Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда диний бағрикенгликнинг акс этиши

Исломда диний бағрикенгликнинг акс этиши

Ҳеч бир дин, Ислом динидек миллатлар ўртасидаги тотувликка, олижанобликка, илтифотга, қўни – қўшничиликка, қариндошлар ўртасидаги ришталарни боғлаб боришга, очиқ юзлик бўлишга, сабр тоқат ва бардошликка, умуман бағрикенгликка катта эътибор қаратмаган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилганки:

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади”.[1]

Демак кўнглида адовати бўлмаган умуман жамиятга зарари тегмайдиган инсонлар билан яхши муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларида ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган, Ислом дини равнақига зарар етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимиз талабидир.

Бу ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қилдиларки:

“Мен ҳаққа мойил, бағрикенг бўлган дин билан юборилдим” деганлар. Бир куни ҳазрати Умар (р.а) бошқа динга мансуб бўлган кекса чолни тиланчилик қилиб юрганини кўриб қоладилар ва ҳолига ачиниб: “Ёшлик вақтингда сендан солиқ талаб қилсагу, кексайганингда ҳолингдан хабар олмай ташлаб қўйсак инсоф қилмаган бўламиз” – деб, унга давлат хазинасидан маълум бир миқдорда нафақа ажратганлар.

Тоза ҳаводан нафас олишимиз, зилол сувлардан баҳраманд бўлишимиз, кўзларимиздаги нур, ҳур ва озод Ватанда кўзимизни қувонтирувчи азиз фарзандимизнинг камол топаётгани айни саодатдир. Бунинг эвазига эса Аллоҳ таоло биздан фақат бир нарсани — Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос.

Худди шу каби мустақиллик, ҳуррият, бировларга қарам ва муте бўлмаслик Аллоҳ таолонинг халқимизга, юртимизга, миллатимизга ато этган энг улуғ неъматларидан биридир. Бу шундай неьматки, ҳар куни ҳар соат бу ҳақда фикр юритиладиган, ҳар дам бунга шукр қилинадиган, унинг қадри, шарафи, бардавомлиги ҳар канча авайлаб асрашга арзийди. Бу неъматнинг моҳиятини англаш учун мустақилликда ўтаётган йилларимизни мустабид тузум ҳукмронлиги остида кечирилган давр билан солиштириш, хулоса чиқариш кифоядир. Айниқса, бу нарса Ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликлар ва шароитлар борасида янада яққол кўзга ташланади.

Кечагина диний билим олиш учун қанчадан – қанча қийинчиликлар бўлган бўлса, Яратганга шукурлар бўлсин мустақиллик шарофати билан ҳатто хотин қизларимиз ҳам мадрасаларда таълим олмоқда.

Халқимиз эндиликда ўз она тилида Қуръони карим ва ҳадиси шарифни ўқимоқдалар. Мамлакатимизда мусулмонлар қаторида барча дин вакиллари ҳам ўз ибодатларини бемалол адо этиб бормоқдалар, улар учун диёримизда ҳар қандай шароитлар мавжудлигини бугунги кунда ўзлари эътироф этмоқдалар.

Ҳар қандай жамиятда комил инсонни тарбиялаш учун асосан унинг руҳий-маънавий оламини бойитиш, онгига эзгу фазилатлар ва юксак ахлоқ руҳини сингдириш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада мусаффо ва бағрикенг, олийжоноб ва инсонпарвар дин бўлган Ислом дини инсонларни ҳалолликка, эзгуликка, инсоф-адолатга, яхшилик қилишга чорлаши билан катта хизмат қилиши муқаррар. Дарҳақиқат, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини теран англаб етмоғи даркор.

Ислом дини аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, балки ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-хуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданияти ва ананаларига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ўзга дин вакилларига ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлганлар.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

 

[1] Қуръони карим. Таржим ва изоҳлар муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур -Т.: Тошкент Ислом университети 2001. “Мумтаҳана” сураси 8-оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …