Абу Довуд ўзининг “Сунан”и “Вафот этган киши номидан қурбонлик қилиш” бобида қуйидаги ҳадисни келтиради: “Ҳазрати Али (к.в.) Зулҳижжа ойида иккита қўй қурбонлик қиладилар”. У кишидан бу ҳақда сўраганларида: “Расулуллоҳ то мен тирик эканман, у зот (с.а.в.) номларидан ҳам қурбонлик қилишимга васият қилган эдилар. Мен бундан ҳеч қачон воз кечмайман” – деб жавоб берган эканлар.
(Абу Довуд “Қурбонликлар”, Ҳаким “Мустадрак” 4/255, Термизи “Қурбонликлар”).
Киши вафот этган қариндоши ёки бошқа номидан ҳаж амалини бажариши ёки садақа бериши жоиз бўлгани каби қурбонлик қилиши ҳам мумкин.
Бир ҳадисда ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) қавмларидан қурбонлик қилишга қурби етмайдиган кишилар номидан қурбонлик қилган эдилар. (Табароний “Мужмалу-л-кабир” 3/182, Ҳайсамий “Мажмаъу-з-завоид” 4/23).
Ўз маблағи ҳисобига жонлиқ сотиб олиб, уни вафот этган киши номидан қурбонлик қилган киши унинг гўштидан ейиши ёки бошқаларга улашиши мумкин.
Аммо вафот этган киши унинг номидан қурбонлик қилинишини васият қилган бўлса, унинг номидан қурбонлик қиладиган кишига унинг гўштини ейиш жоиз бўлмайди, балки қурбонликнинг ҳаммаси садақа сифатида тарқатилади. Чунки бу ваъда қилинган қурбонлик ҳисобланади. (Ибну-л-Обидийн “Радду-л-мухтор”).
Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб динимизда вафот этган киши номидан қурбонлик қилиш жоизлигини хулоса қилсак бўлади.