Куни кеча (25.08.2019) Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги ИБХИТМ мажлислар залида Лорд Муҳаммад Илтоф Шайх ўз нутқида Ўзбекистонда рўй бераётган оламшумул аҳамиятга молик ислоҳотлар кўзга ташланаётгани, айниқса, дин ва диний маърифат соҳасида беқиёс даражадаги янгиликлар рўй бераётганини чуқур эҳтирос билан қайд этди.
– Бу замин улуғ алломалар, буюк мутафаккирлар, дунёга донғи кетган саркардалар юрти, – деди Лорд Муҳаммад Илтоф.- Не-не фотиҳлар бу юртни тиз чўктиришга, қул қилишга интилмаган, дейсиз. Ниҳоят, XIX-XX асрларга келиб, чоризм босиб олишга эришди. Ўзининг ҳийла-найрангларини ишга солди, халқнинг самимийлиги ва соддалигидан фойдаланиб, уни дастлаб ичидан парчалади, бўлиб ташлаб, сўнг бирин-кетин айри-айри ҳудудларни истило қилди, миллий ва маънавий қадриятлардан бегоналаштириш орқали одамларни асоратга солди.
Бугун камситилган ва эзилган халқ ўзлигини англашга, йўқотилган қадриятларини тиклашга, миллий маънавиятини ривожлантиришга уринмоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган, минтақадаги халқлар миллий маънавиятининг бешигидир. Бу қадимий маърифат бешигидан бутун инсоният озуқа олган. Авесто ҳикматлари дейсизми, тангричилик донолиги дейсизми, ханаяна буддавийларининг инсонпарварлик ўгитлари дейсизми, насториан насронийларининг одамшавандалиги, яҳудийларнинг эзгу амаллари, барча-барчаси, бор ҳикматлар ўзбек халқининг генларида жўш урмоқда.
Бу халқ ислом дини қадриятларида ўзининг азалий ҳикматларини топди ва ислом тамаддунини жаҳоншумул тараққий эттиришга катта ҳисса қўшди. Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ноль рақамини кашф қилиб, ўнлик саноқ системасини бутун инсоният истеъмолига киритди. Унинг “Алгебра”си ва алгоритмик тартиботи математика ва ахборотлаштиришда кенг қўлланилмоқда. Бугунги мобил телефонларнинг илдизи ҳам Хоразмий даҳосига бориб тақалади. Бу халқнинг доно фарзандлари мисрликларга миқёси Нил (Фарғоний), мусиқачиларга нота (Форобий) тақдим қилди. Беруний эса ўндан ортиқ табиий-илмий фанларга асос солди, бугунги тиббиёт ва мантиқ фанлари эса Форобий ва ибн Синога таянади.
Ислом динига оид илмларни тўғри талқин этувчи алломалар ҳам шу тупроқдан қувват олган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муъин Насафий ҳадис илмида, Имом Мотуридий калом илмида, Абу Лайс Самарқандий ва Бурҳонуддин Марғиноний фиқҳ илмида, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд эса тасаввуф илмида бутун Ислом оламига устозлик қилган. Аллоҳнинг қўшниси – Жоруллоҳ унвонига сазовор бўлган Маҳмуд Замахшарий эса араб тили грамматикаси асосларини ишлаб чиқиб, бутун дунёга араб тилида тўғри мулоқот қилиш илмини ўргатган.
Бу юртда кўплаб илмий академиялар фаолият юритган. Хоразмда Маъмун академияси, Бухорода Сомонийлар кутубхонаси, Самарқанд ва Бухорода Қорахонийлар олий мадрасалари (Умар Хайём Самарқандда таълим олган), темурийлар даврида эса бутун бошли илмий академиялар фаолият бошлаган ва Мирзо Улуғбек даврига келиб, астрономик мактаб даражасига кўтарилган. Улуғбек ва унинг атрофидаги олимларнинг (Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи ва бошқалар) илмий изланишлари бугунги кунгача инсониятни ҳайратга солмоқда.
Бу юртда йирик ахлоқшунос олимлар (Саъдиддин Тафтазоний, Ҳусайн Воиз Кошифий, Алишер Навоий, Мавлоно Муҳаммад Қози, Махдуми Аъзам) ҳам дунёвий, ҳам диний ахлоқ тамойиллари тараққиётига катта ҳисса қўшган. Улар ичида Алишер Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари ҳозирги замон ва келажакда ҳам бутун дунёга ибрат бўлувчи хосилдор ахлоқий-маънавий мерос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбек халқи нафақат дин ва илм-маърифатда, санъат ва адабиётда, амалий санъат ва меъморликда ҳам бутун дунёга ибрат бўладиган асарлар ва ёдгорликлар бунёд қилган. Анжуман ўтказилаётган Марказ биноси ҳам бу фикрнинг далилидир.
Ўзбекистондаги бунёдкорлик ишларининг дастлабки меъмори марҳум Президент Ислом Каримов эди. У катта ва ибратли ишларни бошлаб берди. Ўз атрофида садоқатли шогирдларни ҳам тарбиялади. Бу ўз самарасини берди. Амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг энг ишонган шогирди эди. У устозидан ҳам илгарилаб кетди. Ўзбекистоннинг эшикларини бутун дунё учун кенг очди. Ушбу Марказни ташкил этиш ғояси ҳам, бинонинг асосий меъмори ҳам, бугунги қизиқарли тадбиримизнинг ташаббускори ҳам ана шу инсон – Шавкат Мирзиёевдир.
Шу юртга келиб, шу халқ қаршисида туриб, маъруза қилаётганимдан беҳад миннатдорман. Юрагимда темурийлар қони оқаётгандек ҳис қилдим ўзимни.
Барчангизга раҳмат, азизлар!