Home / АЛЛОМАЛАР / Имом Абу Юсуф шахсияти ва илмий-амалий фаолияти

Имом Абу Юсуф шахсияти ва илмий-амалий фаолияти

Мусулмон шарқида исломий илмларнинг юксак ривожланиш даври бўлмиш VIII-IX асрлар Ислом оламида илму фан, айниқса, фиқҳ ва калом илмининг ривожи учун олтин давр ҳисобланади. VIII асрда Ҳаммод ибн Сулаймон (р.а.)нинг мумтоз шогирди ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа (р.а.)дан Ироқ йўналиши бўйича фиқҳ илмини ўрганган буюк фақиҳ ва мужтаҳид – Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ал-Ансорий (р.а.) (113-182 ҳ.й.) Аббосийлар давлатининг қози-ул-қуззоти халифаликнинг пойтахти ҳисобланган Бағдод шаҳрини фиқҳ ва калом илми марказига айлантирди ва кўп сонли шогирдлар тарбиялаб камолга етказди. VIII асрда Ироқ мактаби асосида фиқҳ ва калом илмини ўзлаштирган бир қатор атоқли олимларни тарбиялаб, камолга етказиш билан Бағдод шаҳрини ислом оламида ҳанафий мазҳаби тарқалишининг биринчи марказига айлантирди. Фиқҳ ва калом илми, айниқса, ҳанафий мазҳаби ушбу марказдан халифаликнинг барча ҳудудларида тарқалиб, кенг кўламда ривожланиши, улуми шаръиянинг асосий соҳаларида юзлаб иқтидорли олимларнинг етишиб чиқишига сабаб бўлди.

Йирик ҳуқуқшунос олим Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ал-Ансорий (р.а.) куняси Абу Юсуф ислом тарихидаги биринчи қози-ул-қуззот (қозилар қозиси, яъни буюк қози) эди. Шунинг билан бирга ўз даврида ҳанафий мазҳабининг салоҳиятли вакили ва пешвоси ҳисобланган. Шайх Муҳаммад Хузарийбекнинг ёзишича, у Абу Ҳанифа (р.а.)нинг энг истеъдодли шогирди ва энг яхши ёрдамчиси сифатида биринчи бўлиб унинг мазҳаби бўйича китоб ёзган, масалаларни имло қилган, шунингдек ҳанафий мазҳабини ер юзига тарқатган (1).

Имом Абу Юсуф (р.а.) фиқҳ илмини ўз даврининг ва келажак замонларнинг ҳам буюк фақиҳи, ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифадан ўрганди, фиқҳ, усул, хилоф, калом, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича иқтидорли олим даражасига кўтарилди. Унинг илмий салоҳияти ва тенгсиз истеъдоди барча олимлар томонидан эътироф этилган ва номи зарбулмасалга айланган эди.

Вафоётул аъён, Тожут-тарожим, ал Жавоҳирул-музия ва ал-Фавоидул баҳияда зикр этилишича, у ҳар доим Бағдод шаҳрида машҳур ва таниқли олимлар билан мунозара олиб борарди. Имом Абу Юсуф (р.а.), Ҳорун ар-Рашид даврида энг олий мартабаларга кўтарилган. У биринчи бўлиб ислом дунёсида «қози-ул-қуззот» унвонига эришган, биринчи бўлиб ўз мазҳаби бўлмиш ҳанафийликка оид асар таълиф қилган. Аҳли ҳадис деб номланган фиқҳий мактаб вакиллари кўпинча раъй ва қиёс тарафдорларини у қадар ёқтирмаган бўлсалар ҳам, уларнинг аксарияти Имом Абу Юсуф (р.а.)га катта эътибор қаратиб, уни мақтаб келганлар. Имом Абу Юсуф (р.а.)нинг қозилик даврида Аббосийлар халифалиги ҳудудида ҳанафий мазҳаби давлатнинг расмий мазҳаби сифатида ривожланиб, назариёт соҳасидан амалиёт соҳасига ўтиб шаклланган. Унинг ҳар бир усул ва қоидаси ҳаёт синовидан ўтиб, амалий ҳаётга татбиқ этилган.

Тадқиқотчи олимлар таъбири билан айтганда, қиёс ва истеҳсон назария доирасидан чиқиб, реал ижтимоий муносабатларга асослантирилган. Ушбу мавзу юзасидан тадқиқот ва изланишлар олиб борган Доктор Аҳмад Шалабийнинг таъкидлашича, Имом Абу Юсуф (р.а.) ўз амалий фаолияти биринчи бўлиб қозилар ва олимлар учун махсус кийим (униформа) жорий қилган шахсдир. Мазкур либос қора салла ва тайласон (либос устидан елкага ташлаб юриладиган кенг ва узун кийим)дан иборат бўлган (2).

Ҳозирги даврда айрим хорижий давлатлар, жумладан, Европа мамлакатларида судьялар киядиган униформалар иккинчи ҳижрий асрда Имом Абу Юсуф томонидан тайинланган кийимнинг озгина ўзгартирилган шаклидан бошқа нарса эмас.

Имом Абу Юсуф ҳанафий мазҳаби бўйича қимматли асарлар муаллифи, шунингдек ўз даврида молиявий соҳада давлатнинг ижроий фаолиятини ҳанафий мазҳаби усул ва қоидалари асосида йўлга қўйган ва шу йўсинда мазкур қоидаларни амалиётга татбиқ этиш учун бундан ўн уч аср муқаддам шарт-шароит яратиб берган олим ҳам эди. У ёзган китоблар баъзи бир олимларнинг фикрича, қирқта, бошқа бир тадқиқотчиларга кўра ўттизтадир. Ушбу асарларини фақат йирик асарлари ҳақидагина маълумот бериб, изоҳлаб ўтишга ҳаракат қилдик. Улар қуйидагилардан иборат:

«Китобул-хирож» Имом Абу Юсуфнинг энг машҳур асари бўлмиш ушбу китоб халифа Ҳорун ар-Рашид талаби ва илтимосига биноан ёзилган. Мазкур асар ер солиқлари, закот, жизя, урушлардан тушадиган ўлжалар ва уларни тақсимлаш тўғрисида ёзилган. Ушбу китоб халифаликнинг ҳудуди кенгайиши оқибатида турли ўлкаларда юзага келган муаммоларни ечишга қаратилган бўлиб, уни асосан Абу Ҳанифанинг фиқҳий таълимотига таянган ҳолда таълиф этган. Бу асар шу номдаги бошқа бир қанча китоблардан шуниси билан фарқланадики, унда ислом ҳуқуқига оид масалалар илмий даражада ва амалий ҳаёт билан ҳамоҳанг равишда ўз ечимини топган. Қолаверса, унинг илмий-амалий аҳамияти шу билан изоҳланадики, биринчидан, мамлакатда давлат даромадининг асосий манбаи бўлмиш ер солиқларини систематик равишда тартибга солиш билан бирга халифаликнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига катта имконият яратди. Мазкур асар ўттиз тўртта бобдан иборат бўлиб, ҳар бир боб муайян масала юзасидан қисмларга бўлиб чиқилган. Муаллиф қўйилган масалаларни ёритишда (533) беш юз ўттиз учта ҳадис ва шу мавзуга бағишланган асарлардан фойдаланган (3).

 «Китобул-осор». Ушбу китобни Имом Абу Юсуф (р.а.) ўз отасидан ва Абу Ҳанифа (р.а.)дан ривоят қилган бўлиб, ривоятлар фиқҳий асосда тартибга солинган. Мазкур асар Абу Ҳанифа (р.а.)нинг таълимоти ва ҳуқуқий назариясига таяниб ёзилганлиги билан катта фиқҳий аҳамиятга эга.

«Ар-радду ало Сиярил-Авзоъий» (Авзоъийнинг ас-Сияр китобига раддия). Мазкур асарда Имом Абу Юсуф (р.а.) уруш, сулҳ, паноҳ бериш ва ўлжаларга тегишли бўлган фиқҳий масалалар бўйича Абу Ҳанифа (р.а.) билан Авзоъий (р.а.) ўртасидаги бўлиб ўтган мунозараларни очиб беришга ҳаракат қилган. Унда Абу Ҳанифа (р.а.)нинг кучли мантиқий далиллари ёритиб берилиши билан бирга шарҳга мухтож масалалар нақлий ва ақлий далиллар асосида илмий жиҳатдан изоҳлаб берилган.

«Абу Ҳанифа (р.а.) ва Ибн Абилайло (р.а.) орасидаги ихтилофлар» Имом Абу Юсуф (р.а.) раъй ва қиёс вакиллари бўлмиш икки буюк фақиҳнинг ҳуқуқий қарашлари орасидаги мавжуд ихтилофларни кўрсатиш билан бирга уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб, далилларини илмий асосда ёритиб беришга ҳаракат қилган (4).

Кўрсатиб ўтилган тўрт асардан учтасининг қўлёзма нусхалари турли кутубхоналарда мавжуд бўлиб, улардан баъзилари қисман, биринчи ва иккинчиси мукаммал шаклда нашр этилган. Олдинги қирққа яқин китоб манбаларда зикр этилган бўлса ҳам аксарияти бизгача етиб келмаган.

Имом Абу Юсуф (р.а.) олий иқтидорли фақиҳ сифатида мазҳаб соҳасида ижтиҳод ва тахриж салоҳиятига эга ва ҳурфикр олим эди. У ҳанафий мазҳаби фақиҳлари орасида ўзига хос илмий услуби билан шуҳрат қозониб, бошқалардан уни ажратиб турган характерга эга бўлган. Имом Абу Юсуф (р.а.) фиқҳ илми, ҳанафий мазҳаби такомили ва бошқа фанлар ривожига катта ҳисса қўшди ва ўз номини юксак илмий аҳамиятга эга бўлган асарлари билан абадият дафтарида муҳрлаб қолдирди. Унинг фанга қўшган ҳиссасини қуйидаги соҳаларда кўриш мумкин:

Усулул фиқҳ соҳасида. Маълумки, усул илми шариат ҳукмларини унинг манбалари (Қуръон, сунна, ижмо ва қиёс)дан истинбот қилиш (чиқариб олиш) учун методология вазифасини бажаради. Ҳозирги даврда ҳуқуқшунослик фанларида «ҳуқуқий муаммоларни ечиш бўйича ҳуқуқ илмининг умумий муқаддимаси» деб аталган фандан фойдаланилади. Ушбу фан оғир ва мураккаб бўлса ҳам, муаммоларни амалиёт ва суд жараёнидаги воқеликларга таянган услуб асосида ўрганади .

Имом Абу Юсуф (р.а.) асарлари усул илми ривожида бурилиш нуқтаси бўлди десак муболаға бўлмайди. У кўп муаллифлардан фарқли равишда усул илмига фиқҳ илмининг бир муҳим шуъбаси сифатида асос солди ва ўз асарлари, айниқса «Китобул-хирож» китобида қиёс методини мисли кўрилмаган услубда кенг қамровли ёритиб ўтди ва унга тегишли барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидаларни изоҳлаб берди. Ибн Халдун (р.а.) унинг ҳақида қуйидагидек фикр билдирган эди: «Ҳанафий имомларидан Имом Абу Юсуф (р.а.) барчадан кўра қиёс бўйича кенг кўламли асар ёзди. Қиёсга тегишли бўлган барча баҳслар ва шартларни тамомига етказди. Шу йўсинда усулул фиқҳ илми камол даражасига кўтарилиб, унга тегишли масалалар покизаланди ва қоидалари текисланди». Шунингдек, у усул бўйича ҳанафийлар йўналишида мутақаддим имомлар орасида энг яхши асар ёзган Имом Абу Юсуф (р.а.) ва мутааххирлар орасида энг яхши асар ёзган Сайфул-ислом Баздавий эди деб таъкидлайди (4).

Имом Абу Юсуф фиқҳ илмларига тегишли юқорида таъкидланган қирққа яқин асари бўлиб, шулардан тўрттаси муҳим асарлари ҳисобланади. Бу китоблар орасида «Китобул хирож» ўзига хос ўринга эга. «Қози Имом Абу Юсуф фиқҳ бўйича ёзган «Китобул-хирож» номли китобида ҳозирги даврда амалда бўлган йўналишда фақиҳлар учун зарур бўлган ва бошқа усул китобларида топилмайдиган фаслларни киритган». Сўнгра у китобнинг иккинчи жилдида Имом Абу Юсуф сўзларини илмий аҳамиятини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Бундай ёндашув муаллиф фикрлари қай даражада чуқур мазмун ва оригиналликка эга эканлигини таъкидлаб, эътироф билдириш маъносидадир.

Имом Абу Юсуф «Китобул-хирож» китобининг бобларини ўзига хос услубда тартибга солиб ёзган. Масалан, Имом Сарахсий «Усулус Сарахсий»да далил(манба)ларни амру-наҳй ва уларга тегишли масалалар билан биринчи жилд ўрталарида қўйган бўлса, Имом Абу Юсуф ўз китобини шариат манбалари (Қуръон, сунна, ижмо ва қиёс)га тегишли фасллар билан бошлаб, амру наҳй ва бошқа усул илмига тегишли тушунчаларни уларнинг орасида бериб ўтган. Қиёс ва унга тегишли асосий масалалар, сабаб, иллат ва бошқа атамалар китобнинг катта қисмини қамраб олган.

Машҳур ҳуқуқшунос олим ва тадқиқотчи М. Ҳамидулло Имом Абу Юсуфнинг «Китобул-хирож» китоби ҳақида қуйидагидек фикр билдирган:

«Фиқҳ илмига бағишланган ушбу китоб бугунга қадар мен ўқиган энг яхши асардир». Унда Имом Абу Юсуф ислом ҳуқуқшунослигида ўз маҳоратини кўрсатган. Броккельман фикрича, ушбу китоб услуб нуқтаи назаридан тавҳид илмига тегишли асарларга ўхшаб кетади. Ундаги оригинал томонлардан бири шундаки, усулул фиқҳ бўйича далил (манба)ларга тегишли баҳсларни жуда кўп фаръий мисоллар билан фавқулодда мукаммал шаклда текшириб ўрганган.

Имом Абу Юсуф ниҳоят жасоратли ва ўз илмий салоҳиятига ишонган фақиҳ сифатида ўрни келганда Муҳаммад ибн Ҳасан каби йирик фақиҳлар ва баъзан Имом Абу Ҳанифа каби буюк имомлар қарашларига ҳам танқидий ёндашади ва ўз далилларини келтиради. Ушбу китоб Имом Фахрулислом Али ибн Муҳаммад Баздавий ҳанафий томонидан шарҳланган. Уни ҳанафий олимлари яхши шарҳ сифатида эътибор берганлар (6).

Бу даврда яшаб ижод этган ҳанафий фақиҳларидан – ушбу мазҳаб асосчиси Абу Ҳанифа (р.а.), унинг йирик вакиллари Имом Абу Юсуф (р.а.), Имом Муҳаммад Шайбоний (р.а.), Имом Зуфар (р.а.) каби машҳур фақиҳларнинг номларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Номлари зикр этилган бу фақиҳлар фиқҳнинг ақида, фуруъ ва усул соҳаларида самарали ижод қилдилар. Мавжуд муаммоларни имкон ҳадар ҳал этишда жонбозлик кўрсатдилар (7).

Юқорида келтирилганидек, Имом Абу Юсуф турли йўналишларда илмий асарлар ёзди. Ўз илмий услубини ярата олди. Шу жиҳатдан у мусулмон ҳуқуқшунослигида ўзининг муносиб ўрнини топа билди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
А.Муҳиддинов

 

                                       Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Шайх Муҳаммад Хузарийбек. Тарихут-ташриъил-исламий. – Қоҳира, 1975. – Б. 171.
  2. Қаранг: Доктор Аҳмад Шалабий. Мавсуатул-ҳазоратил-исламия. – Қоҳира, 1985. 8-жилд. – Б. 199.
  3. Саидов А., Жузжоний А. Шарқ цивилизацияси: инсон ва ҳуқуқ (ўтмиш ва ҳозирги замон). – Тошкент: Адолат, 2005. – Б. 114.
  4. Шайх Муҳаммад Хузарийбек. Ад-давлатул-аббосия. – Байрут, 1986. – Б. 156.
  5. Ибнун Надим. Ал-Фиҳрист. – Байрут, 1978. – Б. 286.
  6. Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. Ислом ҳукукшунослиги: ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақихлари. – Тошкент, 2002. – Б. 159.
  7. Имом Абу Юсуф. Китобул-хирож. – Пешовар, 1994. – Б. 48.
  8. Кавакжи. Ю. XI–XII асрларда ҳукукшунослари. – Анқара: Севинч матбааси, 1976. – Б. 37.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …