“Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади. Бундай ёндашув — давр талабидир”. Шавкат Мирзиёев
Ер юзи ҳамда инсоният обод ва фаровонлиги учун самодан нозил қилинган Илоҳий дин Ислом, ҳақиқатан тинчлик ва эзгулик динидир. Бу диннинг икки буюк манбаси: Қуръони карим оятлари ва муборак ҳадисларни ўқиб ўрганган, улар билан танишиб чиққан ҳар қандай киши Ислом динининг эзгулик ва тинчлик дини эканига ишонч ҳосил қилиши аниқ.
Муқаддас китоб, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримда “Батаҳқиқ, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” [1], бошқа оятда эса “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман” [2] дейилган.
Азизу-мукаррамлик мақомида, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси ўлароқ яратилган инсониятга У Зот шу мақомга муносиб бўлишга, Аллоҳнинг ўринбосарига хос амал қилишга, яхши ва эзгу ишларни адо этиб яшашликка буюрган. Эзгуликнинг акси бўлган барча ёмонликдан қайтарган.
“Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун (жаннатда) остларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар бордир. Ризқ этилган мевалардан ҳар гал танаввул қилганларида: “Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!”, – дейдилар. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди. Яна улар учун жаннатда покиза хотинлар бордир ва улар у ерда абадий қолувчилардир” [3].
“Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқ зотдир”. [4]
Юқоридаги ояти карималарга ўхшаш инсоният учун, жамият ободлиги учун солиҳ амаллар, эзгу ишларда бардавом бўлишимизга амр қилинган, шунингдек, оқибати ёмон ишлардан сақланишимиз керак бўлган оятлардан яна кўплаб келтириш мумкин.
Жаноб Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам йигирма уч йиллик Пайғамбарлик фаолиятлари давомида сизу биз умматларини эзгуликка, яхши ишларни амалга оширишга ҳамда феълан, хулқан яхши инсон бўлишга тарғиб қилиб ўтганлар.
Шу дин қадриятларини ўз миллати қадриятларига тенглаган халқимиз, бугунги кунда четдан кириб келаётган ўзгача маданиятни, тўғрироғи ахлоқсизликларга тўлган маданиятсизликни таъсирини кўришга мажбур бўлмоқда. Динимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё каби тушунчалари ҳаётимизга сингиб кетган. Айниқса, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик, меҳмондўстлик сингари туйғуларимиз бутун дунё халқларини ром этиб келади. Ҳозирда ёшларимиз ҳаётимизга кириб тус олаётган “оммавий маданият” ҳам маънавий таҳдидлардан биридир.
Замонавийлик, тезкор тараққиёт билан ҳамқадам бўлиш ёшларимизнинг ҳаёт тарзига айланиб бормоқда. Албатта, бу қувонарли ҳол. Чунки бир неча тилда бемалол сўзлаша олиш, интернет оламига кириб дунё янгиликларидан хабардор бўлиш имкониятининг мавжудлиги уларнинг билими, дунёқараши кенгаяётганидан дарак беради. Аммо, турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар тобора авж олаётгани ҳам сир эмас. Кичик, зарарсиз бўлиб кўринган хабар ҳам одамларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳаётини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. “Оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларга ҳам тўғри келмайди.
Инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Шу боис “оммавий маданият” таҳдидига қарши туриш долзарб ишлардан бирига айланмоқда. Бугун турли йўллар билан, ҳар хил “эзгу” ниқоблар остида “оммавий маданият” мамлакатимизга ҳам таҳдид солаётгани сир эмас. Айниқса, жангари филмлар, ёшларни соатлаб ўтиришга “мажбур” қилаётган компютер ўйинлари, ахлоқсизликка бой сериаллар, интернет оламида аёл ва эркакларга лаззатланиш тўғрисидаги маслаҳатлар, гўзал қилиб яратилган танага турли хил расмларни солиш ва шу кабилар, динимиз, шунингдек, халқимиз маънавиятига терс бўлган бузуқлик кўчаси сари чорлайди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак ҳар ким хоҳлаган йўлидан юради деб, ёшларни ҳалқимизнинг азалий қадриятларидан узоқлашишига бепарво бўлсак, ёшлар ўзини тутишда, кийинишда кимларгадир эргашиб, кўчаларда алламаҳалгача саёқ юришса, ота-она, маҳалла нуронийлари тўғри йўлга солишга ҳаракат қилмаса, ёт ғоя ва фикрларга қарши ўз миллий ғоямизни сингдиришга, ватанга, миллатга, динга, ота-онага содиқлик руҳида тарбиялашга ҳаракат қилмасак қаттиқ хато қилган бўламиз. Улуғларнинг бир гапи бор: “Ўзи қоқилиб, хатога йўл қўйиб, кейин ақлини йиғиб олган донишманд эмас, балки бировларнинг хатосини кўриб, ўзини ундан сақлаган донишманддир”.