عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ». رواه البخارى.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли ва тили билан мусулмонларга озор бермаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳақиқий ҳижрат қилган кишидир,” – дедилар. (Имом Бухорий ривоят қилган)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом динига аввал кирганларни исломни биринчи бўлиб қабул қилганликлари билан фахрланиб қолмасликлари учун ҳамда амалларига эътимод қилиб қолишларидан хавф қилиб, уларга мусулмонларни бир-биридан фазилати исломни биринчи бўлиб қабул қилишда эмас, балки мусулмонлар унинг тили ва қўлидан келадиган зарарлардан саломат бўлишлигида ҳамда ўзаро муамолот ва мулоқотларда уларнинг ҳуқуқларига тажовуз қилмасликда эканлигини баён этдилар. Шунингдек, муҳожирларни ўзларининг ҳижратларига суяниб қолишларидан эҳтиёт бўлишга чақириб, жисмнинг ҳижратидан ҳам савоби улуғроқ ҳижрат борлигини маълум қиладилар ва ҳақиқий ҳижрат жисм ҳижрати эмас, балки Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтмоқ, ҳижрат қилмоқ эканлигини уқтирдилар.
Мусулмон кишининг зиммасидаги ҳақи – бошқаларга тили ва қўли билан озор бермаслик ҳисобланади. Кимики ислом динининг беш арконларини қоим қилса-ю, тили ва қўлини бошқаларга озор беришдан сақламаса, демак, у комил мусулмон қаторига кирмайди.
Ҳадис матнида аввал тил билан озор беришдан сақланиш, кейин қўл билан озор беришдан сақланиш айтилмоқда. Чунки тилнинг жароҳати қўлнинг жароҳатидан қаттиқроқ ва аламлироқ бўлиш билан бирга тилнинг зарари қўлнинг зараридан кўлами каттароқдир.
Ҳадиснинг давомида Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳақиқий ҳижрат қилган киши эканлиги айтилмоқда.
Аслида Макка фатҳидан олдин мусулмонларни Макка мушрикларининг зулмидан ўзларини жони, молларини ва динини асраш учун Мадинага кўчишлигига “Ҳижрат” деб айтилади. Шу ният билан кўчган саҳобани “муҳожир” деб аталади. Ўша вақтда Макка мушрикларини мусулмонларга зулми ҳаддан ошиб, уларнинг жони ва иймон-эътиқодларига зарар келтирадиган даражага борди. Шу сабабли саҳобалар ўз жони ва динини асраб қолиш учун ҳатто бор мол-мулкларини ҳам ташлаб Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетганлар.
Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка фатҳи куни “Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ”, – деб айтган сўзларига биноан энди ҳижрат қилиш йўқдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадис орқали Аллоҳ таоло қайтарган – ҳаром қилган (Ноҳақ одам ўлдириш, зулм қилиш, ғийбат, ўғирлик, ёлғончилик, зино каби) амаллардан ўзини тийиш, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилиш эканлигига урғу бермоқдалар. Яъни мўъмин киши Аллоҳ таоло қайтарган – ҳаром қилган амаллардан ўзини тийиш ва узоқда бўлиши ҳақиқий ҳижратдир.
Ҳозирги кунда соф исломий таълимотдан бехабар бўлган айрим ғўр ёшларнинг ҳар хил оқимларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, ҳижрат қилиш фарз экан деган хом хаёлга бориб, диний ибодатларни адо этишга эркинлик берилган, тинч ва осойишта мамлакатни ташлаб, ҳижрат қиламиз, деган даъволар билан ўзларини ҳалокатга дучор қилаётганликлари ачинарли ҳолдир, албатта. Ана шундай вазиятларда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кекса ва илмли кишилар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг ушбу суннатларига амал қилган ҳолда уларга насиҳатлар бериб, тўғри йўлга солиб юборишлари лозим бўлади.