Home / МАҚОЛАЛАР / Савдода ҳалоллик – барака омилидир

Савдода ҳалоллик – барака омилидир

Тижорат, бу ҳақида кўплаб сўзлар айтилган. Шундай бўлсада, тижорат (байъун) – савдо-сотиқ кўпчилик томонидан эътиборга молик ва оммага маҳбуб мавзудир, чунки у инсонга моддий ва маънавий фойда келтирувчи воситалардан биридир. Жумладан, бизнинг ҳаниф динимизда ҳам тижоратга жуда катта эътибор берилган. Қуръони каримда “тижорат” калимасини ҳақиқий ва мажозий маъноларда ўндан ортиқ ўринда зикр қилинганлиги сўзимизнинг ёрқин ифодасидир.

Исломда тадбиркорлик ва ишбилармонликка жуда ижобий ёндашилади. Улардан каттагина қисми тижорат ва савдо ишларидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ризқнинг ўндан тўққизи тижоратдан, ўндан бири чорвадандир”[1], – дейдилар. Албатта, ҳар бир тижорат тадбиркорликдир. Қуйида исломдаги тижорат ҳақида қўлдан келганча маълумот беришга ҳаракат қилимиз.

Тижоратнинг ҳақиқий маъноси жуда кўпчиликка маълум ибора, аммо унинг мажозий маъносидан барча тожир-савдогарлар ҳам хабардор эмас. Мажозий маънода Аллоҳ таоло билан бандаси ўртасидаги тижорат назарда тутилган бўлиб, бунда яратган зот – Аллоҳ таолодан унинг розилигини инсон қилган яхшиликлари – солиҳ амаллари ва ибодатлари эвазига сотиб олади ва олинадиган фойда эса жаннатдир. Аммо биз бу ўринда савдонинг ҳақиқий маъноси ҳамда унинг шаръий ва миллий одоблари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

“Савдо” сўзининг истилоҳий маъноси “ўзаро бир нарсани бошқа нарсага алмаштириш” ни билдиради. Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига икки томоннинг розилигига биноан қабул қилиб олинишига “байъ”, “тижорат” деб аталади.

 Шариатимизда савдо бобида жамиятга ҳам шахсиятга ҳам зарар келтирмайдиган талаблар мажмуаси мавжуд бўлиб, бу ҳукмлар замирида нафақат тижоратга оид, балки инсоний муомала одоблари ва шартлари ҳам баён қилинган. Зеро, тижорат жамиятнинг ижтимоий ва иқтисодий асосларидан биридир.

Шунинг учун бўлса керак, Ислом динида ҳалол савдони ибодатга тенглаштирилиб, ҳалол савдогарлар шаҳидлару сиддиқлар даражасига кўтарилган. Рифоа (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар : “Ростгуй, омонатли тожир пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”. Уламоларимиз зироатдан ва саноатдан сўнг энг афзал касб тижорат деганлар.

Кишига фойда келтирувчи омиллардан бири бўлган яна бир амал – судхўрликни тижорат, тадбиркорликнинг бир кўриниши деб қарамаслик лозим. Чунки, Аллоҳ таоло савдони ҳалол ва рибо (судхўрлик)ни ҳаром қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган.

 “Аллоҳ савдони ҳалол, рибо (судхўрлик)ни ҳаром қилди”.[2]

“Эй мўъминлар! Бирингиз бирингизнинг молини ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач ейишингиз мумкин”.[3]

Чунки савдода фойда кўриш билан бирга зарарнинг ҳам эҳтимоли бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда, зарарни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Жамиятнинг эҳтиёжидаги товарларни меҳнату машаққат билан олисдан маълум маконга олиб келиб, одамларнинг талабини қондиради. Энг муҳими савдода харидорнинг молни олиш-олмаслик ва танлаш ихтиёри бор. Аммо рибо – судхўрликда ундай эмас. Судхўр меҳнат қилмай бошқанинг зарари ва ҳатто хонавайрон бўлиши эвазига фойда кўради. Шариатимизда савдони ҳалол ва судхўрликнинг ҳаром қилинишига сабаб бўлган яна бир қанча омиллар борки, буларнинг барчасини бу ўринда бирма-бир санаб ўтишни имкони йўқ ва бу алоҳида бир мавзу.

Шариати исломда савдо хусусида ҳар икки томон манфаатларини ўзида мужасам этган талаблар борки, ҳозирги вақтда бу соҳа вакилларининг кўпчилиги бундан бехабардир. Қуйида ушбу талабларни баҳоли қудрат тожирларимиз эътиборига ҳавола қилсак.

Харидорнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, яъни ўлчаш ва тортишни тўғри қилиш сотувчининг зиммасидаги талаблардан энг биринчиси ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади:

“…Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз!..”[4]

“…Бас, ўлчов ва тарозини комил қилиб (тортингиз) ва одамларнинг ҳақларидан уриб қолмангиз ҳамда ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда (кофирлик билан) бузғунчилик қилиб юрманглар….”.[5]

“…Ва ўлчов ва тарозидан уриб колманглар…”.[6]

Жумладан, Қуръони каримнинг “Исро”, “Шуаро”, “Ар-Роҳман”, “Мутоффифийн” сураларида, тўғри ўлчаш, тарози ва харидор ҳаққига оид бир неча оятлар келган.[7] Харидор ҳаққининг Қуръон оятларида такрор ва такрор келиши унинг нечоғлик муҳимлигига далолат қилишини унутмаслик лозим.

Шунингдек, харидор билан хушмуомала бўлиш, сотилаётган молнинг айби бўлса айтиб сотиш, келишилган муддатда харидор молни айбли санаб қайтариб олиб келса, уни қайтариб олиш ҳам савдодаги шариат талаблари жумласидандир.

Уламоларимиз иқтисодий-молиявий муомалаларга оид бундан бошқа барча далилларни ҳам яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин, ўртадаги савдо муомалага сабаб нарсада қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак, деган хулосага келганлар:

  1. Муомалага қўйилаётган нарса келишув вақтида мав­жуд бўлиши керак. Йўқ нарсани муомалага қўйиб бўлмайди. Масалан, етилмаган зироатни сотиб бўлмайди. Чунки у ҳали униб чиқадими, йўқми, ҳосил берадими, йўқми маълум эмас. Шунга ўхшаш, онасининг қорнидаги ҳайвонни, елиндаги сутни ҳам сотиб бўлмайди.
  2. Муомалага қўйилган нарсада муомалага қўювчининг шаръий (қонуний) ҳаққи бўлиши керак. Яъни муомалага қўювчининг шахсий мулки бўлиб, сақлаш ва манфаатланиш мумкин нарса бўлиши керак. Бирор киши ўзига мулк бўлмаган нарсани сота олмайди, ҳадя қила олмайди, ижарага қўя олмайди.

Шунингдек, шариатга кўра сақлаш ва манфаатланиш мумкин бўлмаган ҳаром ичимликлар ёки чўчқа, итга ўхшаш нарсаларни муомалага қўйиш ҳам мутлақо мумкин эмас.

  1. Муомалага қўйилган нарсани келишув вақтида топшириш имкони бўлиши керак. Мисол учун, қочиб кетган ҳайвонни, ҳаводаги қушни ёки сувдаги балиқни муомалага қўйиб бўлмайди. Агар қўйилса, муомала ботил бўлади, ҳисобга ўтмайди.
  2. Муомалага қўйилган нарса муомалада иштирок этаётган икки томонга маълум ва тайинли бўлиши керак. Яъни, икки томон ҳам муомалага қуйилаётган нарса­ни яхши билиши, кўрган бўлиши (агар харидор молни кўрмаган бўлса, кўргандан кейин ёқмаса савдони бузиш ихтиёрига эга), зарур маълумотларга эга бўлиши керак. Агар акси бўлса муомала жорий бўлмайди. Чунки бундай ҳолларда кейинчалик уруш-жанжал чиқиши эҳтимоли мавжуд.
  3. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак. Яъни, шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши керак. Шариат ҳаром қилган ўлимтик, қон, ахлат каби нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.

Савдо-сотиқнинг одоблари қуйидагилар:

  1. Муомалада ростгўй бўлиш, яъни савдогар сотиладиган молини ҳақиқий сифатлари билан сифатлаш, унинг нави, жинси ва тайёрланган тарафи ва сарф-харажати ҳақидаги ахборотда ёлғон ишлатмаслиги лозим.
  2. Муомалада саховатли бўлмоқ. Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда сахо­ватли бўлишга ҳаракат қилади. Харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмайди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сотаётганда, сотиб олаётганда ва ҳаққини талаб қилганда саховатли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин”, – дедилар”. (Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.)

  1. Қасам ичишдан четда бўлиш. Савдо пайтида ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичмаслик керак. Чунки, бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир”, – дедилар”. Имом Бухорий ривояти.

  1. Кўп садақа қилиш. Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларнинг ювилиши учун тожир одам кўпроқ садақа қилиб туриши, хайр-эҳсонли, мурвватли бўлиши лозим.
  2. Молиявий муомалаларни ва қарзни ёзиб бориш ҳамда гувоҳ келтириш. Савдогар савдо шартномасини ва қарзни ёзиб бориши лозим. Молни насияга муомала қилганда ва қарз берганда гувоҳларни ҳозир қилиш хайрли амаллардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло: “Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди -берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг….”[8], деган.      Жумладан, савдонинг одоблари ҳақида олимларимиз шундай деган эканлар: “Агар савдогарда уч хислат бўлмаса, икки дунёда муҳтож бўлгай, улар;

1- Тили уч нарсадан: ёлғон, бадхулқлик, хиёнат ва касамдан пок бўлмаса;

2- Дили уч нарсадан: бадхулқлик, хиёнат ва ҳасаддан пок бўлмаса;

3- Намози жумъа ва жамоат намози , баъзан илм талаб қилмок ва бошқа одамлардан кўра Худойи таолонинг розилигини ихтиёр қилмок бўлмаса. ”

    Савдо ер юзида тинчлик ва осойишталикни таъминловчи асосий омиллардан биридир. Савдо тартибига риоя қилинган жамиятда сотувчи ва олувчи бир-бирларини дуо қилади, раҳмат айтади, барака ҳам шунда. Савдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга унда кишиларнинг тўғрисўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади.

    Пайғамбаримиз (с.а.в): “Савдогарлик қилингларки, халқнинг ризқлари 10 қисмдир, 9 қисми савдогарликда, яъни сотмоқда ва олмоқдадир,” – дедилар.

    Улуғлардан биридан сўрадилар: Обид устунроқми? Ё Омонатдор савдогар? Улуғ зот жавоб бердилар: “Омонатдор савдогар устунки, тарозуда бермоқ ва олмоқда шайтон уни оздирмоққа қасд қилур, омонатдор савдогар эса унинг хилофини қилиб, шайтонга ғолиб бўлур”. Энг эътиборли томони Ислом шариати аҳкомларига биноан, ҳалол савдо ибодат сифатида қаралади. У орқали бу дунёда топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади.

Дарҳақиқат, сўнги йилларда муҳтарам президентимиз томонидан бозор иқтисодиётининг уствор йўналишларини амалда татбиқ этиш борасида ишлаб чиқариш ва савдо соҳасидаги олиб борилаётган ислоҳотлари, дунё бозоридан муносиб ўрин топиш борасида бераётган доимий кўрсатма ва тавсиялари ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорликка, ташқи инвестицияга берилаётган юқори эътиборнинг ўзиёқ мамлакатимизда тижорат соҳаси давлат аҳамиятига молик соҳа эканлигига далолат қилади. Жумладан, Ўзбекистонда янги тадбиркорлик иш ини бошловчи ёшлар учун давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар; банклар томонидан берилаётган муддатсиз қарзлар ҳамда уларни ҳимоя қилиш учун чиқарилаётган қонунлар юртимизда тижорат соҳасининг истиқболларини кўрсатиб беради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қобилов Нодир
[1] Али ибн Ҳисомиддин. Канзу-л-аммол. Ж. 4. – Байрут, 1989.  Б. 55. 9342-ҳадис.
[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Бақара сураси, 275-оят мазмуни.
[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Нисо сураси, 29 -оят мазмуни..
[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Анъом сураси, 152-оят мазмуни.
[5] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Аъроф сураси, 85 -оят мазмуни.
[6] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Ҳуд сураси, 84 -оят мазмуни.
[7] Мурожат учун манба;  Қуръони карим, Исро сураси 35-оят, Шуаро сураси 181-182 оятлар, Роҳман сураси  7-8-9 оятлар, Мутоффифин сураси 1-4-оятлар.  Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.
[8] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Бақара сураси, 282-оят мазмуни.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …