул Маолий кўп йиллар мобайнида Соҳибқирон Амир Темурнинг ота мероси мулкида яшаган ва қазоси етгач (1455 йил) Шаҳрисабздаги «Гумбази Саййидон»да, Шайх Шамсиддин Кулол қабри ёнида дафн этилган. Бу ҳақида батафсил қаранг: О.Бўриев ва Ш.Искандаров. Амир Темур – Туркистон саййидлари ҳомийси // Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари. Илмий-маърифий журнали. 2015 йил 2 (66)-сони 56-59 бетлар.
[7]Мазкур қабртош, «Гумбази Саййидон»даги Абул Маоли қабр тошида келтирилган шажара билан деярли бир хил. Бу ҳақида батафсил қаранг: А.Х. Турдиев, Ш.Ш. Сапаров. Ислом цивилизациясининг Буюк Ипак йўли орқали Ўрта Осиё давлатларига кириб келиш тарихи // Осиё мамлакатлари тамаддуни ва ипак йўли. Халқаро илмий анжуман материллари. Самарқанд. СамДЧТИ. 2019 й. 459-469 бетлар.
[8]Бу ҳақида батафсил қаранг: Л.Н. Додхудоева. Эпиграфические памятники Самарканда. XI-XIV вв. Том. Душанбе. Дониш. 1992 г. 185-186, 213-214 стр.
[9] Мулло Муҳаммад Назар ибн Мулло Муҳаммад Аваз ибн Мулло Муҳаммад Яъқуб ибн Хожи Кўзлук Ота. Бўстон ул-мужин. Қўлёзма. Форсча-ўзбекча. Настаълиқ. кўчирилган йили номаълум. 219 саҳифа. мшк.
[10] Қаранг: А.Жуманазар. Машраб: муаммо ва ечимлар. Т. Akademnashr. 2015, Б. 224

Check Also

ШАЙХ ХУДОЙДОД ВАЛИЙ – ОШИҚЛАР САРДОРИ

Субҳидам ҳар кимки Ҳаққа айлар роз, Ҳақ Субҳон қутлуғ йўл айлар сарафроз. Шайх Худойдод Валий …