Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЭЗГУ ТАШАББУСНИНГ ҲАЁТИЙ ИНЪИКОСИ

ЭЗГУ ТАШАББУСНИНГ ҲАЁТИЙ ИНЪИКОСИ

Сўз аввалида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази хусусида қисқача тўхталиб ўтсак.

Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида дастлаб Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2016 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган 43-сессияси очилиш маросимида сўзлаган нутқида гапирган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари ИҲТга аъзо мамлакатлар ҳамкорлигини янада кенгайтириш лозимлигига урғу бериб, Ўзбекистоннинг айрим ташаббусларини илгари сурган эди.

Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири “Юртимизда нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этишдан иборат” бўлди.

Мазкур анжуманнинг ўзида Шавкат Мирзиёев Марказнинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошида яратилиши мантиқий иш бўлур эди, деган фикрни билдириб, унинг айнан Самарқандда жойлашишининг бир қатор қулай омилларини санаб ўтди.

Биринчидан, Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканлиги билан боғлиқ дунё цивилизациясидаги мумтоз ўрни.

Иккинчидан, энг буюк мусулмон мутафаккирларидан бири, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси жойлашган ушбу минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит.

Ушбу ташаббус ва таклиф ИҲТ давлатлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Шундан сўнг, 2017 йил 27 мартда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Марказ қисқа муддатда қуриб битказилди ва энг сўнгги ахборот технологиялари, компьютер жамланмалари, мебель жиҳозлари билан таъминланди. Бу ерда тадқиқотчилар учун барча қулайликлар яратилган.

Марказ ўтган давр мобайнида қатор ютуқ ва муваффақиятларга эришди.

Биргина халқаро ҳамкорлик йўналишида 17 нуфузли ислом ташкилоти, илмий-тадқиқот маркази, университет ва кутубхона фонди билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.

АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, Германия, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Хусусан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, “Ал-Фурқон” фонди, Британия музейи, Британия кутубхонаси, Лондондаги Ислом маданияти маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Ислом тараққиёт банки, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш илмий-тадқиқот маркази (ИРСИКА) ҳамкорлигида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Тошкентда ўтаётган олтинчи семинари иштирокчилари 8 октябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, бу ерда амалга оширилган улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, шунингдек, Марказ фаолияти билан яқиндан танишди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонларга муассасанинг ташкил этилиши, фаолияти, мақсад ва вазифалари, буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик алоқалари тўғрисида атрофилича маълумот берди.

Меҳмонлар юртимизда диний-маърифий соҳага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида эътироф этиб, унинг амалий ифодасини Марказ мисолида яна бир бор кўрганини таъкидлади.

Анжуман иштирокчилари Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишди, талаба ёшлар учун яратилган шарт-шароитга юксак баҳо берди.

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …