бу хусусда олималар нима дейди?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 13 август куни АҚШнинг Стэнфорд университети маърузачиси бўлган ёш ватандошимиз – диншунослик ва Ўрта Осиё тарихи фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори Азиза Шоназарова иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Маълумки, тарихнинг турли даврларида нафақат Ислом дини, балки бутун мусулмон дунёси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг аксарияти Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан. Бугун Ўзбекистон заминида кўплаб зиёратгоҳлар мавжудлиги, илмий муассасаларимизда энг нодир қўлёзмалар сақланаётгани, аждодларимизнинг хоки пойи мангу қўним топган ёдгорлик мажмуалари халқаро зиёрат туризимининг машҳур объектлари саналишининг боиси ҳам шунда.
Айни пайтда улуғ ота-боболаримизнинг анъаналарини давом эттириш, уларнинг бебаҳо илмий-маърифий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш, татбиқ этиш ва тарғиб қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ислом динида аёлларга муносабат таълимотидан келиб чиққан ҳолда, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, давлат бошқаруви, қонун ижодкорлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби ғоят муҳим соҳалаларда уларнинг иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Ёш олимлар кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур семинар-тренингда айни шу мавзуда – дунёда энг кенг тарқалган динлардан бири бўлган Исломда аёлларнинг тарихий ўрни, аёллар тўғрисидаги оятлар ва уларнинг талқинлари, ҳадисларда баён этилган аёлларнинг жамиятдаги ролига оид масалалар ҳақида фикр юритилди.
Азиза Шоназарованинг “Ислом динида аёлларнинг ўрни олималар нигоҳида» мавзуидаги маърузаси тингланди. Олима ижмо ва ижтиҳод фарқлари, исломда хотин-қизлар ўрнининг замонавий талқинлари, машҳур мусулмон олималарнинг илмий назариялари ҳақида сўзлади. Жумладан, Лейла Аҳмад (Гарвард университети), Фотима Мернесси (Сорбонна университети), Амина Вадуд (Виржиния университети), Саба Маҳмуднинг (Беркли университети) тадқиқотларида баҳс қилинган аёллар ва гендер масалалари, ҳижоб ҳақидаги фикрлар, Ислом динида аёлларнинг ўрни, анъанавий исломий талқинларда аёлларнинг иккинчи даражага тушиб қолиши, “Хаммурапи қонуни” билан боғлиқ назарияларга тўхталиб ўтди.
АҚШ инновацион олий мактаблар рейтингининг биринчи поғонасида турадиган Стэнфорд университети маърузачиси Қуръон оятларини асосан эркак уламолар шарҳлаб, тафсир қилиб келганига эътибор қаратиб, аслида Исломда музаккар ва муаннас Яратганнинг олдида тенг кўрилишини мисоллар билан қайд этди. Шундай эканига қарамай, мусулмонлар кўпчиликни ташкил қиладиган жамиятларда айрим мавзулар истиҳола юзасидан тилга олинмайди ва аёллар ўз диний ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмайди, тиббий маданиятини оширмайди. Шу муносабат билан олима никоҳ, ажралиш, контрацепциянинг Исломдаги шартлари ва бошқа динларда бу масалаларга муносабат ўртасидаги фарқлар ҳақида сўзлади. Унинг таъкидлашича, саҳиҳ ҳадисларнинг 40 фоизи Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) завжалари Оиша онамиздан келиб чиқиши ўша пайтлари жамиятда аёлларга муносабат қандай бўлгани ва уларнинг жамиятдаги мавқеини билдиради.
Азиза Шоназарова Марказий Осиёдаги сўфи аёлларнинг йирик вакиласи бўлган Ҳазрат оғойи бузург (Ҳазрат Қизбиби) ва Ҳофиз Басирнинг унга бағишлаб ёзган “Мазҳар ал-Ажойиб” асари ҳақида ҳам сўзлади.
Семинар-тренингда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан АҚШнинг Стэнфорд университети ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Анжуман маърузачи билан қатнашчилар ўртасида мунозара ва фикр алмашув тарзида давом этди.