Home / ҲАДИС / 12-боб. Мушрик ота учун истиғфор айтмаслик ҳақида

12-боб. Мушрик ота учун истиғфор айтмаслик ҳақида

٢٣ – حدثنا إسحاق قال: أخبرنا على بن حسين قال: حدثني أبى عن يزيد النحوي عن عكرمة عن بن عباس: في قوله عز و جل: ﴿إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ (الإسراء، ٢٣) إلى قوله ﴿كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا (الإسراء، ٢٤) فنسختها الآية التي في براءة ﴿مَا كَانَ لِلنَّبِيِّ وَالَّذِينَ آمَنُوا أَنْ يَسْتَغْفِرُوا لِلْمُشْرِكِينَ وَلَوْ كَانُوا أُولِي قُرْبَى مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُمْ أَصْحَابُ الْجَحِيمِ. (التوبة، ۱۱٣).

  1. Бизга Исҳоқ ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Али ибн Ҳусайн хабар берди, – деди. У: Менга Отам Язид ан-Наҳвийдан у Икримадан у эса Ибн Аббосдан ҳадис айтди, – деди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Аллоҳ азза ва жалланинг: “Агар уларнинг бирлари ёки ҳар икковлари (ота-онангиз) ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга ““уфф”[1]… дема” (Исро, 23)дан, “…мени (улар) кичиклигимда тарбия қилганларидек” (Исро, 24)гача бўлган ояти, “Бароат” “(Тавба)” сурасидаги “Набий ва мўминлар мушриклар учун, дўзах аҳли эканлари маълум бўлган мушрикларга, гарчи улар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор (гуноҳларини кечиришни) сўрашлари жоиз эмас”, деган (Тавба, 113) оят билан насх қилинган”, – деди”.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Абдуллоҳ ибн Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони каримдаги муҳкам ва муташобиҳ оятлар ҳамда носих ва мансух оятларни жуда яхши ўзлаштирган саҳобий бўлганлар. Шунингдек, умматнинг фақиҳи, буюк муфассир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шариат борасида ўзларидан масала сўраб келганларга Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қилиб жавоб берар эдилар. Ана шундай кунларнинг бири ҳақида Икрима ибн Абу Жаҳлдан (ваф. 636 й.) Абдуллоҳ ибн Аббоснинг Қуръони каримнинг ота-она ҳақида нозил бўлган Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга уфф дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!(Исро, 23)дан, Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин, деб айт. (Исро, 24)гача бўлган оятларини тафсир қилишлари ривоят қилинмоқда.

Абдуллоҳ ибн Аббос Исро сурасининг 23-24-оятлари Бароат (Тавба) сурасининг 113-ояти билан мансух бўлганлигини маълум қиладилар.

Аммо, Бароат (Тавба) сурасининг мазкур “Набий ва мўминлар мушриклар учун, дўзах аҳли эканлари маълум бўлган мушрикларга, гарчи улар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор (гуноҳларини кечиришни) сўрашлари жоиз эмас, деган оятининг зоҳирий маъносига қарайдиган бўлсак, унда ота-она хизматидан эмас, балки мушрик ва кофир қариндошлар ҳаққига мағфират сўраб дуо қилишдан қайтарилмоқда. Шунингдек, Бароат сурасининг бу оятида “дўзах аҳли эканлари маълум бўлган мушрикларга, гарчи улар яқин қариндошлари бўлса ҳам,” деб “қариндошлар” сўзи умумий ҳолатда келтирилиб, уларни дўзах аҳли эканлиги маълум бўлиши шарт қилинган. Исро сурасининг 23-24-оятларида эса ота-она хизмати ва улар ҳаққига дуо қилиш аниқ иборалар билан “ота-онажумлалари билан алоҳида ажратилган ҳолда келтирилган ва бу билан ота-она хизмати ҳам ибодат даражасига кўтарилган. Шу сабабли Исро сурасининг 23-24-оятларида муайян қилиб келтирилган шахс – ота-оналар ибораси Бароат (Тавба) сурасининг 113-оятида умумий ҳолда келтирилган “яқин қариндошлар” жумласи остига дохил бўлолмайди. Аммо, ота-онанинг динсизлиги ўз оғизлари билан Аллоҳ ва расулини инкор қилган ҳолатда ҳеч бир истисноларсиз равшан бўлиб, бошқа мушрик қариндошлар қатори дўзахий эканлиги аниқ бўлса, ундай ота-онанинг ҳақларига Аллоҳ таолодан фақат мағфират сўраш мумкин эмас. Шу ҳолатларида ҳам хизматларида фарзандлар камарбаста бўлиб тураверадилар.  

Шундай бўлсада, уларнинг бу ҳолати ҳам фарзанд зиммасидан ота-она хизмати ҳамда уларнинг ҳаққига дунё яхшиликларини сўраб дуо қилишни соқит қилмайди. Аллоҳу аълам бис-савоб (Тўғрисини Аллоҳ билгувчироқдир).

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Саҳобийнинг сўзлари ҳам баъзан ҳадис деб юритилиши, чунки саҳобалар шариат бобида оят ва ҳадисга эътимод қилган ҳолда сўз айтадилар.
  2. Ота-оналарга мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъий назар уларга хуштавозеъли бўлиш ва уларга овозни баландлатиш у ёқда турсин ҳатто “уф” деган сўзни ҳам айтмаслик.
  3. Агар ота-она мусулмон бўлсалар, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиш ва мағфират сўраб дуолар қилишнинг шартлиги.
  4. Агар ота-она ҳаёт ҳолларида мушрик ва кофир бўлсалар, улар ҳаққига Аллоҳ таолодан икки дунё яхшиликларини сўраб дуо қилиш мумкин эканлиги.
  5. Агар ота-она мушрик ва кофирлиги аниқ бўлса, Тавба сурасининг 113-оятига мувофиқ уларнинг ҳаққига истиғфор сўрашнинг мумкин эмаслиги.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қобилов Нодир
[1] Уфф – жеркиш, сендан безор бўлдим, деган маънода.

Check Also

БАРАКА КАТТАЛАРИМИЗ БИЛАН БИРГАДИР

(Бир ҳадис шарҳи) Эзгуликка иштиёқманд бўлиш ва саъй-ҳаракат қилиш яхши хислатлардан ҳисобланади. Хайру баракага эришиш …