Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банда токи жаннатга кирмагунига қадар ўзи эшитадиган яхшиликдан тўймайди”[1], деганлар. Шунинг учун ҳам айрим уламолар бешикдан то қабрга қадар илм ўрганиш лозим дейдилар. Зеро, мўмин банданинг илмга бўлган рағбатига қараб Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги даражаси юксалиб бораверади. Бунга сабаб илм исломнинг ҳаёти эканидир. Илмларнинг энг шарафлиси Аллоҳни, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш илмидир.
Аллоҳ таоло шундай амр қилади: “Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир”[2]. Ана шу тақвога олиб борадиган йўл бу, илмдир. Чунки, Аллоҳ таоло Ўз бандасига бирор яхшиликни ирода қилса, уни динда олим қилиб қўяди. Яъни уни ўз динининг масалаларидан хабардор қилиб қўяди. Бажариши ва адо қилиши фарз бўлган ишларни билдириб қўяди. Ундан четда бўлишга буюрган ва ҳаром қилган нарсаларни унга танитиб қўяди.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда мусулмонлар орасида, айниқса, ёш ва ғўр, диний маърифати пишиб етилмаган мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ҳақида жоиз бўлмаган бузуқ бир ақида кенг оммалашиб кетди. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолони Аршнинг устида ёки самода деб эътиқод қилишдир. Бундай ақида ўз-ўзидан бизга маълум ўша мушаббиҳаларнинг давомчилари тарафидан кенг тарғиб қилинмоқда. Интернет саҳифаларини очиб, диний мавзуларга назар соладиган бўлсангиз ҳам кўзингиз тушадиган илк мавзу ана шундай бузуқ ақида ва унинг тарғиботи бўлади.
Биз қуйида Аллоҳ таолонинг ло макон деб эътиқод қилиш вожиб эканига Аҳли сунна вал жамоа уламолари тарафидан иттифоқ қилинган эканини нақл қилиб бермоқчимиз. Шоядки, бу борада янглиш йўлга қадам қўйганлар соғлом эътиқод сари қайтсалар.
Аллоҳнинг макон ва тарафдан пок эканига ижмоъдан далил
Шуни яхши билиб қўйиш лозимки, мусулмонлар Аллоҳ таоло ҳақида қуйидагича ҳамфикр бўлишган:
Аллоҳ таоло маконда жойлашган эмас, Уни макон қамраб олмаган, У осмонда ҳам, Аршнинг устида ҳам турмайди. Чунки, Аллоҳ таоло Аршдан олдин, осмонлар ва макондан олдин ҳам мавжуд бўлган. Бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга, бир сифатдан иккинчи сифатга ўтиш Аллоҳ таолога нисбатан умуман мумкин бўлмаган ҳолат ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло азалда ҳеч қандай маконсиз мавжуд бўлган. Маконни яратганидан сўнг ҳам мавжудлигича қолган.
Биз ушбу мақолада Аллоҳ таолонинг макон ва тарафдан пок экани ҳақида саҳобаларнинг замонларидан бошлаб ўн тўрт аср давомида яшаб ўтган улуғ алломаларнинг сўзларини келтириб ўтишга ҳаракат қиламиз. Зеро, ана шу ақиданинг аввалги ва охирги мусулмонларнинг қалбларида мустаҳкам ўрнашиб қолишида уламоларнинг сўзлари энг кучли далиллардан бири ҳисобланади.
Шу нарсани яхши билиб қўйиш лозимки, муҳаддислар, фақиҳлар, муфассирлар, тилшунослар, наҳв ва усулул фиқҳ (мусулмон қонуншунослиги) уламолари, ҳанафийлик, шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик – уларнинг сафига кейин келиб қўшилган мужассималардан бошқалари, – мазҳабларининг уламолари ҳамда чинакам тасаввуф вакилларининг барчалари Аллоҳ таолони ло макон, яъни макондан пок деб эътиқод қилишган. Аммо мушаббиҳалар[3], василани инкор қилгувчилар мана шу асл ақидадан ажралиб чиқдилар ва: “Албатта, Аллоҳ таоло Аршнинг устидадир”, дедилар. Бундай эътиқоддан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
- Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг Аллоҳ таолонинг ло макон эканига ижмоъ қилганларини нақл қилган уламолардан бири шайх Абдул Қоҳир ибн Тоҳир Тамимий Бағдодий (ваф.429/1038)дир. У қуйидагиларни ёзган:
“Ва улар – яъни Аҳли сунна вал жамоа, – Аллоҳ таолони бирор бир макон қамраб олмаган ва Унинг устидан замон жорий бўлмаган, деб иттифоқ қилганлар”.
- Фиқҳда шофиъийлик мазҳабида бўлган Шайх Имомул Ҳарамайн Абдул Малик ибн Абдуллоҳ Жувайний (ваф. 478/1086) қуйидагиларни айтган:
“Барча Аҳли суннанинг мазҳаби шуки, Аллоҳ таоло (маконда) жойлашиш ва тарафлар билан хосланишдан пок ва олийдир”.
- Буюк муфассир шайх Фахруддин Розий (ваф. 606/1210) шундай деган:
“Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло макон, жиҳат ва бўшлиқда бизлар билан бирга эмаслигига иттифоқ қилинган”.
- Фиқҳда ҳанафийлик мазҳабида бўлган Шайх Исмоил Шайбоний (ваф. 629/1232) қуйидагиларни ёзади:
“Карромийлар ва мужассималарга хилоф равишда Аҳли сунна шундай деган: Аллоҳ таоло макондан пок ва олийдир. У бирор бир маконни макон тутиб олмаган, бирор бир тарафга қараб жойлашмаган”.
- Сайфуддин Омидий (ваф. 631/1234) Аллоҳ таолонинг ло маконлиги ҳақида ушбу гапларни ёзган:
“Салафларнинг зоҳиран қараганда Аллоҳ таолога тараф ва маконни нисбат берадиган бўлиб кўринадиган сўзларини биз юқорида зикр қилиб ўтган маънога буриб тушунилиши лозимдир. Яъни улар шу сўзларни қандай бўлса шундайлигича қабул қилмаганлар. Уларни Аллоҳ нозил қилганига ишонганлар. Биз улардан нақл қилиб айтиб ўтганимиздек, ҳар бир оятни тиловат қилганлар”.
Фиқҳда шофиъийлик мазҳабида бўлган Шайх Ибн Жаҳбал Ҳалабий (ваф. 733/1333) Аллоҳ таолонинг бирор бир тарафда бўлишини инкор қилиб рисола ёзган ва унда Умар ва Али розияллоҳу анҳумлар каби буюк саҳобаларни таъна қилган мужассимачи файласуф Ибн Таймия Ҳарронийга раддиялар берган.
- Ибн Жаҳбал қуйидагиларни ёзади:
“Ана энди сизга Аҳли суннанинг ақидасини баён қилиб, шундай деймиз: Бизнинг ақидамиз шуки, Аллоҳ қадим ва азалийдир. Бирор нарсага ўхшамайди ва бирор нарса Унга ўхшамайди. Унинг тарафи ҳам, макони ҳам йўқдир”.
- Фиқҳда Шофиъий, ақидада Ашъарий мазҳабида бўлган Шайх Тожуддин Субукий, (ваф. 771/1370) шайх Фахриддин ибн Асокирнинг “Ал-ақидатул муршида” (Тўғри йўлга бошловчи ақида) ни ўқиб берганини нақл қилган. Шу ақида ичида қуйидаги сўзлар ҳам бўлган:
“Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотлардан аввал мавжуддир. Унинг олдини ҳам, кейини ҳам, тепаси ҳам, ости ҳам, ўнгги ҳам, сўли ҳам, олди ҳам, орқаси ҳам йўқдир”.
Сўнгра Ибн Субукий ана шу ақидани сўзлаб бергач: “Бу энг сўнгги ақидадир. Унда бирор бир сунний инкор қила оладиган гап йўқдир”, деган.
- Ҳадис илмининг буюк алломаларидан бири ҳофиз, муҳаддис Салоҳиддин Алоий (ваф. 761/1360) ҳам Ибн Субукийнинг мазкур сўзларига қўшилиб, қуйидагиларни ёзган:
“Ва ана шу “Ал-ақидатул муршида”нинг муаллифи тўғри йўл ва тўғри дастур устидан юрган, улуғ ва олий зот Аллоҳни поклаб ёзган гапларида ҳақиқатни гапирган”.
- Фиқҳда Моликий мазҳабида бўлган шайх Муҳаммад Майёра (ваф.1072/1662) қуйидагиларни айтган:
“Аҳли сунна вал жамоанинг ҳаммалари Аллоҳ таолонинг тарафи йўқ эканига, бинобарин, усти, ости, ўнгги, чапи, орқаси ва олди тарафи ҳам йўқлигига иттифоқ бўлишган”.
- Ал-Азҳар шайхи Салим Бишрий (ваф.1335/1917) шундай деган:
“Нажот топгувчи фирқанинг мазҳаби ҳамда Аҳли сунна вал жамоадагилар иттифоқ қилган нарса шуки, Аллоҳ таоло махлуқотларга ўхшаш бўлишдан покдир. У яратилганликнинг барча аломат-белгилари бор бўлган махлуқларга хилофдир. Ана шундай аломатлардан бири Унинг тараф ва макондан поклигидир”.
- Мисрдаги Ал-Азҳар уламолари кенгашининг аъзоси шайх Юсуф Дажавий Мисрий (ваф.1365/1946) қуйидагиларни айтган:
“Маълумингиз бўлсинки, салафлар макон жиҳатидан олий бўлиш Аллоҳ таолонинг ҳаққига мумкин бўлмаган бир ҳолатдир, деганлар. Бу борада улар айни шу масалада кўр-кўрона ҳаракатлар олиб борадиган айрим жоҳилларга хилоф қилдилар. Чунки салафлар ҳам, халафлар ҳам Аллоҳ таолонинг макондан пок эканига ҳамфикр бўлганлар”.
- Шунингдек, у: “Бу – салафлар ва халафларнинг ижмосидир”, деган.
- Шофиъийлик мазҳабининг уламоларидан бири шайх Салома Қузоъий Аззомий (ваф. 1376/1957) қуйидагиларни айтган:
“Салафлар ва халафларнинг уламоларидан иборат бўлган Аҳли сунна вал жамоа Ҳақ таолонинг тарафдан пок экани ва маконда бўлишдан олий эканига ижмоъ қилганлар”.
- Моликий мазҳабида бўлган муҳаддис, Фалоҳ мадрасаси ва Макка масжидининг мударриси шайх Муҳаммад Арабий Таббон (ваф. 1390/1971) шундай деган:
“Аҳли суннанинг ақлли одамлари, шофиъийлар, ҳанафийлар, моликийлар, ҳанбалий мазҳабининг улуғлари ва бошқалар Аллоҳ таборака ва таолонинг тарафдан, жисмликдан, чегарадан, макондан ҳамда махлуқотларига ўхшаш бўлишдан пок эканига ҳамфикр бўлганлар”.
Хулоса қилиб айтганда, биз Аллоҳ таолони мавжуд аммо бошқа мавжудотлар каби эмас деб, Унинг бирор маконда ёхуд маконларнинг ҳаммасида жойлашиши мумкин эмас деб, У барча маконларни тўлдириб туриши ҳам, Арш тарафни макон қилиб олиши ҳам мумкин эмас деб эътиқод қилишимиз лозимдир. Аллоҳ таоло мавжуд аммо бошқа мавжудотлар каби эмас, У чегараси мавжуд бўлган ҳажм эмасдир, шунингдек, Аллоҳ таолонинг нур сингари латиф жисм бўлиши ҳам мумкин эмас деб эътиқод қилиш – ана шу айни ҳақиқатдир. Нурни яратувчи зот Унинг Ўзи бўла туриб қандай ҳам У нур бўлсин?! Зулматни яратувчи Зот бўлган Аллоҳ зулматга ўхшаши мумкин эмас. Инсон нурни тасаввурига сиғдира олади. Қоронғуликнинг ўзини ҳам тасаввур қила олади. Аммо нурнинг ҳам, зулматнинг ҳам мавжуд эмаслигини инсон асло тасаввур қила олмайди. Инсоннинг ақлини кучи ва тоқати етмайди бунга. Шундай экан, Аллоҳ таолони инсон тасаввурига сиғдира олмайди. Бинобарин, нажот йўли – бу, тасаввурга келган ҳар қандай ўй ва хаёлдан Аллоҳ таоло бошқачадир, деб эътиқод қилишдир. Нажот йўли ана шудир ва бу Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги ушбу сўзига мувофиқ келади:
“У ЗОТГА ЎХШАШ ҲЕЧ НАРСА ЙЎҚДИР!”