Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳадисларда ёшлар тарбияси

Ҳадисларда ёшлар тарбияси

Ҳозирги кунда айниқса ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, хуқуқий, сиёсий маданиятини ва ҳуқуқий-диний онгини ошириш бўйича самарали тизимни яратиш, уларда ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ҳамда ривожлантириш зарур.

Ҳар бир миллатнинг келажагини ёшлар белгилайди. Уларга берилаётган эътибор миқёси миллатнинг савиясини кўрсатади. Ёшларнинг муносиб ворислар бўлиб етишишида таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс.

Президентимиз ташаббуси билан мустақиллик йилларида ёшлар тарбияси учун алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг ҳар томонлама баркамол, жисмонан ва маънан соғлом бўлишини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб мавзуси ҳисобланади.

Тарбия сўзини тор доирада тасаввур қилмаслик лозим, дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Ҳар бир туғиладиган фарзанд фитратда туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади,”- дейдилар. Ушбу ҳадисдан фарзанд қайси йўлга бошқарилса, ўша йўлга кетишлиги бизга маълум бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир”.

Бошқа бир ҳадисда: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди”, дейилади.

Фарзандини жисмонан соғлом, бақувват қилиб вояга етказмоғи ҳам ота-она зиммасидаги бурчлардан биридир. Зеро, жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Фарзандларингизга сувда сузишни, камон отишни, найза улоқтиришни, отда чопишни ўргатинглар,”- деб фарзандларни чаққон, соғлом, бақувват, зийрак қилиб тарбиялашга тарғиб қилганлар. Чунки соғлом ва кучли инсон ҳар доим ўз элига, ватанига наф келтиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Одам боласининг қадами Роббисининг ҳузуридан то бешта нарсадан сўралмагунича силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан топгани ва уни қаерга сарфлагани ҳамда билган нарсасига қанчалик амал қилгани ҳақида”, дедилар (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан илгари ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлиғингни, камбағал бўлиб қолишингдан олдин бойлигингни, машғул бўлишингдан олдин бўш вақтингни, ўлим келишидан олдин ҳаётингни”, дедилар (имом Ҳоким ва имом Байҳақий ривояти).

Имом Абу Бакр Ожуррий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Агар талаба уламолар билан ҳамсуҳбат бўлишни яхши кўрса, уларнинг олдиларида одоб сақлаб ўтирсин ва камтарин бўлсин. Овозини уларнинг овозларидан пастлатиб гапирсин. Сўраса, камтаринлик билан сўрасин. Аксар саволи ибодатни ўрганишга қаратилган бўлсин. Сўраган нарсасини билишга муҳтож эканлигини уларга билдирсин. Агар улардан бирор илмни ўрганса, “Сизлардан кўп яхшилик ўргандим” деб айтиб, сўнгра ташаккур билдирсин. Агар улар ғазаблансалар ҳам улардан ғазабланмасин. Балки уларни ғазаблантирган сабабни қидирсин. Сўнгра дарҳол шу нарсадан тийилиб уларга узр билдирсин. Уларни хафа қиладиган савол бермасин. Барча ишида мулойим бўлсин. “Мен сизлардан кўра билимдонроқман” қабилида улар билан мунозара қилмасин. Балки баҳслашишдан мақсади, уларга чиройли муомала қилиш билан бирга улардан фойдалниш бўлсин”.

Фарзандлари билимли, иқтидорли юртнинг келажаги буюк бўлади, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам ривожланган мамлакатлар тараққиёт босқичига эътибор берадиган бўлсак, уларда ёшларнинг пухта билим олишлари учун шароит яратишга энг катта муаммо сифатида қаралганлигининг гувоҳи бўламиз. Республикамиз мустақилликка эришган кундан бошлаб, ёшлар тарбияси, улар ичидан иқтидорлиларини ажратиб, алоҳида дастур асосида ўқитиш, ёшлар тарбиясидаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар ҳам ягона мақсад — Юртбошимиз таъбири билан айтганда, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишларига қаратилди.

Ҳар бир инсон ўз фарзандини иймонли, эътиқодли, ҳам жисмонан, ҳам руҳан пок, дини исломга, халқига, киндик қони тўкилган шу Ватанни бахти саодати, равнақи учун хизмат қиладиган фарзандни тарбияламоғи лозимдир.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқари илмий-тадқиқот маркази
диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …