ЎзР ВМнинг 2019 йил 25 февралдаги “… Мамлакатимиз илм-фани нуфузини янада ошириш ва халқаро илмий-техник ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган халқаро ва республика илмий анжуманлари, симпозиумлари, семинарлари ва бошқа илмий ҳамда илмий-техник тадбирларни самарали ўтказиш” юзасидан қабул қилган 133-ф-сонли Фармойиши ижроси доирасида ЎзР ВМ ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказида 2019 йилнинг 22 октябрь куни “Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар – маданиятимизнинг ажралмас қисми” мавзуидаги Республика илмий конференцияси бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид кўплаб қимматбаҳо экспонатлар нафақт юртимизда, балки хорижий давлатларнинг музейлари ва архив фондларида сақланмоқда. Халқимизнинг бой тарихи ва маданиятининг ажралмас бир қисмини ташкил этувчи мазкур қадимий қўлёзмалар, санъат асарлари, осори-атиқаларни илмий тадқиқ этиш, уларни юртимиз жамоатчилиги ўртасида тарғиб қилиш ҳамда ёшларимизни ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Юқоридаги вазифаларни амалга оширишга қаратилган конференция қуйидаги шўъбаларда муҳокама этилди:
· Қўлёзма манбалар – маънавий мероснинг асоси.
· Осори-атиқалар – моддий-маданий мерос намунаси.
· Кийим-кечак ва чолғу асбоблар – миллий маданиятнинг ажралмас қисми.
· Маданий бойликларни тадқиқ ва тарғиб этишда ахборот технологияларининг ўрни.
Илмий конференцияда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид чет эллардаги турли музейлар, фондлар, архивлар ва бошқа илмий-маданий муассасаларда сақланаётган маданий бойликлар устида тадқиқотлар олиб бораётган юртимизнинг илмий-тадқиқот ва таълим соҳасидаги етакчи мутахассислар ҳамда ёш олимларнинг илмий тадқиқот натижалари баён қилинган йигирмадан ортиқ маъруза тингланди ва муҳокама қилинди.
Бу борада, айниқса, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази илмий ходимларининг маърузаларида соҳага оид янгиликлар, муҳокама этилаётган масалаларни амалга тадбиқ этиш юзасидан аниқ таклифлар берилганлиги билан аксарият қатнашчиларнинг эътиборини тортди.
Улар ўз маърузаларида чет эллардаги мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни тадқиқ этиш методларини ишлаб чиқиш, маданий бойликларнинг маълумотлар базаси – реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, тарихий экспонатларнинг асли ёки нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, эришилган илмий натижаларни республика оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет орқали кенг ёритиш борасидаги ишларни амалга ошириш ва уларни мувофиқлаштириш масалаларини ёритдилар.
Конференцияда Ўзбекистон Фанлар академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг етук олим ва мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбир давомида Марказ директори Р.Баҳодиров Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Асосий кутубхонаси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти вакилларига Россия Федерацияси ҳамда Туркия Республикасига қилинган илмий хизмат сафари давомида олиб келинган Ўзбекистон маданияти ва маънавий меросига оид бўлган қўлёзмаларнинг электрон нусхаси ва бошқа китобларни тақдим этди.
Манба: uzculture.uz