Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони карим қиссаларининг тарбиявий аҳамияти

Қуръони карим қиссаларининг тарбиявий аҳамияти

Қуръони карим инсонларни фақат эзгуликка чорлаб, уларга бахтли ҳаёт йўлини кўрсатиб қўйди. Инсон бу дунёда яшаб ўтар экан, ўзидан эзгу ишларни қолдириб кетмоқлиги бу ҳаётга оқилона ёндашганлигини билдиради. Жумладан, ҳар бир инсоннинг яшашдаги йўли бўлиб, мана шу йўлда келажак авлодимиз бўлган фарзандларимизни тарбиялашда Аллоҳнинг каломи Қуръони карим энг фойдали манбалардандир. Маълумки, Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил нозил бўлиш давомида Аллоҳ таоло турли муносабатлар билан қиссалар келтиради. Албатта, ҳозирги кунда уламоларимиз тарафидан Қуръони каримнинг ўзбек тилига таржималари бўлиб, Қуръони каримда баён қилинган қиссаларни ёшларимизга қандай йўл орқали бўлсин етказсак, уларни эзгулик йўлига йўллаган бўламиз. Қиссаларда ўтган қавмлар, уларга юборилган анбиёлар зикри, уларга эргашган умматнинг нажоти, такаббурлик ила бош тортганларнинг эса аянчли ҳалокатлари, хароб бўлган диёрларидан ҳикоя қилинади. Қиссалардан кўзланган ҳикматлардан бири, тингловчига етказилаётган хабарни ҳаётий воқеалар, ундаги инсонлар ва уни ўраб турган борлиқ тимсолида гавдалантириб бериш ва шу орқали тингловчини уни завқу шавқ билан тинглашга, ундан кўзланган мақсадларни теран англашга ундаш ва ундан ибрат ва хулосалар олиб, ҳаётга татбиқ этишдир. Қуръондаги келган пайғамбарларнинг тарихини ўқиб ўрганишда шу нарса маълум бўладики, ҳар бир пайғамбар ўзининг замонида ривожланиб, тараққий қилган соҳада замондошларидан устун ва пешқадам бўлган. Масалан, Муҳаммад алайҳис-салом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига осиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳобалардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган “Кавсар” сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда мўъжиза юз беради: бу сурани ўқиган шоирлар бир овоздан: “Бу башарнинг сўзи эмас!” — деб гувоҳлик берадилар. Исо алайҳис-саломнинг даврида эса табобат илми шундай тараққий қилган эдики, дунёда биронта давосиз дард йўқ, деб ҳисобланар эди. Шунда Исо алайҳис-салом келиб, ҳеч бир табибнинг қўлидан келмайдиган ишни қилдилар — ўликни тирилтирдилар! Шунинг учун ҳам Қуръонда у зотнинг номларига “ал-Масиҳ” — силовчи лақаби қўшилди. Яъни у кишининг қўллари теккан — силаган ўликка жон кирар эди. Бундай мўъжизалар, табиийки, одамлар ўз пайғамбарларига иймон келтиришларига сабаб бўлар эди.

Қуръони каримда баён қилинган қиссалар ёшлар ҳаётининг шахсий, ижтимоий, дунёвий ва ухровий каби турли қирраларини ўз ичига қамраб олади. Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ ва баркамол фарзанд ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етиштирувчи дилбанди. Фарзандлар «Жаннат райҳонлари» деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан Исломий таълимотга боғлиқ бўлади. Ёшларда исломий таълимотни шакллантиришда, албатта Қуръон қиссаларининг ўрни беқиёсдир. Бу қиссаларнинг бошланиши Одам алайҳиссаломнинг яратилишидан бошланиб, то Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларигача бўлган воқеа-ҳодисалардир. Одам насли ер юзига тарқалгандан сўнг, Аллоҳ таоло инсон болаларини ҳар-хил холатлар билан имтиҳон қилди. Бунга мисол қилиб Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари Қобил билан Ҳобилнинг ўртасидаги бўлиб ўтган воқеани келтирамиз. Ҳавво онамиз қоринларида Аллоҳнинг изни ила ҳомиладор бўлдилар. Биринчи галда ўғил дунёга келди. У Қобил бўлиб, у билан бирга биринчи қиз фарзанд Қобилнинг эгизак синглиси эди. Иккинчи бўлиб Ҳобилни эгизак синглиси билан бирга дунёга келтирдилар. Шундай қилиб, Одам ва Ҳавво хурсанд бўлдилар. Аллоҳ уларга фарзанд неъматини ато этди. Улар икковлари кичик болаларини яхши кўрар ва уларга меҳрибон эдилар. Ака-укалар ота-оналарининг хизматида катта бўлиб, ўзаро меҳр-муҳаббат ва ака-укачилик ришталарини боғладилар. Қобил деҳқончилик билан, Ҳобил эса чорвачилик билан шуғулландилар. Оила тинчлик ва хотиржамликда яшади. Қобил ва Ҳобил катта бўлдилар, икковлари ҳам ўзларининг жуфтлари бўлишини хоҳладилар. Аллоҳ Одамга ўғиларига бунинг хабарини беришни, яъни Қобилга Ҳобилнинг синглисини жуфт қилиб олиши ва Ҳобилга Қобилнинг синглисини жуфт қилиб олиш таклифини эслатди. Қобил бу қисматга рози бўлмади. Қобил ўзининг чиройли синглисидан бошқасига уйланишни хоҳламасди. Аллоҳ низолашган ака-ука орасида одил ечимни тақдим этди, яъни Қобил ва Ҳобил ҳар бири Аллоҳ учун қурбонлик қилишлари ва Аллоҳ кимнинг қурбонлигини қабул қилса, хоҳлаган қизларини олишлари мумкин эди. Шундай қилиб, Қобил ўзининг зироатидан буғдойни тақдим этди. Ҳобил ўзи боқадиган чорва молларидан яхшисини тақдим этди. Аллоҳ солиҳ ва тақволи бўлган Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилиб, Қобилнинг қурбонлигини қабул қилмади, чунки у ўз ишида отасининг буйруғига итоат қилмади, шунда у укасидан ажради. Аллоҳ таоло унинг қурбонлигини рад этганининг сабаби мана шу эди. Қобил Ҳобилни ўз қўли билан ўлдириб, қасд қилган ёмон ниятини амалга оширди. Ўткинчи чиройни деб қабиҳ жиноятга қўл урди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Аллоҳ илк ҳодисани башарият учун илк сабоқ бўлиши ва Аллоҳ тақволи кишилардан бошқа ҳеч кимдан яхши амалларини қабул қилмаслигини, инсонлар жоҳилларга ажр ёки бирор нарса талаб қилмай эвазсиз насиҳат қилишда масъуллигини, ўзгаларни азиятларига сабр қилиб уларни ҳидоят қилиши кераклигини шу қисса орқали билдирди. Бу хилдаги қиссалар Қуръони каримда кўплаб учраб, ҳар доим инсонни гўзал ҳаётга чорлаб қолади.

О.Баҳриев
Қуръоншунослик бўлими илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …