Home / МАҚОЛАЛАР / Жамиятнинг маънавий ҳаётида муқаддас қадамжоларнинг аҳамияти

Жамиятнинг маънавий ҳаётида муқаддас қадамжоларнинг аҳамияти

Ватанимиз Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, муқаддас зиёратгоҳларни мукаммал ўрганиш, тарихан илмий таҳлил этиш, ушбу қадамжолардаги буюк сиймолар, авлиёлар томонидан яратилган маънавий меросни тиклаш ва тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш масаласида муҳим аҳамиятга эга бўлган ташкилий ишлар ва тадбирлар бугунга қадар амалга оширилиб келинмоқда.

Муқаддас зиёратгоҳлар халқимизнинг турмушида қадимдан муҳим аҳамият касб этиб келган. Бинобарин, юртимиздаги мавжуд кўплаб зиёратгоҳлар Ўзбекистон тарихи ва маданиятида ўчмас из қолдирган машҳур кишиларнинг номлари билан узвий боғлиқ бўлиб, уларнинг илмий меросини аҳоли орасида тарғиб этиш катта маънавий-маърифий аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А.Каримов ташаббуслари билан 2008 йилда муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармасини ташкил этилди.

Республикамизда етти мингдан ортиқ ёдгорликлар мавжуд бўлиб, шу жумладан, 2500 та архитектура ёдгорликлари, 2700 дан зиёд археология ва мингдан ортиқ маҳобатли санъат ёдгорликлари давлат ҳимоясига олинган.

Ҳукуматимиз буюк алломалар, авлиёлар тарих билан боғлиқ халқаро анжуманларни ўтказиш, улар дафн этилган қабрларни таъмирлаш, қайта тиклаш ҳамда ободонлаштириш, маънавий қадриятларни эъзозлаш соҳасидаги ишларга катта эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев бирор зиёратгоҳларга ташриф буюрсалар “Муқаддас қадамжоларимизни обод қилсак, юртимизга барака ёғилади. Уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодатдир” дея, аввалам бор, бу жойларни обод қилиш масаласини алоҳида таъкидлаб, бу жойларни тарихини ўрганиш, уламонинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиб, ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбиялаш зирурлигини ҳам айтиб ўтадилар.

Бизга мерос бўлиб қолган маданий мероснинг бутун мазмун-моҳиятини назарда тутган ҳолда И.А. Каримов: “Ўзбек халқи томонидан яратилган ва миллий бойлигимиз бўлган ноёб тарихий ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш маънавий дастуримизнинг муҳим қисмини ташкил қилади. Бу миллий бойлик ота-боболаримиз томонидан мерос бўлиб қолган. Демак, биз уни кўз қорачиғимиздек асрашимиз ва келгуси авлодларимизга етказишимиз лозим”[1], деб таъкидлаганди.

Самарқанд диёри қадим-қадимдан қанча-қанча тарихий воқеаларни бошидан ўтказган. Бу юртда эл орасида машҳур бўлган тарихий шахслар, алломалар, авлиёлар, суфийлар яшаб ўтишган. Уларнинг қабрлари устига ҳурматлари учун мақбаралар, хонақоҳлар қурилган. Азиз-авлиёларнинг мозорларини, қабристонларни зиёрат қилиб туриш ислом динида савоб иш саналади. Зиёратгоҳларга бориш, уларни эъзозлаш, диний қадрият ҳисобланади. Дин аҳолини энг олий, руҳий, ахлоқий ва маънавий қадриятлардан, тарихий ва маданий меросдан баҳраманд қилади.

Ислом динининг маданий қадриятлари ва анъаналари, жаҳон миқёсида ислом дини қолдирган жуда улкан маънавий мерос нафақат минтақамизнинг тарихий ривожланишига қўшган ҳиссасини, балки унинг ҳозирда шаклланиб бораётган сифат жиҳатдан янги қиёфасини ҳам белгилаб беради.

Ислом дини тарқалгунга қадар Марказий Осиёда кўплаб динлар ва турли диний қарашлар бўлган. Улар аста-секинлик билан авлоддан-авлодга ўтиб келаверган. Марказий Осиёга ислом дини кириб келганидан кейин бу диний қарашлар, урф-одатлар билан уйғунлашиб исломий тус олган.

Халқимиз орасида улуғ аллома-ю авлиёларнинг қадамжоларига бориб, уларни зиёрат қилиш қадимдан қолган удумдир. Зеро, мусулмон халқимиз Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг қабрларни зиёрат қилиш масаласидаги қуйидаги сўзларига амал қиладилар: “Қабристонларни зиёрат қилиб турингизлар, зеро, у охиратни эслатади”. Ҳақиқатан ҳам охиратни эслаш эса кишини ёвузликдан узоқлаштириб, эзгуликка яқинлаштиради.

Дарҳақиқат, И.А. Каримов: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”[2], деб айтган гапларида жон бор. Буюк инсонларнинг азиз номлари, ўлмас мероси муқаддас динимиз билан чамбарчас боғланиб бўлиб, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Биз динимизни бу улуғ номларсиз, бу улуғ номларни эса динимизсиз тасаввур қила олмаймиз. Чунки ислом оламида машҳур бўлган зотлар бизнинг ота-боболаримиздир.

Республикамиздан ҳажга борган зиёратчилардан: “Сиз бу ерга келишдан аввал Имом ал-Бухорий, ал-Ҳаким ат-Термизий, Абу Исо ат-Термизийни зиёрат қилдингизми?”, деб сўрашлари бу олимларнинг ислом оламидаги обрўларининг нақадар юксаклигидан дарак беради. Ҳатто, зиёратгоҳ чет эллик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этиб келади. Улар мақбарани тарихий аҳамиятга эга бўлган объект сифатида зиёрат қиладилар.

Бу диёримизда жаҳон илм-фанига ислом цивилизациясига ҳисса қўшган буюк муҳаддислар, фақиҳлар, сўфийлар, каломшунос олимлар яшаб ижод қилиб, шу жойда абадий қўним топганлар. Мусулмонларнинг пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан, улуғ ва машҳур бўлган аждодларимизнинг дафн этилган дахмаларига бориб, ҳақларига Қуръон тиловат қилиб, зиёрат қилишларида ва уламолар номига барпо қилинган масжидларда ибодат қилишларида хайр ва барокат бор.

Ўзбек халқи болажон халқ бўлиб, зиёратга борганда болалари билан боришади. Зиёратгоҳда дафн этилган уламонинг ҳаёти ва маънавий мероси ва унинг номига қурилган тарихий обидалар тўғрисида тарихий маълумотлардан хабардор бўлишади. Зиёратга келган ёшларда бу жойда ётган улуғ шахснинг ислом оламида тутган ўрни, ибратли ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиб, унга қизиб аждодларимизга муносиб авлод бўлиш туйғуси ўйғонса ажаб эмас, шояд келажакда бизнинг ёшларимиздан ҳам жаҳонга донғи кетган ва ислом оламида машҳур бўлган улуғларимизнинг асарларини ўқиб улар ҳам шу даражага етишиб, жамият ривожи ва давлатимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган шахс бўлиб етишса, деб умид қиламиз.

Жорий йилнинг 11 январида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташрифлари чоғида “Қани энди бизнинг ёшларимиз бу масканни келиб кўрсинлар, бу улуғ зот ким бўлган, қандай асарлар ёзган, ислом дини учун қандай хизмат қилганликларини ўргансинлар, ибрат олсинлар”, деб таъкидлаган эдилар. Биз ёшларимизни уламоларимиз қолдирган маънавий мерос асосида тарбия қилсак албатта келажакда ўз самарасини беради.

Бу борада И.А. Каримов: “Биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда, Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз” [3], деб таъкидлаганлар. Бугунги кунда инсонларнинг, айниқса, ёшларимизнинг дунё қарашлари, дину диёнатни тушунишлари кечаги кунга нисбатан анча ижобий томонга ўзгарган ва ўзгармоқда.

Мусулмонлар ўз тоат-ибодатлари, диний амаллари орқали руҳан, ҳам жисмонан покланишга интиладилар. Зиёратчилар ҳам улуғларни зиёрат қилиб ҳақларига дуолар қилганликлари учун ўзларини руҳан дардларидан фориғ бўлгандек ҳис қиладилар.

Ислом динини зиёратгоҳлардаги маросимлар билан боғлиқ қарашлар кўп асрлик тарихга эгадир. Зиёратгоҳларда бажариладиган удумлар узоқ вақтлардан бери амал қилиниб келаётгани маълум. Бу аввало зиёратчиларнинг руҳий ҳолатида яққол намоён бўлади. Шу сабабдан муқаддас жойларни зиёрат қилиш маҳаллий халқларнинг ҳаётида катта ўрин тутади.

Кишилар турмушдаги шахсий мусибат ва омадсизлик, айниқса, бефарзандлик, яқин кишиларининг бахтсизлиги, ҳаёт идеалларидан ажралиб қолиш, касаллик ёки ўлимдан хавфсираш, ёлғизлик ҳис-туйгуси ва шу каби бошқа социал-психологик омиллар инсонларни диний ҳиссиётларга берилиш натижасида зиёратгоҳларга боришларига сабаб бўлган.

Бугунги кунда зиёртчиларнинг зиёрат давомида қилаётган ишлари муқаддас ислом дини таълимотларига зид келаётгани ачинарли ҳолат. Зиёратгоҳларда баъзилар ният қилганмиз деб, ушбу жой ёки шахсга атаб қурбонлиқ қиладилар, яъни жонлиқ сўядилар, бахти очилмаган қизлар супурги олиб мақбарани ёки зиёратгоҳни ният қилиб супуришади, дарахтга ният қилиб, ип ёки латта боғлашади. Шунингдек, Худодан бахт, фарзанд шу билан бирга, турли хил касалликларга даво сўраб келишади. Шу ишларни қилишса, гўё, барча ёмон туйғулардан озод бўлгандек ўзларини енгил сезадилар. Аммо ислом дини таълимотига кўра, қурбонликлар фақатгина Аллоҳ номи ила сўйилиши керак, акс ҳолда ҳаром бўлади. Бахтни ҳам, фарзандни ҳам, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам Аллоҳ бандасига синов тариқасида беради.

Зиёратчилар зиёратгоҳда қиладиган ишларини ва дилида уйлаган нияту истакларини ўз хонадонларида фақатгина ёлғиз Аллоҳдан ихлос билан сўрасалар, Аллоҳ бу мусулмон бандасини қуруқ қайтармайди. Шунингдек, ислом динида буюрилганидек, яхши ва савоб ишларни ихлос билан қилишга ва ёмон ва гуноҳ ишлардан ўз нафсини тийиб рисоладагидек, мусулмон бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ ана шундай кишиларнинг ниятларини ижобат қилади ҳамда ҳаёти ва оиласига файз ва барокатлар беради.

Юртимизда мавжуд муқаддас зиёратгоҳлар, мақбаралар, қадамжолар диний ва миллий қадриятлардан саналади. Мазкур жойлардаги амаллар ҳам ўзининг миллий, диний, психологик ҳамда тарихий илдизларига эга. Уларни илмийлик асосида чуқур ўрганиш юртимиз маънавий ҳаётининг юксалишига, халқ орасидаги айрим салбий одатларга барҳам берилишига, шу билан бирга, ижобий хислат ва урф-одатларнинг шаклланишига ёрдам беради. Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом эътиқод ва тўғри дунёқарашни шакллантиришга ҳамда алломаларимиз маънавий мероси асосида ватанпарвар, бағрикенг ва жонкуяр диёнатли шахс сифатида тарбиялашга хизмат қилади.

Барот АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик шўъбаси бошлиғи
[1] Каримов И.А. Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий истиқболининг асосий тамойиллари. Маъруза. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 1-сессияси. – 1995 йил 23–24 февраль.
[2] Каримов И.А. Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда. – Т.: Ўзбекистон, 1999. – Б. 5.
[3] Каримов И.А. Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда. – Т.: Ўзбекистон, 1999. – Б. 11.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …