Маълумки, Қуръони каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сўзи бандаларни ожиз қолдирувчидир. Инсонлар ҳар қанча уринсалар-да, Қуръонга ўхшаш нарса ижод қилишга қодир эмаслар.
Қуръонни тафаккур қилган инсон ундаги маъноларга, ҳикматларга, Каломуллоҳ балоғати ва фасоҳатига маҳлиё бўлади. Фикримиз исботи сифатида қуйида бир қанча мисоллар келтирамиз.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
﴿إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ…﴾
Яъни, “Ҳеч шак-шубҳасиз, мўминлар оға-инидирлар. Шундай экан, икки оға-инингиз ўртасини ўнглаб қўйинглар!..” (“Ҳужурот” сураси, 10-оят).
Оят таржимасида “оға-инидирлар” деб таржима қилинган сўз арабча матнда إِخْوَةٌ шаклида келган. Мазкур сўз أَخٌ нинг кўплигидир. Аслида أَخٌ калимаси икки хил маънода қўлланади:
- Туғишган биродар. Яъни, бир ота-онадан туғилган ака ёки ука. إِخْوَةٌ сўзи айнан шу маънода келади.
- Дўст, ҳамроҳ, тутинган биродар. أَخٌ сўзининг бу маънодаги кўплик шакли إِخْوَانٌдир[1].
Буни қарангки, Қуръонда мўминлар дўстлиги ҳақида гап кетганда إِخْوَانٌ эмас, айнан إِخْوَةٌ сўзи ишлатилган. Бу билан мўминлар бир-бирига худди туғишган ака-укадек яқин экани таъкидланган[2].
Шу ўринда савол туғилади: “Нима учун оятда “Икки оға-инингиз ўртасини ўнглаб қўйинглар!” деб кўплик эмас, иккилик шаклида келмоқда?” дея савол бериладиган бўлса, жавобимиз қуйидагича: “Чунки, биродарлар ўртасидаги низо камида икки киши ўртасида чиқади. Агар икки киши орасини ислоҳ қилиш лозим бўлса, кўпчилик орасини ислоҳ қилиш ундан ҳам зарур. Қолаверса, кўпчилик ораси бузилиши икки киши ораси бузилишидан кўпроқ зиён келтиради[3]”.
Энди эътиборингизни мана бу оятга қаратамиз:
﴿وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الأَرْضِ فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقْتَدِرًا﴾
Яъни, “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг! (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдиргач, у сабабли замин набодоти (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетади. Сўнгра (ҳаёт кузи келгач,) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолади. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодир Зотдир” (“Каҳф” сураси, 45-оят).
Бу оятда дунё ҳаёти сувга ўхшатилмоқда. Имом Қуртубийга кўра, ҳакимлар бу ўхшашликни қуйидагича баён қилишган:
- Сув бир жойда турмаганидек дунё ҳам ҳеч кимда боқий қолмайди (бир куни қўлдан кетади).
- Сув бир хил ҳолатда турмайди. Дунё ҳам худди шундай (шаклини, ҳажмини, тусини ўзгартиради).
- Сувга тушган одам ҳўл бўлмай иложи йўқ. Дунёга аралашган одам ҳам унинг фитнасию офатидан саломат қолмайди.
- 4. Сувнинг етарли миқдори фойдали озуқа бўлади. Кўпи эса ҳалокатга олиб боради, зарар етказади. Дунёнинг ҳам кифоя қиладиган даражадагиси фойдали. Ортиқчаси зиён келтиради[4].
Маҳмуд Замахшарий “Ал-Кашшоф” тафсирида айтишича, бу ерда дунё ҳаёти ўзининг гўзаллиги, кейин йўқликка юз тутиши билан ям-яшил ўсимликка қиёсланмоқда. Ўсимлик аввал кўзни қувнатади. Кейин қуриб, шамоллар учириб кетадиган ҳашакка айланади[5].
Каъбатуллоҳ ҳақида айтилган васф нозик дид соҳиблари эътиборини ўзига тортиши шубҳасиз. Аллоҳ таоло шундай деган:
﴿وَإِذْ جَعَلْنَا الْبَيْتَ مَثَابَةً لِلنَّاسِ وَأَمْنًا…﴾
Яъни, “Эсланг, Биз Байтуллоҳни одамлар учун қайта-қайта келадиган макон ва тинч жой қилдик…” (“Бақара” сураси, 125-оят).
Оятда “қайта-қайта келадиган макон” деб ифодаланган бирикма арабий матнда مَثَابَةً сўзи орқали берилган. Мазкур сўз Қуръони каримнинг мўъжизавийлигига, араб тилининг қанчалик бойлигига далолат қилади. Бу калима луғатда “одамлар қайта-қайта келса ҳам тўймайдиган жой” маъносини англатади. Каъбатуллоҳга неча марта келса ҳам, одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келгиси келавериши ҳам шу ояти карима шарофати билан бўлса керак[6].
Маҳмуд Замахшарий оят тафсирида: “Байтуллоҳ ҳожилар ва умра қилувчилар учун қайтиш жойи қилиб қўйилган. Улар Аллоҳнинг Уйини тарк этадилар. Кейин уни зиёрат қилганлар ёки шу кабилар яна қайтиб келишни исташади[7].
“Бақара” сурасида оилавий муносабат, жумладан, эр-хотин муомаласи ҳақида сўз боргач, шундай дейилган:
﴿…هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ…﴾
Яъни, “… Улар сиз учун либосдирлар. Сиз улар учун либосдирсиз…” (“Бақара” сураси, 187-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада эр-хотинни либосга ўхшатган. Либоснинг хусусияти ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритсак, эр-хотин бежизга либосга ташбеҳ қилмаганини англаб етамиз.
Муфассир уламолар эр-хотинни бир-бирига нисбатан либосга ўхшаш жиҳатларидан баъзиларини келтиришган:
- Либоснинг хусусиятларидан бири сатр, яъни беркитишдир.
Либос инсон баданидаги камчиликларни яширганидек эр-хотин бир-биридаги айб-нуқсонларни яширади.
- Либоснинг хусусиятларидан яна бири ҳимоя қилишдир. Кийим инсонни ёзнинг иссиғидан, қишнинг совуғидан сақлаганидек эр-хотин бир-бирини фаҳшдан, гуноҳ ишлардан сақлайди[8].
- Либоснинг ҳусусиятларидан яна бири тўлдириш, мукаммалаштиришдир.
Инсон кийимсиз бўлганида ўзини ноқулай ҳис қилади. Либос кийган пайтда ўша камчилик бартараф этилади, ноқулайликдан қутулади.
Эркак аёлисиз кемтик, шунингдек, аёл ҳам эрисиз ноқисдир. Улар турмуш қурсалар ўша нуқсон ўрни тўлади.
- Либоснинг хусусиятларидан яна бири чиройли қилиш, зийнатлашдир.
Кийим нафақат инсон авратини беркитади, балки уни кўркам қилади. Оқиллар наздида инсон кийимсиз беўхшов, хунук ҳолда бўлади. Худди кийим инсонга кўрк бўлганидек эр-хотин ҳам бир-бирига зийнат бағишлайди.
- Либоснинг хусусиятларидан яна бири ёпишиб туришдир.
Либос инсоннинг танасига шу қадар яқинки, у доим баданга тегиб туради. У танага ёпишган бўлиб, кийим билан бадан орасини ҳеч нарса нарса ажратмайди. Эр-хотин бир-бирига худди кийим танага яқин бўлганидек яқиндир[9].
Мақола сўнггида Қуръоннинг илоҳий Калом эканига далолат қилувчи яна бир мисол келтиришни лозим топдик:
﴿وَأَوْحَيْنَا إِلَى أُمِّ مُوسَى أَنْ أَرْضِعِيهِ فَإِذَا خِفْتِ عَلَيْهِ فَأَلْقِيهِ فِي الْيَمِّ وَلاَ تَخَافِي وَلاَ تَحْزَنِي إِنَّا رَادُّوهُ إِلَيْكِ وَجَاعِلُوهُ مِنَ الْمُرْسَلِينَ﴾
Яъни, “Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: “Уни эмизавер. Қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташла ва қўрқма, қайғурма. Зеро, Биз уни сенга (яна тирик ҳолида) қайтарувчимиз, уни пайғамбарлардан қилувчимиз” (“Қасас” сураси, 7-оят).
Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Зеро, Аллоҳ таоло биргина оятда:
Икки буйруқ – “эмизавер” ва “дарёга ташла”;
Икки қайтариқ – “қўрқма” ва “қайғурма”;
Икки башорат – “уни сенга қайтарувчимиз” ва “уни пайғамбарлардан қилувчимиз” жуфтликларини ишлатган[10].
Хулоса қиладиган бўлсак, Қуръон ўта юксак даражадаги балоғатли Каломдир. Ундаги ҳар бир сўз нозик маъноларга эга. Бир сўз ўрнини бошқаси билан алмаштириш имкони йўқ. Акс ҳолда оят мазмуни бузилади. Шунингдек, Қуръонда ажойиб ўхшатишлар кишини лол қолдиради. Қуръоннинг баёний мўъжизаси ҳақида мулоҳаза юритган киши бу Китоб инсон фарзанди сўзи эмаслигига амин бўлади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати