Ватандошимиз Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Насаф шаҳрида милодий XIII – XIV асрларда яшаб ўтган Ислом оламидаги машҳур олимлардан бўлган. Алломанинг ижоди сермаҳсул бўлса ҳам, ҳаёти ҳақидаги маълумотлар манбаларда кам учрайди.
У кишининг етук олим бўлиб етишишида устозларининг меҳнати катта бўлган. Ана шундай устозлардан бири таниқли олим Шамсул аимма Муҳаммад Кардарийдир (вафоти 642 ҳ й). Бундан ташқари, алломанинг Ҳамидиддин Зарир Али ибн Муҳаммад ибн Али Ромиший (вафоти 666 ҳ) ва Бадруддин Хавоҳарзода Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим (вафоти 651 ҳ) сингари устозлари ҳам бўлган. Шундай машҳур устозлар илмидан баҳраманд бўлган Абул Баракот Насафий “Ҳофизуд дин”, яъни “динни ҳимоя қилувчи” деган шарафли номга сазовор бўлган.
Тарихчилар Абул Баракот Насафийнинг иккита забардаст шогирди бўлганлигини зикр қиганлар. Биринчиси Ҳусайн ибн Али ибн Ҳажжож Ҳисомиддин Сафнақий (вафоти 666 ҳижрий йилда), иккинчиси Муҳаммад ибн Муҳаммад Жайлий бўлган.
Абул Барокат Насафий фиқҳда устози Кардарийга мувофиқ Абу Ҳанифа мазҳабига эргашди. Бу гапни ҳанафий мазҳабига хос “Канзуд дақоиқ” каби ёзилган фиқҳий китоблари исботлайди. Эътиқодда эса очиқдан-очиқ Имом Мотурудия эътиқодини қўллаб қувватлаган.
У кишининг асарларидан, ислом ҳуқуқшунослигига оид мўътабар асари “Ал-вофий” (“Тўлиқ”)дир. Сўнгра фиқҳга оид “Ал-вофий” ва унинг шарҳи “Ал-кофий” асарини ёзади. Бу билан у гўё “Ал-ҳидоя” китобини тасниф этиб, унга шарҳ битгандай бўлади. Мазкур асар бошқа машҳур китоблар қатори катта эътиборга эга бўлади. “Умдатул ақоид фил калом” (“Калом илмидаги ақидалар асоси”) – ушбу асарига шарҳ ҳам ёзиб, уни “Ал-эътимод” (“Таянч”) деб атаган. “Канзуд дақоиқ” (“Нозик масалалар хазинаси”) – бу асар ҳанафий мазҳабининг фуруъ фиқҳига оид манбасидир. “Ал-мусаффо фил хилоф” (“Ихтилофлардаги мусаффолик”), “Шарҳул фиқҳин Нофиъ ли Муҳаммад ибн Юсуф Ҳусайний” (“Муҳаммад ибн Юсуф Ҳусайнийнинг манфаатли фиқҳ асарига шарҳ”), “Ал-мустасфо” (“Сараланган”) – Самарқандийнинг “Ан-нофиъ фи фуруъил фиқҳил Ҳанафия” (“Ҳанафий мазҳаби фуруъ фиқҳига оид фойдали китоб”) асарига ёзилган шарҳдир, “Ал-мусаффо мухтасарул мустасфо” (“Мустасфога битилган мухтасар мусаффо”), “Шарҳу манзумати Умар ан-Насафий фи-л-фиқҳи-л-ҳанафий” (“Умар Насафийнинг ҳанафий фиқҳига оид манзумасига шарҳ”), “Манорул анвор фи усулил фиқҳ” (“Усул фиқҳда ёруғлик маёқ”) номли асари усулул фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги асослари) ва унинг қонун-қоидалари ҳақида ёзилган бўлиб, унда Қуръон ва ҳадис асосида ҳукм олиш, ижмо ва қиёсни қўллаш услублари каби масалалар баён этилган. У олимлар томонидан усулул фиқҳ соҳасидаги қисқа, лекин жуда фойдали асардан деб тан олинган.
Абулбаракот Насафий асарлари орасида энг қимматлиларидан бири бўлган ва тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсирун Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил фит тафсир” (“Тафсирдаги нозил бўлиш ва таъвил ҳақиқатларини англаш китоби”) китоби бўлиб, иборалари қисқалиги, эъроб ва қироатлардаги йўлларни жамлаб ўрта йўлни тутганлиги, аҳли сунна валжамоъанинг сўзларини жойлаштирганлиги, биъатчи ва залолатчиларнинг ботил сўзларидан холи бўлганлиги ва исроилият қиссаларини диққат билан ўрганиб жуда оз келтирганлиги билан бошқа тафсирлардан ажраб туради. Имом Насафий ўзларининг бу тафсир китобларини таълиф қилишда имом Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсиридан истиъфода қилган. Имом Насафийнинг «Мадорикут танзил» номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламолар ва толиби илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида каттга шуҳрат қозонган “Тафсирун Насафий” тафсири дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилгани, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилганидир. Абулбаракот Насафий бу тафсирида Имом Мотуридий сўзлари ва “Таъвилоту аҳли сунна” тафсиридан фойдаланилади. Шу билан бирга, фиқҳий оятлар шарҳида “индана” – “бизнинг наздимизда” ёки “бизнинг мазҳабимизда” каби иборалар кўп учрайди. Тафсирнинг яна бир муҳим жиҳати бу оятларнинг филологик таҳлили усталик билан амалга оширилгани, Қуръоннинг балоғат ва фасоҳати моҳирона очиб берилганидир. Абул Баракот Насафий бу тафсирини ёзишда наҳв илмининг етук олимлари Имом Сибавайҳ, Имом Фарроларнинг фикрларидан кенг фойдаланган ва бир неча жойларида далил сифатида келтирган. Бундан ташқари, ўқувчи оятларни ҳар томонлама тушуниши учун 7 хил қироатдан истифода қилинган. Юқоридагилар сабаб бўлса керак, у илм аҳли орасида кўп мутолаа қилинади. Ҳатто, Қуръон маъноларини ўзбек тилига ўгириб, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” китобини ёзган Абдулазиз Мансур ҳам ушбу асардан унумли фойдаланган. “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” асари бир неча асрлардан бери мадрасаларда тафсир фанидан “Тафсирул Байзовий”, “Тафсирул Жалолайн”, “Тафсир Ибн Касир” китоблари қаторида дарслик сифатида ўқитилиб келинади. Бу дарсликлар орасида айнан Ҳанафий мазҳабига оиди “Тафсирун Насафий” бўлиб, қолганлари шофиъий мазҳабидаги тафсирлардан саналади. Шу сабаб Қуръони каримни ҳанафий мазҳаби асосида ўрганмоқчи бўлганлар кўплаб маълумотларни мазкур тафсирдан олишлари мумкин. Ушбу асар охирги бор 1999 йилда Байрутнинг “Дару Ибн Касир” матбаасида нашр этилган. Абул Баракот Насафий ўз тафсирининг ёзилиш сабаби ҳақида китобнинг муқаддима қисмида шундай дейди: “Мендан яқинларим Қуръонни таъвил қилувчи, турли хил қироатлар ва ҳаракат услублари кўрсатилган, аҳли сунна валжамоа ақидасига мувофиқ, адашганлар ва бидъат аҳли эътиқодидан холи, малол келтирадиган даражада узун ҳамда тушунарсиз даражада қисқа бўлмаган тафсир ёзишимни сўрар эдилар. Дастлаб иккиландим. Ниҳоят, Аллоҳнинг тавфиқ ва инояти ила тафсир ёзишга киришдим ҳамда оз фурсат ичида уни ёзиб тамомладим. Китобимни “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” деб номладим. Аллоҳ барча ишларни енгиллаштирувчи, хоҳлаган нарсани қилишга қодир ва дуони тез ижобат қилувчи Зотдир”. Муҳаммад 3аҳабий ўзининг “Ат-тафсир вал муфассирун” китобида таъкидлаганидек, “Тафсирун Насафий”нинг ёзилиш услуби муфассир олим Қози Байзовийнинг “Анворут танзил ва асрорут таъвил” (“Қуръон нурлари ва таъвил сирлари”) ва хоразмлик буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарийнинг “Ал-кашшоф” (“Кашф қилувчи”) тафсирларига ўхшашдир. Лекин Байзовий шофиъий ва Замахшарий мўътазилий мазҳабида бўлгани учун ақидавий ва фиқҳий оятларнинг шарҳида ушбу учала тафсир ораларида катта фарқ борлигини таъкидлайди. Абул Баракот Насафий тафсирининг кўп жойларида машҳур муфассир саҳоба Ибн Аббоснинг ривоятларига таянади. Кейинги ўринларда эса, ўз навбатида, машҳур муфассир саҳобалар ва тобиъийнлардан Ибн Масъуд, Анас ибн Молик, Ҳасан, Убай ибн Каъб Мужоҳид кабиларнинг ривоятларидан фойдаланади. Абул Баракот Насафий ўз даврининг етук олимлари ичида катта шуҳрат қозонади. Абдулҳай Лакнавий таъбири билан айтганда: “Абулбаракот Насафий ўз даврининг беназир алломаси сифатида фиқҳ ва усул илмларида ғоятда сарбаланд, ҳадис ва унинг маъноларини тушунишда барчадан устун бўлган”. Ибн Ҳажар Асқалоний эса уни “Алломаи дунё” деган ғоятда шарафли ном билан тилга олган. Абул Барокат Насафий 710/1310 йилда Бағдодга келади ва шу йил рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ва Исфаҳон яқинидаги Изаж (Хузистон ва Исфаҳон оралиғидаги шаҳар) шаҳрида дафн қилинган.