Барчамизга маълумки, Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-кунида нишонланади. Бу кунда иқтисодий маблағи ўзига этарли бўлган инсонлар Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукроналик тариқасида чорва молларидан қурбонлик қиладилар. Аллоҳ таоло йўлида қурбонлик қилиб унга қурбат ҳосил қилиш динимиз буюрган энг фазилатли амаллардан ҳисобланади. Ўша кунда барча мусулмонларнинг қалби қувончга, завқ-шавққа тўла бўлади. Мўмин мусулмонлар яқин қариндошлар, ёрдамга мухтожлар ҳолидан хабар оладилар. Бу байрам кунларида бир-бирлари билан аразлашиб юрган инсонлар яраштирилиб, гина-адоватлар унутилади. Қурбон ҳайити хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, инсонлар орасида меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади.
Қурбонлик Аллоҳ таолога У Зот ато этган ҳисобсиз неъматлари учун шукр қилишнинг бир кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилмайди”. (Аллоҳ таоло учун сўйилган) жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ҳали ерга тўкилмасдан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади (яъни ҳали унинг қони ерга тушмасдан бу амалнинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади, валлоҳу аълам).
Аллоҳ таоло ўзининг чексиз фазлу-карами меҳрибончилиги сабабли биз гуноҳкор бандаларни ўзига яқин бўлиш учун бу дунёда турли йўлларни кўрсатиб қўйган зотдир. Ҳатто турли восита ва василаларни ишга солган ҳолда Ўзига қурбат ҳосил қилишга чақиради. Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлларини истангиз!” (Моида сураси, 35-оят). Ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ўзидан қўрқишга, тақволи бўлишга ҳамда ўзига яқин бўлишга чақирган. Оятдаги “Унга яқин бўлиш йўллари” “васила” сўзи билан ифода қилинган. Бу дунёда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига яқинлаштирадиган, жаннатга киритадиган турли йўл ва василаларни кўпайтириб қўйган. Ҳар бир инсон ўз имконияти доирасида ўзини Аллоҳ розилигига олиб борадиган мазкур ишларни амалга оширишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аввало иймон келтиришлиги, намоз ўқишлиги, рўза тутишлиги, закот беришлиги, қодир бўлса ҳаж амалини адо этишга ҳаракат қилишлик фарз ҳисобланади. Бундан ташқари, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган амаллар, ота-онага яхшилик қилиш, қийинчиликларга сабр қилиб тоатда бардавом бўлиш, Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилишли, Аллоҳ таолога қилган гуноҳларига истиғфор айтиш, одамларга эзгулик улаши, хайр-садақотлар, маҳзун дилларга шодлик олиб кириш ва шуларнинг қаторида Аллоҳ ризоси учун жонлиқ сўйиш ҳам чиройли амаллардан ҳисобланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва У киши орқали бутун мусулмон умматини шу ишга буюрган: “Бас, Раббинг учун намоз Ўқи ва жонлиқ сўй!” (Кавсар сураси, 2-оят). Машҳур тобиъийнлардан Қатода, Ато ва Икрима раҳматуллоҳи алайҳимлар оятдаги “намоз ўқи” иборасини “ҳайит намозини ўқи” дея изоҳлаганлар. Жонлиқдан мурод эса, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар. Шунга кўра, ҳожилар ва бошқа қурбонлик қилувчилар ҳайит намози ўқилгандан сўнг жонлиқларини сўядилар.
Қурбон байрами кунлари мусулмонлар риоя этиши керак бўлган алоҳида одоблар бор:
- Бу байрам кунлари рўза тутмаслик: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрамимиздир. Бу кунлар еб-ичиш кунларидир” деганлар. Шу кунларда мусулмонлар хурсандчилик қилиб, савоб амалларни, хайр-эҳсонларни купроқ қилиши лозим.
- Қурбон ийдида ҳеч нарса емасдан намозга чиқиб, то ҳайит намози адо этилгунча таом эмаслик: Ўша кунда ҳар ким ўзи қиладиган қурбонликнинг гўштидан еса яхши бўлади. Бу ҳақда шундай хабар ворид бўлган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар”. (Термизий ривояти).
- Йўлда овоз чиқариб такбир айтиб борилади: Ўша кунда мусулмонлар масжидга етиб боргунча босиб ўтиладиган йўлда овоз чиқариб такбир айтиб борилади. Зеро, икки ийдда такбири ташриқ айтишлик суннати муаккададир. Аллоҳ таоло: “Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилинг” деб марҳамат қилди. (Бақара сураси 203 оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳни саноқли кунларда эсланг” дегани, “Ташриқ кунларида фарз намозларидан сўнг “Аллоҳу акбар”, “Аллоҳу акбар” деб такбир айтинг деганидир”. Бу такбирни айтиш Арафа кунининг бомдодидан бошлаб, ийднинг аср вақтигача мустаҳабдир.
- Ийд куни бир йўл билан бориб, иккинчи йўл билан қайтиш, мисвок қилиш, хушбўйлик суртиш, ғусл қилиш, икки ийд кечаларини ибодат билан ўтказиш ҳамда бева-бечора ва камбағаллардан хабар олиш ҳам суннат амаллардан ҳисобланади.
- Аллоҳ розилиги йўлида энг яхши нарсани қурбон қилиш инсон қалбига ўзгача ҳузур-ҳаловат бахш этади. Бу амални холис Аллоҳ учун қилган инсоннинг қалби бироз бўлсада таскин топади Аллоҳга бўлган яқинликни чин қалбидан ҳис этади. Зеро динимизда бундай хайрли амаллар Аллоҳни улуғлаш демакдир. Аллоҳ таоло: “(Иш) шудир! Кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар (ҳурматлар) экан, бас, албатта, бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят). Демак, қурбонлик қилиш орқали инсон қалбидаги тақвоси янада қувватлироқ бўлар экан.
- Инсон холис ният ила қилган қурбонлиги сабабли тақвоси қувватланади. Аллоҳ таоло айтади: “Унинг (қурбонликнинг) на гўшти ва на қони Аллоҳга етиб борур! Балки (шу иш орқали) сизлардан пайдо бўлган тақвогина Унга етур” (Ҳаж сураси, 37-оят). Демак, бизни қилган қурбонлигимиз гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳга етиб бормас экан. Чунки Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан бехожат бўлган зотдир. Бизлардан қилинган қурбонлик амали холис Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўладиган бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бани башарга санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беадад неъматлар ато этди. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло: “Агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта азобим шиддатлидир”. (Иброҳим сураси 7-оят). Муқаддас динимизда мўъмин-мусулмонлар ўзларига берилган неъматларни шукрини адо қилиб ва ношукрлик қилмасликка чақирган. Буларнинг бари шукр қилишни вожиб қилувчи буюк неъматлардир. Қурбонлик ана шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзининг суюкли бандалари қаторидан қилсин!