Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда саёҳат одоблари

Исломда саёҳат одоблари

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, она юртимиз Ўзбекистон тинчлик ва омонлик диёридир. Бу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз уйида худди бешикда ётгандек тинч ва хотиржам яшамоқда. Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик борасида диёримиз ҳаммага ўрнак бўлишга арзигулик диёрдир. Бу юртнинг фуқаролари ҳеч қандай қўрқув ва хавотирларсиз ўз уйини ташлаб узоқ ёки яқин шаҳарларга саёҳат қилиш учун чиқиб кета олади. Шаҳарлар ва юртлар кезиб юрар экан, Аллоҳ таоло яратиб қўйган дунё гўзалликларидан баҳраманд бўлади…

Аммо ана шу сайру саёҳатнинг ҳам ислом динида ўз одоблари борки, мўмин-мусулмонлар уларга риоя қилиш билан барчага намуна бўлишлари лозим бўлади. Агар уларга амал қиладиган бўлсалар, саёҳатлари улар учун ҳам ҳаловат, ҳам ибодатга айланади. Зеро, ахлоқ-одоб мусулмонларнинг энг устувор сифатларидан биридир. Қуйида саёҳатга чиқмоқчи бўлган мусулмонлар амал қилишлари тавсия этиладиган ана шундай одобларнинг айримларини санаб ўтамиз:

  1. 1. Сафарга чиқиш олдидан ниятини тўғрилаб олсин. Яъни, шу саёҳатим билан Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишга, аҳли оиламга кенгчилик яратиб беришга, уларнинг қалбларига шодлик ва хурсандчилик солишга куч тўплаб олишни ният қилдим, десин. Ана шундай қиладиган бўлса, унинг саёҳати ҳам ибодат, ҳам ҳаловат бўлади.
  2. Истихора қилиб олсин. Зеро, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай деган: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: “Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: “Аллоҳим, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимда-ю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимда-ю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил”, десин ва ҳожатини айтсин”, дедилар”[1]. 

Юқоридаги ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, мусулмон банда ўзи қилмоқчи бўлган ҳар қандай ишда – хоҳ у сафарга чиқиш бўлсин, хоҳ бирор нарса сотиб олиш бўлсин ёки бошқаси – барча-барчасида истихора қилмоғи лозим.

  1. Сафарга чиқиш о лдидан ўзининг васиятини ёзиб қолдирсин. Бу борада Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деган: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деб турганларини эшитдим: “Васият қиладиган нарсаси бор бирор мусулмон (кетма-кет) икки кеча давомида олдида васияти ёзилмаган ҳолда ухлаши мумкин эмас””[2].

Чунки сафар азобнинг бир қисмидир ҳамда хатарга йўлиқиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шу нуқтаи назардан мусулмон киши бирон бир сафарга чиқмоқчи бўлса, ўз васиятини ёзиб қолдириши лозим. Унда ўзига зарур нарсаларни – олди-берди муомалаларини, айниқса, ўзининг зиммасида турган молиявий ҳақларни ёзиши зарур.

  1. Агар имкон топа олса, пайшанба куни сафарга чиқсин. Зеро, Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқмоқчи бўлсалар, камдан-кам ҳолатларда пайшанба кунидан бошқа кунда сафарга чиқар эдилар”[3], деган. Чунки бу иш билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган бўлади. Қолаверса, пайшанба куни муборак кун бўлиб, у кунда амаллар Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади.
  2. Сафарга чиқишдан олдин ўзига ҳамроҳ топиб олсин. Зеро, бу жуда ҳам аҳамиятли ишдир. Чунки, сафардаги ҳамроҳнинг ёрдами керак бўлиб қолиши бор. Мусо алайҳиссалом ҳам Хизр алайҳиссалом билан учрашиш учун сафарга чиққанида ўзининг ёш шогирди Ювшаъни ўзига ҳамроҳ қилиб олган эди. Бинобарин, саёҳатга чиқмоқчи бўлган одам ор-номуси ва мол-мулкини ишонса бўладиган бир инсонни ўзига ҳамроҳ қилиб олмоғи лозим. Бир инсонни ўзига ҳамроҳ қилиб олар экан, у билан чиройли муомалада бўлиши керак бўлади. Мужоҳид розияллоҳу анҳу: “Мадинага боришда мен унга хизмат қиламан деб Ибн Умарга сафарда ҳамроҳлик қилдим. Аммо мен унга эмас, у менга хизмат қилди”, деган экан.

Рабийъа ибн Абдурраҳмон шундай деган: “Сафарнинг ҳам, муқимликнинг ҳам ўзига яраша одамгарчилиги бор. Сафарнинг одамгарчилиги киши ўзи билан олган сафар озуқасини ҳамроҳларига ҳам улашиш, улар билан кўп тортишмаслик, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлмайдиган қилиб, улар билан ҳазил-мутойиба қилишдир”. Чунки сафарнинг ўзига яраша машаққатлари бордир.

  1. Сафарга чиқиш олдидан ҳамроҳлардан бирини йўлбоши қилиб олсин. Зеро, Абу Ҳурайра ва Абу Саъийд розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинган ҳадисда: “Агар уч киши сафарга чиқадиган бўлса, улардан бирини ўзларига амир қилиб олсинлар”[4], дейилган. Агар шундай йўл тутадиган бўлсалар, сафар давомида аҳил ва иттифоқ бўлишларга омил бўлади. Бу ҳам ҳар бир ишда риоя қилиниши лозим бўлган тартиб-интизомнинг бир бўлагидир.
  2. Сафарга чиқиш олдидан яқинлар ва яхши инсонларнинг дуосини олсин.
  3. Хос ва умумий дуоларни ёддан чиқармасин. Жумладан:

– Маркабга миниш ва сафарга чиқиш дуоларини ўқиш. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай келади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқаётиб, уловларининг устига яхшилаб ўрнашиб олгач, уч марта: “Аллоҳу акбар!” дер, сўнгра:

سُبْحَان الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَ مَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِيْنَ وَ إِنَّا إِلَى رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُوْنَ. اللَّهُمَّ إِنَّا نَسْأَلُكَ فِي سَفَرِنَا هَذَا الْبِرَّ وَ التَّقْوَى وَ مِنَ الْعَمَلِ مَا تَرْضَى. اللَّهُمَّ هَوِّنْ عَلَيْنَا سَفَرَنَا هَذَا وَاطْوِ عَنَّا بُعْدَهُ. اللَّهُمَّ أَنْتَ الصَّاحِبُ فِي السَّفَرِ وَ الْخَلِيْفَةُ فِي الأَهْلِ. اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ وَعْثَاءِ السَّفَرِ وَ كَآبَةِ الْمَنْظَرِ وَ سُوْءِ الْمُنْقَلَبِ فِي الْمَالِ وَ الأَهْلِ.

Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз. Аллоҳим, ушбу сафаримизда Сендан яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Аллоҳим, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоқлигини яқин қилгин. Аллоҳим, сафардаги йўлдош ҳам, хонадонда қолувчи ўринбосар ҳам Ўзингдирсан. Аллоҳим, Сендан сафар қийинчиликлари ва қайғулари, аҳлда ва молда ёмон оқибатлардан паноҳ сўрайман”, деган жумлаларни ўқир эдилар.

– бирон бир манзилга қўнадиган бўлса, бу хусусда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқисин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор манзилга қўнса, сўнг:

 أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ

“Аллоҳнинг мукаммал калималари билан У яратган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деса ўша манзилдан туриб кетмагунича ҳеч нарса унга зарар бермайди”[5], деганлар.

– сафар давомида ўзига ё аҳли оиласига ёки мол-мулкига талафот етган кишиларни кўрганида:

“الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَافَانِي مِمَّا ابْتَلاَهُ بِهِ وَ فَضَّلَنِي عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقَ تَفْضِيلاً”

“Уни мусибатлаган нарсадан менга офият берган ва ўзи яратган кўплаб нарсалардан мени афзал қилиб яратган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” десин. Агар шундай қилса, ўша ёмонлик бу кишига етмайди. Ўша ёмонлик Аллоҳ таолонинг изни билан унга тегмасдан уни айланиб ўтади.

– пастликка тушиш вақтларида тасбеҳ ва таҳлил, тепаликка кўтарилиш вақтида такбир айтсин. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ғазотдан ё ҳаж ёки умрадан қайтадиган бўлсалар, ернинг тепалик қисмига кўтарилган вақтларида уч марта такбир айтар, сўнгра:

لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ وَ هُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ عَايِبُونَ تَائِبُونَ عَابِدُونَ لِرَبِّنَا حَامِدُونَ سَاجِدُونَ صَدَقَ اللهُ وَعْدَهُ وَ نَصَرَ عَبْدَهُ وَ هَزَمَ الأَحْزَابَ وَحْدَهُ.

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг ўзи бор, Унинг ҳеч бир шериги йўқдир. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир ва У ҳар бир нарсага қодирдир. …, …, Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди, бандасига нусрат берди ва ёлғиз Ўзи душманларни мағлуб қилди”, жумлаларини айтар эдилар.

– шунингдек, кундузи ва кечаси ўқиладиган дуоларни лозим тутсин. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

ما من عبد يقول في صباح كل يوم و مساء كل ليلة «بسم الله الذي لا يضر مع اسمه شيء في الأرض ولا في السماء و هو السميع العليم» ثلاث مرات لم يضره شيء

Яъни: “Қайси бир банда ҳар куни тонгда ва ҳар куни кечаси “Унинг исми бўлган жойда ерда ҳам, осмонда ҳам бирор нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўрайман”, деб уч марта айтадиган бўлса, бирор нарса унга зарар бермайди”[6].

  1. Сафарга чиқар экан ношаръий ва ёмон нарсаларни ўзи билан олмасин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Ораларида ит ва қўнғироқ бўлган шерикларга фаришталар ҳамроҳлик қилмайди”[7].

Банда Аллоҳга таваккал қилиб сафарга чиқар экан, шу сафарини ҳам ибодатга айлантириб олмоғи, Аллоҳнинг ризосини талаб қилмоғи лозим. Шундай экан, ўзи билан фақат ҳалол ва мубоҳ нарсаларни олсин.

  1. Сафар давомида Аллоҳ таоло унга қарашни ҳаром қилган нарсалардан кўзни юмсин. Сафар давомида Аллоҳ уларга қарашни ҳаром қилган ҳар хил суратлар ва манзараларнинг кўзга ташланиши табиий, албатта. Қараш – шайтоннинг камон ўқларидан биридир. Қараш кўп ҳолларда ўз эгасига зарар олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз дўзах ўтига ҳаромдир. Аллоҳнинг йўлида бедор бўлган кўз дўзах ўтига ҳаромдир. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан юмилган кўз дўзах ўтига ҳаромдир”[8].

  1. Исрофгарчиликдан сақлансин. Керагидан ортиқ сарф-харажат қилиш ёки мажбуриятларни адо этишда камчиликка йўл қўйиш билан ҳаром ишга қўл урмасин. Зотан, Аллоҳ таоло: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”[9], деб огоҳлантирган.

Бу дегани ўзини ва аҳли оиласини Аллоҳ таоло рухсат бериб қўйган нарсалардан маҳрум қилсин, дегани эмас. Аксинча, уларга кенгчилик қилиш маъқул иш ҳисобланади. Чунки мусофирликдаги ҳолат муқимликдагидан фарқ қилади.

  1. Ҳордиқ чиқариш учун сафарга чиқаман деб одамлардан қарз олиб юрмасин. Негаки, ўзи ва оила аъзоларининг ҳордиқ чиқаришлари учун қарз олиб ўзига қийин қилиб қўйиши шариатда ҳам, урфда ҳам айб саналади. Қарз масаласи осон эмас. Қарзи бор одамнинг жанозасини, ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўқимаганлар.
  2. Имкон қадар разолат ва фаҳш ишлар кенг тарқалган юртларга саёҳат қилмасин. Саёҳатга чиқишдаги мақсади қанчалар улуғ бўлса, саёҳатдан ўзи ва оила аъзолари учун оладиган манфаати шунча катта бўлади. Мабодо, ўта зарур бўлгани боис ўшандай юртларга сафар қилишга тўғри келиб қоладиган бўлса ҳам еган-ичгани, юриш-туришида Аллоҳ таолодан қўрқсин. Шубҳали таомлардан йироқ бўлиб, ҳалол таомларни излаб топсин.
  3. Сафарга чиқмоқчи бўлиб турган юртларни олдиндан суриштирсин. У юртнинг салбий ва ижобий тарафларини ўргансин. Борган юртидаги гўзал манзаралар, тарихий ёдгорликларни тафаккур билан томоша қилсин. Аллоҳ таоло яратган махлуқотларни, мўминлар учун жаннатда ҳозирлаб қўйган мукофотларни ўйласин. Сафаридан фойдалансин. Тафаккур қилсин. Ибрат олсин. Аллоҳ таоло бу борада шундай деган:

“Ахир, улар ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилиб, имонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?!”[10].

  1. Оила аъзолари билан саёҳатга чиқадиган бўлса, болаларига диққатли бўлсин. Ҳордиқ олсинлар, ўйнаб кулсинлар, дея уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиш яхши оқибатларга олиб келмаслигини ёдда тутсин. Улар учун кўпроқ вақт ажратсин. Зеро, шу вақтга қадар ўз юртида иш баҳона улардан анча узоқлашиб кетган бўлади. Энди ўша кунларнинг эвазига саёҳат вақти улар билан кўпроқ бўлишга ҳаракат қилсин. Уларга кўпроқ яқин келсин. Ҳаёт ташвишларини ўзидан йироқ қилсин. Оила аъзолари учун махсус сафар дастури ишлаб чиқсин. Яхши-яхши суҳбатлар ва мусобақалар ташкил қилсин. Расмиятчиликни бир четга суриб, уларнинг сафардаги ҳамроҳларидан бирига айлансин. Ўзаро маслаҳатли ҳаёт бошласин. Сафардан қайтар экан ўзи ва оила аъзолари тўлақонлик ҳордиқ чиқариб қайтишсин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Аллоҳ таоло ер юзини инсонларнинг манфаатига хизмат қилиш учун яратган. Шундай экан, бандаси ер юзини кезиб, Аллоҳ таолонинг бир-биридан ажойибу ғаройиб яратганларини кўрсин ва имони зиёда бўладиган даражада ибрат олсин. Саёҳат қилишдан мақсади фақат ўйин-кулгу, ҳордиқ чиқариш ва бошқалар бўлиб қолмаслиги керак. Қаерда бўлишидан қатъий назар ўлим вақт ва ёш танламаслигини ёдда тутиб, саёҳатда юрган кунларда ҳам тоат-ибодатларини, зикрларини ташлаб қўймаслиги лозим. Саёҳат қилишдан мақсади ибрат олиш бўлиши, саёҳатдан қайтганидан сўнг жамиятга фойдаси тегадиган ишларни янги шижоат ва куч-ғайрат билан амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши унинг саёҳатини ибодатга айланишига сабаб бўлади. 

Алоуддин Ҳофий
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
кичик илмий ходими
[1] Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти.
[2] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти. Ҳадис лафзи имом Бухорийники.
[3] Имом Бухорий ва имом Аҳмад ривояти.
[4] Абу Довуд ривояти.
[5] Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти.
[6] Имом Термизий ривояти.
[7] Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти.
[8] Имом Насоий ривояти.
[9] Исро 17/27
[10] Рум 30/9

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …